11:30 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

АҚШ Ўзбекистон билан прогрессив диалог олиб боришга умид қилмоқда

28.03.2008 12:35 msk

Умар Шарифов

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Ричард Норланд 27 март куни ўзбекистонлик ва чет эллик журналистлар билан бўлиб ўтган учрашув давомида АҚШнинг расмий Тошкент билан муносабатлари ҳақидаги баъзи бир тушунчаларига изоҳ берди. Аввалига сўзни немисларнинг Термиз орқали Афғонистонга олиб борувчи “ҳаво кўприги”дан фойдаланиш масаласидан бошлаб, у инвестициялар ҳамда “Ўзбекистон ҳукуматини диалогга жалб этилиши прогрессга олиб келиши мумкинлиги”га ишончи комил экани каби маъносиз иборалар билан тугатди.

Посол США в Узбекистане Ричард Норланд (в центре)
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Ричард Норланд (ўртада). 2008 йил 27 март куни журналистлар билан учрашув.

- Айни пайтда АҚШнинг Ўзбекистонда ҳарбий базалари йўқ ва АҚШ Ўзбекистондан ҳарбий база сўраб мурожаат ҳам қилмаган, - дея билдирди жаноб Норланд. – Бу масала адмирал Фэллоннинг шу йил январь ойида Тошкентга ташрифи давомида ҳам кун тартибига қўйилмаган. Бу масала айни пайтда АҚШ раҳбарияти олдида ҳам турмаяпти. Афғонистонда вазиятни барқарорлаштириш бўйича БМТ мандатига эга бўлган НАТО ёки ISAF (Афғонистонда хавфсизликка кўмаклашувчи халқаро кучларига) қошига юборилган америкаликларнинг алоҳида гуруҳи Афғонистонга бориш учун ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқиш шарти билан Термиздаги ҳаво базасидан фойдаланиши мумкин. Ўзбекистон 2008 йил 31 январидан бошлаб НАТО ёки ISAF миссиясига командировка қилинган америкалик хизматчиларга ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқиш шарти билан транзитга рухсат бериши мумкин.

Кўриб турганимиздек, гап Ричард Норланд ўтган учрашув давомида сўзлаб берган немис генералининг Афғонистонга Дубай орқали бориши ноқулай бўлган битта америкалик сиёсий маслаҳатчиси устида эмас, балки “ҳар бир ҳолатнинг алоҳида кўриб чиқиш” шарти билан бўлса-да, кўпчилик америкаликлар борасида кетмоқда.

Шундан сўнг элчи АҚШ билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига ва икки мамлакатнинг ўзаро яқинлашувига имконият яратувчи “инсон ҳуқуқлари соҳасидаги прогресс” мавзусига ўтди.

- Инсон ҳуқуқларини илгари суриш Ўзбекистон билан кўп томонлама сиёсатимизнинг энг муҳим унсурларидан бўлиб қолмоқда, - деди америкалик дипломат. – 2008 йил январь ойидан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни яхшилаш борасида унчалик катта бўлмаган, аммо муҳим қадамларни амалга оширганини, хусусан, сиёсий маҳбусларни озодликка чиқарганини (бештасини – “Фарғона.Ру”) кўрдик. Бу ерда Халқаро Қизил Ҳоч Қўмитасига жазони ўташ жойларига кириб маҳбусларни кўришга қайтадан ижозат берилишини қайд этиш жоиз. Биз Ўзбекистон ҳукуматининг бу қадамидан руҳландик ва инсон ҳуқуқлари борасидаги масалаларни ҳал қилишда қўшимча чоралар кўришга ундамоқдамиз. Биз Ўзбекистон ҳукуматини икки томонлама кун тартибида белгиланган ва шу жумладан, ҳудудий хавфсизлик, савдо ва инвестициялар, маданий алоқалар ҳамда инсон ҳуқуқларини ўз ичига олган кенг доирадаги масалаларни муҳокама қилишга жалб қилиниши жуда муҳимлигига ишончимиз комил. Ўз-ўзини изоляция қилишга чақиришдан фарқли ўлароқ, айни пайтда, биз халқаро қизиқиш ва Ўзбекистон расмийлари билан ўзаро ҳамкорлик ижобий қадамларга олиб келишининг исботини кўрмоқдамиз.

Шундан сўнг АҚШ элчиси Тошкент билан музокара олиб бориш учун бугун кечқурун Ўзбекистонга уч кунлик ташриф билан АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Памела Спратленнинг келаётганини маълум қилди. Ҳозирча Ўзбекистон томони билан муҳокама қилинадиган масалалар дастурига аниқлик киритилмоқда, аммо гап оддий нарсалар тўғрисида, яъни, ҳудудий хавфсизлик, Афғонистон, савдо ва инвестициялар, маданий алоқалар, инсон ҳуқуқлари, гуманитар соҳада ҳамкорлик ҳақида кетмоқда.

Америкалик элчи Ўзбекистонга ACCELS ва IREX каби ташкилотларнинг қайтишига умид билдирди, ва “менимча шу борада гап кетмоқда” деб қўшиб қўйди.

Журналистлардан кимдир Ўзбекистон иқтисодиётига америка инвестицияларини киритиш имконияти ҳақида сўради.

- Инвестициялар жуда муҳим, - дея изоҳ берди жаноб Норланд. – Мамлакат иқтисодиёти етакчи куч бўлиб қолиши учун чет эл инвестицияларини жалб этиш зарур. Америкалик инвесторлар иқтисодий фойда берадиган ҳудудларни қидирмоқдалар. General Motors Ўзбекистонда бизнес олиб боришга қарор қилгани бу мамлакатда даромад олишга катта имконият борлигидан дарак беради. Америкалик ширкатлар Ўзбекистонда инвестиция соҳасида тўсиқлар борлигидан хурсанд эмас. Бу муаммо энг аввало валюта конвертациясига тааллуқли. Аммо General Motors ширкатининг Ўзбекистонга келгани, бу соҳада ҳам прогресс борлигидан дарак беради. Мен General Motors ширкатининг бу ерда олиб борадиган бизнеси муваффақиятли бўлиши ва бу ширкат кетидан Ўзбекистонга бошқа америкалик инвесторлар кириб келишига умид қиламан.

Сўзининг охирида элчи АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида диалог бўлишининг афзаллиги ҳақидаги фикрини билдирди:

- Муносабатларимиз яхшиланмоқда, прогресс зарур бўлган баъзи бир ҳолатлар бор, лекин Ўзбекистон ҳукуматини жалб этиш ва диалог орқали яхшиланиш ва ривожланишга эришишимиз мумкин.

Омар Шарифов



 

Реклама