23:15 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Лўлилар милициянинг ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши қуролига айланди

22.03.2008 18:52 msk

Олег Байрамов

Ўзбекистон расмийлари норозилик намойишлари иштирокчиларига қарши курашнинг янги, оригинал усуллари билан қуролланмоқдалар. Ҳозир улар ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши лўлиларни гиж-гижлаш ёрдамида анчагина муваффақиятларга эришдилар. Ҳозиргача бу услубни икки марта қўлладилар, аммо лўлиларнинг интизомсизлиги ва масъулиятсизлиги важидан ҳозирча бу услубнинг самарадорлиги борасида бир нарса дейиш қийин.

Илк бор бу услубни ўтган ҳафтада қўлладилар. Ўшанда жиззахлик ва самарқандлик фермерлар билан бирга тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячилари Бош прокуратура биноси олдида пикет ўтказишга урингандилар. Саф тортиб плакат кўтариб олган норозилар қаторига лўли аёллари ва ўспиринларидан иборат гуруҳ ёпирилиб ҳужум қилди. Лўлилар плакатларни йиртиб ташладилар, намойишчиларни сумкаларига беркитиб олган оғир нарсалар билан калтакладилар. Натижада пикет иштирокчиларидан иккитаси тиббий ёрдамга муҳтож бўлиб қолди. Ажабланарлиги шундаки, бу пайтда яқин атрофда милиционерларнинг бирортаси ҳам бўлмаган.

- Лўлилар одатдагидек, гуруҳ бўлиб, ўтганлардан садақа сўраб, “бер-бер” дея келаётгандилар, - дейди “Ўзбекистон ҳуқуқни ҳимоя қилиш альянси”нинг фаоли Ахтам Шоймардонов. – Бирданига бизга ташландилар, плакатларни йиртиб, чўнтакларимизга қўл суқа бошладилар. Одатда бизни кузатиб юрган хитлар шу пайтда йўқолиб қолдилар. Уларнинг баъзилари ҳатто олтинчи туғруқхонага қочиб қолдилар. Кейин биз ўша ерга телефон қилгани бордик, уларнинг баъзиларини ўша ерда яшириниб ўтирганларини кўрдик. Лўлилар билан урушиб ўтирмадик, қарасак, уларга жанжал керак экан, нари кетдик.

Фото пикета в Ташкенте
Тошкентдаги пикет фотосурати

Кейинги сафар лўлиларни 20 март куни Бош прокуратура ёнида навбатдаги пикет уюштиришга уриниш пайтида сафарбар қилдилар. Айтиш жоизки, ҳуқуқ ҳимоячилари 18 март куниёқ Тошкент шаҳар ҳокимиятини пикет ўтказиш тўғрисида хабардор қилганлар ва унинг иштирокчилари хавфсизлигини таъминлашни сўрагандилар. Ҳокимият томонидан пикет ўтказишга ҳеч қандай тақиқ бўлгани йўқ. Белгиланган кунда пикет ўтадиган жойда таниш лўлилар гуруҳи акция иштирокчиларини кутиб ўтирган экан. Шунга қарамай, соат 11 да пикетчилар плакатларини ёйиб олдилар.

Аммо, пикет иштирокчиларига ғазабланган лўли аёллари ва ўспиринларнинг яна ҳужум қилгани учун ҳам норозилик акцияси амалга ошмади. Бу сафар улар темир таёқлар ва учи михланган тўқмоқлар билан қуроллангандилар. Тўқнашув давомида лўлилардан бири 75 ёшли пенсионер Раиса Кузьминихнинг сўмкасидан ўн минг сўм пулини суғуриб олди. Қизиғи шундаки, милиция ходимлари тўқнашув пайтида яна сирли равишда ғойиб бўлдилар (яна олтинчи туғуруқхонагами?).

Рақиблари кучлироқ экан, ҳуқуқ ҳимоячилари чекинишга мажбур бўлдилар. Кимнингдир ҳаёлига Бош прокуратура биносини қўриқлаётган навбатчи милиция ходимларига ғазабдан жунбушга келган лўлилардан қутулиш учун милиция чақириш илтимоси билан мурожаат қилиш фикри келиб қолди. Қўриқчи милиционерлар ҳуқуқ ҳимоячиларининг илтимосини ерда қолдирмадилар. Тезда “Отайўл” автобусида пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармасининг 15-20 нафар ходими етиб келди.

Те самые цыгане на месте пикета
Пикет ўтказиладига жойда яна ўша лўлилар

“Ҳуқуқни ҳимоя қилиш альянси” фаоллари яна Бош прокуратура биноси олдида саф тортиб турдилар. Аммо лўлилар яна қайтиб, милиция ходимларининг кўз ўнгида темир калтак ва михли тўқмоқлар билан акция иштирокчиларига ташландилар. Милиция негадир уларга тегмади.

- Биз уларга “Нега уларга индамаяпсизлар?” - дея қичқирдик. Хитлар: “Биз уларни қўлга ола олмаймиз, уларнинг паспорти йўқ, яшаш жойлари аниқ эмас, пропискаси йўқ”, - дея жавоб беришди. Демак, улар Ўзбекистон қонунларига бўйсунмайдиган имтиёзли ирқ эканда. Биз чекинишга мажбур бўлдик, - дея эслайди Ахтам Шоймардонов.

Намойишчиларни ҳайдаган лўлилар зиммаларига юкланган вазифани тўла адо этиш ҳисси билан қониқиб кетдилар. Бу каби кўплаб тўқнашувларда чиниққан ҳуқуқ ҳимоячилари яна бир бор Бош прокуратура биноси олдида тўпландилар. Кўплари сумка ва чўнтакларидан олдиндан тайёрлаб қўйилган қўшимча плакатларни чиқардилар.

Иғвогарона шиорлар кўтариб олган фуқароларнинг кўриниши Бош прокуратура биносидан қандайдир каттароқ мансабни эгаллаган мулозимининг (у ўзини таништиргани йўқ)ташқарига чиқишга мажбур қилди. Ҳолбуки, у лўлилар бино рўпарасида бевошлик қилаётганида ўз хонасида бемалол ўтирганди. У пикет иштирокчиларига нега бундай тўполон бўлаяпти дея бақира кетди. “Биз тўполон кўтарганимиз йўқ, бу лўлиларнинг иши”, - дея жавоб беришди пикетчилар. Аммо бу жавоб бош прокуратура вакилини мутлақо қизиқтирмасди. У овози борича бўрала сўкиниб, милициядан пикет иштирокчиларини бу ердан йўқотишни талаб қила бошлади.

“Уларни олиб кетинг”, - дея буйруқ берди Мирзо Улуғбек тумани ИИБ террорчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи Илёс Мустафоев ва ҳаммани қўполлик билан қўлларини қайириб куч билан автобусга кирита бошлади. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Мустафоев бунда фаол иштирок этиб, Виктория Баженованинг сочини юлиб олган. Кейинчалик, қўлга олинганларнинг кўпида жароҳатлар ва гематомалар қайд этилган.

Қўлга олинган жамоат тартиби “бузувчиларини” Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармасига олиб келдилар ва уларни бу ерда беш соат ушлаб турдилар. Жами ўн киши қўлга олинганди.

- Қандайдир майор қўққисдан бизга бақира кетди: “Биз тинч яшашни истаймиз, йўқолинг Россиянгизга!”, - дея эслайдилар ҳуқуқ ҳимоячилари. Аммо бу майор ўзини таништиришни истамади.

Қўлга олинганларнинг гувоҳлик беришича ўша пайтда ТИИБ биносида бор милиция ходимлари, айниқса форма киймаган террорчиликка қарши бўлим ходимларининг баъзилари уларга нафратларини яширмаган ҳолда муомала қилдилар. “Орқангиздан пойлаб юриш жонга тегди, мен бандитларни ушлашим керак, сизлар эса бизни чалғитаяпсизлар, орқангиздан югуриб юришим тўғри келаяпти”, - деди ғазабини яширмай шундай ходимлардан бири (у одатда норозилик акцияларини кузатиб юради). Кейин у қўшимча қилиб: “Ўзбекистон тинчлиги учун эллик кишини отиб ташлашга ҳам тайёрман”, - деб айтди.

Уларнинг зомбидан фарқи йўқ, бизни душман дея астойидил ишонадилар, - дея таассуротлари билан ўртоқлашади ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири. – Уларнинг ватанпарварлик туйғулари шунчалик...

Ўзларини номини ошкор этмаган баъзи милиционерлар, “Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси”нинг фаоллари Андижонда тинч аҳолига қарата ўқ узишдан бош тортгани учун узоқ муддатларга қамалиб кетган милиция ходимларини нега ҳимоя қилмаяптилар дея қизиқдилар. Ҳуқуқ ҳимоячилари бу иш билан шуғулланишга ваъда бердилар.

Қўлга олинганларнинг баъзилари бетоб бўлиб қолгани учун (уларнинг орасида ёшли катталар ҳам бор эди) ТИИБга “тез ёрдам” чақиришга тўғри келди. Врач Хуршид Умаров қўлга олинганларда турли жароҳатларни қайд этди, аммо узоқ вақт давомида гемотомаларни қайд этишни истамади.

Шундан кейин Мирзо Улуғбек тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғининг ўринбосари Дониёр Файзиев қўлга олинганларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбат ўтказди. У ҳаммани Ўзбекистон Маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кодексининг 41, 180,183, 194, 195, 198, 200 прим., 201, 203 моддаларида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этиш мумкин эмаслиги тўғрисидаги расмий огоҳлантиришга имзо чекишга мажбур қилди. Сўзининг охирида Файзиев икки кишидан кўп бўлган ҳар қандай гуруҳни қўлга олишга ҳақи борлигини, икки кишидан кўп одамнинг тўпланиши ноқонуний гуруҳ саналишини билдирди.

- Демак, бундан кейин икки кишидан пикет ўтказамиз, - дейди Ахтам Шоймардонов. – Албатта биз пикетларимизни давом этамиз, аммо энди бир ёки икки кишидан турамиз, қолганлар кузатиб турадилар. Биз барибир прокуратурадан сайлов кампаниясига баҳо беришларини талаб қиламиз. Улар шу чоққача жавоб бермаганларининг сабаби – ушбу сайлов кампаниясининг нотўғри ва ноқонуний ўтганини тан олишни истамаётганларида.

Ўзимиздан шуни қўшиб қўймоқчимизки, агар бундан кейин ҳам лўлилардан ҳуқуқ ҳимоячиларини ва бошқа норози одамларни ҳайдаб тўзитиш ишида муваффақиятга эришиладиган бўлса, уларни бемалол ИИВ штатига киритиб, уларга мунтазам равишда ҳақ тўлашлари, пенсия ва бошқа тўловларини амалга оширсалар ҳам бўлаверади.