08:41 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Боши берк кўча. Ўзбек аёлининг ҳуқуқсизлиги борасидаги ўйлар

19.03.2008 06:10 msk

Муштарий мактуби

“Фарғона.Ру” АА таҳририятига келган навбатдаги мактубда одам савдоси қурбони бўлиб қолган оддий ўзбек қизи тўғрисида ҳикоя қилинади. Бирлашган Араб Амирликларида фоҳиша бўлиб қолишига оз қолган ушбу ҳикоянинг қаҳрамони қочиб уйига қайтишга эришди. Шунга қарамай, уни ватанида жамоатчилик ва юридик жиҳатдан қоралаш кутарди. Ҳар доимгидек, бу воқеаларнинг ҳақиқий айбдорлари жазосиз қолдилар.

* * *

“2000 йилда мен Ўзбекистондаги Сорос жамғармасида ишлаганман. Ҳаммага маълум шароитларга кўра, бошқа мамлакатга кетишимга тўғри келди. Аммо Ўзбекистонда фуқаролик жамияти соҳасида, айниқса аёллар муаммолари соҳасида содир бўлаётган барча воқеалар мен учун жуда қизиқарли бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда менинг ўз шахсий фикрим бор, аммо ушбу мактубда мени боши берк кўчага олиб кирган воқеани сўзлаб бермоқчиман.

Янги йилни эрим билан Бирлашган Араб Амирликларида дам олиб, қайтишда Тошкентдаги қариндошларимизни кўриб кетмоқчи бўлдик. Самолётда ёши йигирмада бўлган қиз билан танишиб қолдим. Унинг жуда ҳафалигини сезмай бўлмасди. У БААга пул ишлагани борганини, аммо унга таклиф қилинган иш бутунлай бошқача бўлиб чиққани ҳақида сўзлаб берди.

Бу ҳақда мен кўп маротаба эшитганман. Шунинг учун ҳам ичимда қарама-қарши икки фикр пайдо бўлди. Биринчиси: ўзинг айбдорсан. Иккинчиси: охир оқибат, нега шундай бўлиб қолди?..

Аммо мени ҳаммасидан ҳам кўпроқ лол қолдирган нарса –кичкина Оққўрғон шаҳарчасида қизнинг бошидан ўтганларини ҳамма билиб қолишидан эмас, ўз отасининг кўзларига қандай журъат билан қарашидан қўрққанида эди. Мен уни, балки ҳеч ким ҳеч нарсани билмас, бу гапларни ким ҳам айтарди, дея юпатишга уриндим.

Аммо уни юпатиш осон бўлмади. У Ўзбекистон консулхонасига мурожаат қилганида ва паспорти йўқлигини маълум қилганида консул анкетани тўлғазишни сўраб, “мамлакатга келиш мақсади” дейилган жойда “фоҳишалик” дея ёзишга мажбур қилганини сўзлаб берди. Консулга ҳали фоҳишалик қилишга улгурмаганини, нима учун олиб келишганини тушунганидан сўнг қочиб кетганини тушунтиришга уринишлар зое кетди. Ўзбекистон консулхонасида унга ҳеч ким қулоқ солиб ҳам ўтирмади.

Мен ундан тафсилотларни сўрай бошладим: сени ўзи у ерга ким олиб келди? У бир зумда ўзгариб, Бирлашган Араб Амирликларига Оққўрғондаги таниқли Малика исмлик аёл олиб келганини, унинг ресторан ва қаҳвахоналари борлигини, шаҳарда уни ҳамма ҳурмат қилишини ва ҳатто прокуратурада ҳам таниш-билишлари борлигини шивирлаб сўзлаб берди.

Шундан сўнг қиз кўзида кўз ёшлари билан қандай таҳқирликларни бошидан кечирганини, буларнинг барчаси ўша Малика исмли аёлга ишонганидан рўй берганини гапирди. Мен унга бу аёлни жазога тортиш мумкинлигини айтдим. Аммо қиз бир зумда ўзгариб, бошқаларга қараганда омади келганини: бор-йўғи икки ой қийналганини, бошқалар эса йиллаб қутила олмаётганини билдирди. Мени ҳайрон қолдирган яна бир нарса: қиз Маликадан паспортини қайтариб бергани учун миннатдор.

Бу қизга тушунтириб беришга уринган нарсаларнинг аксариятини у эшитмаган экан ҳам. Биз Тошкентга яқинлашиб қолдик. Мен унга телефон рақамимни бердим ҳамда бир ой давомида Ўзбекистонда бўлишимни ва у билан қайта учрашсам хурсанд бўлишимни айтдим.

Биз Тошкентга етиб келдик. Чегара назорат масканида қизни ўтказмадилар. Мен сабабини аниқламоқчи бўлгандим, жуда жиддий ходимлар қизнинг “паспортида жиддий қонунбузарликлар” борлигини айтдилар. Биз хайрлашдик, мен унга яна бир бор телефон қилишни эслатдим.

Бу қизни тез-тез эслаб турдим. У менга уч ҳафта ўтганидан кейин телефон қилди. У билан учрашдим ва ўша куни чегарачилар хонасида туни билан ўтириб чиққанини, жуда ҳам совуқ қотганини, фақат эртасига, якшанба куни тушдан кейин уни милицияга олиб кетишганини тўғрисидаги ҳикоясини эшитдим.

Шу ўтиришда у ҳеч нарса емай-ичмаган, хожатхонага чиқиб келишни сўрашдан уялиб ўтираверган. Кейин тушунтириш хати ёзган, аммо бу сафар уни ким БААга олиб борганини ҳеч ким эшитишни истамаган.

Милиционер “унинг нима билан шуғулланганини жуда яхши билишини” айтган ва агар унга ихтиёр берилганида “Ўзбекистонни шарманда қилганлари учун Амиратлардан қайтган ҳамма қизларни камерага олиб кириб заҳарли газ билан ўлдирардим”, дея қўшиб қўйган. Шундан кейин милиционер қизни уч йилгача озодликдан маҳрум этишлари мумкин дея билдирган.

Қиз қочиб кетмаслиги учун уни тери-таносил касалликлари диспансерига олиб бордилар. Бир ҳафта ўтганидан кейин милиционер келиб уни олиб кетган. Қизнинг айтишича, бу сафар у милиционер талаб қилган барча нарсаларни ёзиб беришга, асосийси Маликага тааллуқли барча маълумотларни ўчириб ташлашга рози бўлган.

Шундан кейин суд бўлишини кутган. Шу пайтгача қиз ўз шаҳрига бормаган, дугонасининг уйида яшаган. Ота-онаси бошидан кечирган “саргузаштлар”ни билса нима бўлишини тасаввур ҳам қила олмаган.

У билан хайрлаша туриб, дугонасининг хонадонига қўнғироқ қилишга ваъда қилдим ва унга омад тилаб қолдим. Яқинда ўша қизга телефон қилиб, уни байрам билан табрикламоқчи бўлдим. У жуда хурсанд бўлиб кетди. Суд қандай ўтди, деб сўрадим. Икки йил шартли жазо беришибди, холос. Шунга жуда хурсанд, қамаб қўйишмагани учун Худога шукур қилиб ўтирибди.

Маҳкама жараёнида судья ва унинг ёнида ўтирганларнинг ҳаммаси “осон пул” топмоқчи бўлган қизлардан нафрат қилишларини билдирдилар. Судья кўп маротаба “ўзбек қизининг шаънига доғ тушираётгани” учун ҳамма қизлар Худонинг олдида жавоб беришларини қайта-қайта таъкидларди.

Ҳикоямиз қаҳрамони ҳаммаси тамом бўлгани учун бахтиёр эди. У уйига бориб келди (қўшнилар кўриб қолмасликлари учун кеч тунда), онаси хурсанд бўлди, аммо Тошкентга қайтиб кетиши кераклигини, “Маликанинг қайтгани, шу ердалигида” унинг кўзига кўринмай тургани яхшилиги айтибди.

Ҳамма бахтиёр. Қиз қамалмаганига, она қизининг тирик қолганига хурсанд. Милиционер навбатдаги ишини тамомлаганига, судья бўлса жиноятчини жазога тортганига.

Менинг фикримни эса битта ўй чулғаб олган бўлиб, битта саволга жавоб топа олмасдим: “қизни бу “ишга” КИМ юборгани тўғрисидаги ниҳоят КИМ ва ҚАЧОН унинг гапларини эшитади?”..

Ольга”.