13:43 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Туркия: Бош прокурорнинг даъвоси иқтидордаги партиянинг обрўсини кўтаришга олиб келмоқда

19.03.2008 08:35 msk

Бахтиёр Шоҳназаров (Измир, Туркия)

Барқарор тараққиёт йўлига кирган Туркия узра яна қора булутлар тўпланмоқда. Мамлакат бош прокурори Абдураҳмон Ёлчинқоя иқтидордаги Адолат ва тараққиёт партиясини (АТП) ёпиш тўғрисида Конституциявий судга даъво аризасини юборди. Бош прокурорга кўра, АТП ўз олдига аввал мамлакат бошқарувига ислом тамойилларини киритиш, сўнгра шариат қонунларига асосланган давлат қуришни мақсад қилиб олган. Ёлчинқоя республика улкан хавф олдига келиб қолганини алоҳида таъкидламоқда.

Туркия парламенти томонидан 2008 йил февраль ойида мамлакат олий ўқув юртларида ҳижобни тақиқлашнинг бекор қилувчи қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бош прокурорнинг Конституциявий судга мурожаат қилишига асосий сабаб бўлди.


“Миллият” газетасидаги карикатура.

Тақиқланган шахслар орасида – бош вазир ва президент

Бош прокурор ўзининг даъво аризасида партиянинг етмиш битта аъзосига беш йил давомида сиёсий фаолият билан шуғулланишни тақиқлашни талаб қилмоқда. Рўйхатда парламент депутатлари ва ҳукумат аъзолаи, турли шаҳар ва туман мэрлари, шунингдек, бошқа обрўли шахслар бор. Рўйхатни бош вазир Режеб Тойиб Эрдўғон, парламентнинг собиқ раиси Бюлент Аринж ва мамлакат президенти Абдуллоҳ Гул бошқармоқда.

Рўйхатга киритилган барча АТП аъзолари дунёвий давлат тамойилларига (лаицизм) зид келувчи ибораларни ифода этиш айби қўйилмоқда. Бундай иборалардан бош прокурор бош вазирда олтмиш битта, собиқ парламент раисида ўн олтита, мамлакат президентида эса ўнта санаган. Бош прокурор кунига беш вақт номозини адо этаётган ва диний маросимларга риоя қилувчи “диндор президент” деган иборада ҳам “лаицизмга таҳдид”ни кўрмоқда.

Туркиянинг аксарият сиёсий ташкилотлари партияларнинг ёпилишига қарши. Сўнгги бор сиёсий ташкилотни ёпиш билан боғлиқ катта жанжал 1997 йилда бўлиб ўтган. Ўшанда саккиз ой давомида иқтидордаги “Рефаҳ” партияси ёпилганди.

Бундан ташқари, бош прокурор даъво аризасида АТП асосчилари ўтмишда мазкур сабабларга кўра ёпилган сиёсий партиялар билан алоқада бўлганларини кўрсатиб ўтган. Бош прокурорнинг таъкидлашича, шариатга асосланган давлат қуришнинг иложи бўлмаса унинг тарфдорлари жиҳод эълон қилишга ҳам тайёрлар

Учтадан битта

Бош прокурор даъвоси бўйича Конституциявий суд уч вариантдан битта қарор қабул қилиши мумкин. Биринчиси - АТП ни ёпиш, иккинчиси - партияга давлат томонидан бериладиган молиявий ёрдамни қисқартириш, учинчиси – даъвони рад этиш.

Партияни ёпиш учун Конституциявий суднинг ўн битта аъзосидан еттитаси розилик билдириши керак. Даъво аризасининг матни 17 март куни барча суд аъзоларига тарқатилган. Улар аризани қонун талабига қанчалик мос келишини ўрганиб чиқадилар. Шундан кейин АТП ўз ҳимояси учун бир ой давомида далиллар келтириш имкониятига эга. Партиянинг жавоби бош прокуратурага юборилади. Шундан сўнг Конституциявий суд вакили барча ҳужжатларни тўплаб тегишли ҳисобот тайёрлайди. Бу ҳисобот Конституциявий суднинг мажлисида ўқиб эшиттирилади.

Туркия вазирлар маҳкамаси 17 март куни ўзининг шошилинч йиғилишини ўтказди. Унда иқтидордаги партиянинг ёпилиши муносабати билан ОАВ вакиллари олдида сўзга чиқиш ваколатига эга бўлган шахслар белгиланди. Вазирлар маҳкамасининг бошқа аъзоларига бу мавзуда фикр билдириш қатъий тақиқлаб қўйилди.

Жанжал АТП тарафдорларининг кўпайишига олиб келди

АТПни ёпиш бўйича даъво бутун дунёни тўлқинлантириб юборди. Шарҳловчилар сиёсий партияларнинг ёпилиши демократия тамойилларига зид келиши тўғрисида ягона фикр билдирмоқдалар. Бу борада Швейцария ташқи ишлар вазирининг фикри эътиборга лойиқ: “Бутун дунёда прокурорлар ғалати иш тутадилар, аммо Туркия прокурорининг ғалати қилмиши ҳаммасидан ўтиб кетди. Одамлар диний эътиқоди туфайли жамоатчилик лавозимларини эгаллай олмасалар, бу инсон ҳуқуқларига зид келади”. Туркиянинг ўзида партиялар эмас, айбдорлиги аниқ бўлган шахслар жазоланиши керак, деган фикр устунлик қилмоқда. Баъзилар бош прокурорнинг даъвосида “ташқи кучлар қўли”ни кўрмоқдалар.

Сииртада 15 март куни АТП ёшлар қаноти олдида нутқ сўзлаган Режб Эрдўғон бош прокурор даъвосига кескин эътироз билдирди. Партия ўн олти миллион сайловчининг овозига эга бўлиши натижасида иқтидорга келганини қайд этиб, мамлакат бош вазири ўз ғазабини ифода этди: “Шунча одамларнинг иродасини сезмай бўладими? Демократия шунчалик арзон нарсами?” Шунингдек, у бош прокурорга ишора қилиб Қуръондан оят келтирди: “Уларнинг қулоқлари бор, аммо эшитмайдилар, уларнинг кўзлари бор, аммо кўрмайдилар, уларнинг тиллари бор, аммо улар рост гапира олмайдилар”.

АТП билдиришича, партияга нисбатан қўзғатилган даъво унинг тарафдорлари кўпайишига олиб келди. Кўринишидан, бу чинга ўхшайди. “SHOW-TV” хусуссий телеканали 17 март куни кечқурун телетомошабинлари орасида SMS-сўровини ўтказди ва уларга сайлов бугун бўлиб ўтганида қайси партияга овоз берардингиз деб сўради. Сўров натижаларига кўра, Адолат ва тараққиёт партияси телетомошабинларнинг етмиш фоизини, мухолифатдаги Республика халқ партияси ўн саккиз фоиз, Миллатчилик ҳаракати партияси – олти, Демократик жамият партиясит эса тўрт фоиз овоз олдилар.

Туркиянинг ишбилармон-корчалонлик доиралари партияларнинг ёпилишига қарши чиқмоқдалар. Улар бош прокурорнинг даъвоси мамлакат иқтисодий ривожланишига салбий таъсир кўрсатишидан ташвишланмоқдалар. 17 март куни туркия лирасига нисбатан доллар ва евронинг нархи кўтарилиб кетди, биржалар кўрсаткичлари эса бирданига етти фоизга тушиб кетди.

Иқтидордаги партияга қарши қўзғатилган даъво аризаси бўйича ишнинг натижаси қандай бўлишидан қатъий назар, бу Туркияда жиддий сиёсий оқибатларга олиб келиши мумкин.