23:14 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон халқ инқилобининг уч йиллигини нишонламоқда

24.03.2008 17:41 msk

Ўз ахб. (Бишкек)

Бугун, 24 март куни Қирғизистон халқ инқилобининг уч йиллигини нишонламоқда. Роппа-роса уч йил аввал бутун мамлакат бўйлаб ўтган оммавий халқ қўзғолонлари натижасида Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Ақаев мамлакатни тарк этди ва ҳокимиятни мухолифатга топширди. Президентлик лавозими 2005 йил мухолифатининг етакчиси Қурманбек Бакиевга ишониб топширилди.

Бугун бутун мамлакат бўйлаб дам олиш куни дея эълон қилинган. Бу йилдан бошлаб эса бу кун қонун билан байрам куни дея белгиланган. Оммавий халқ сайиллари Қирғизистоннинг барча ҳудудларида ўтмоқда.

Президент Бакиевнинг юрти – Жалолобод вилоятида маҳаллий ҳокимият саҳналашган томоша ва халқ инқилоби ёдгорлиги пойига гул қўйиш маросимини уюштирди. Шундан кейин барча истаганларга шаҳарнинг марказий майдонида бўлиб ўтган байрам концертида ёки спорт мусобақаларида иштирок этиш имконияти берилди.

Ўшда байрам унчалик катта тантана билан ўтказилмади: бу ерда шаҳар маъмурияти махсус саҳна томошаларини уюштиргани йўқ, аҳоли ўз ҳолича сайил қилиб юрибди. Вилоят губернатори ва Ўш шаҳар мэри номидан байрам табриклари бўлмагани 2005 йил воқеалари иштирокчиларининг норозилигини уйғотди.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда ҳам давлат раҳбарлари иштирокида байрам тадбирлари ўтмоқда. Аммо, мамлакатнинг “бош инқилобчиси” Қурманбек Бакиев бу йилги байрам тадбирларида иштирок этаётгани йўқ. У ҳозир қисқа муддатли таътилга чиқиб Германияга кетган. Баъзи маълумотларга кўра, Қурманбек Бакиев у ерда даволаниш муолажаларини ўтамоқда. Аммо президент маъмурияти бу маълумотни расман тасдиқлагани йўқ.

Инқилоб куни арафасида бутун мамлакат бўйлаб президент Германияда қаттиқ дардга чалинди деган миш-мишлар тарқалди. Кеча президент матбуот хизматининг раҳбари Дўсали Эсеналиев “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига президент 28 март куни мамлакатга қайтаётгани ва ўша куниёқ ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишини ўтказишини маълум қилди.

Шу бугун Бишкекнинг марказий майдонида парламент раиси Адахан Мадумаров ўзининг нутқида Қирғизистон халқига президентнинг инқилоб байрами табригини етказди ва бугун эрталаб давлат раҳбари билан сўзлашганини маълум қилди.

Беш кундан кейин, 29 март куни Бишкекда Қурманбек Бакиевни ҳокимият тахтига ўтқазиб қўйган 2005 йил март инқилобининг асосий “ўйинчилари” иштирокида бутунлай байрамга ҳос бўлмаган тадбир бўлиб ўтади. Амалдаги президентнинг собиқ сафдошлари бугун унинг рақибига айланиб қолганлар ва мамлакат бораётган йўлдан ва давлат раҳбарининг сиёсатидан норозиликларини ифода этмоқдалар. Бакиевнинг собиқ сафдошлари амалдаги ҳокимият 2005 йил март шиорларига хилоф равишда, қарама-қарши томонга бурилиб кетганини билдирмоқдалар. Улар ҳатто Қурманбек Бакиевга муқобил президентнинг номини ёки келгуси президент сайловларида мухолифатдан кўрсатиладиган номзодни эълон қилмоқчилар.