11:31 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Яна бир бор Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари ҳақида. Яна “ширинкулча ва қамчи сиёсатими”?

16.03.2008 17:18 msk

Умар Шарифов

Кузатувчилар АҚШ маъмуриятининг Ўзбекистон расмийларига бузилган муносабатларни қайта тиклашга ва яна дўстлашишга қайта-қайта ишора қилаётгани ҳақида бир неча бор қайд этгандилар.

Бу кўп нарсаларда намоён бўлмоқда. Масалан, бутун дунё бўйича демократия ва инсон ҳуқуқлари учун курашувчи мамлакат Ислом Каримовни Андижон фожеаси давомида ортиқча куч қўллагани ҳамда президент сайловлари деб аталмиш “саҳна томошаси” учун танқид қилмай, аксинча, “ижобий характерга эга бўлган маълум силжишлар” ҳақида фикр юритмоқда.

АҚШ элчихонаси томонидан 13 март куни Тошкентда ўтказилган “Ҳуқуқни қўллаш, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик” Ўзбекистон-Америка форумида бу шамойил айниқса аниқ намоён бўлди. Форум ишида таклиф этилган ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва пойтахтнинг бошқа ижтимоий фаол шахслари иштирок этдилар.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Ричард Норланднинг нутқи, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият 2007 йилда жиддий тарзда ўзгармаганини қайд этиш билан бошланган бўлса ҳам, дипломатиядан йироқ одамлар назарида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида гўёки қандайдир прогресс кузатилаётгани ҳақидаги ғалати ибораларга тўла бўлди.

- Биз Нодавлат ташкилотларининг фаолияти ҳақидаги шубҳаларимизга қарамай, маълум бир нодавлат ташкилотларининг инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва фуқаровий жамият тузишни мониторингини олиб бориш бўйича ўз ишларини бошлаши мумкинлигини кўриб турибмиз, - деди америкалик элчи. – Маълум бир интернет сайтларини блокировка қилмай қўйилди (қайсилигини жаноб Нортон аниқ айтгани йўқ). Маълум ҳуқуқ ҳимоячилари турмалардан озод қилинди.

Шундан кейин АҚШ вакили ижобий ўзгаришларни кўришни умуман истамаётган танқидчиларга ташланди:

- Танқидчилар адолатли равишда каттароқ прогресс бўлиши лозимлигига астойидил ишорат қилмоқдалар, аммо улар бошланаётган прогресснинг намоён бўлишини сезмаяптилар.

Муҳимроғи, улар бундай прогрессга эришиш учун ўзаро ҳамкорликнинг ролини етарли даражада баҳолай олмаётганлар. Шу вақтнинг ўзида, эҳтимол, энг яхши ниятлардан келиб чиққан ҳолда, ташқи сиёсатимизда изоляцияга чақириқлар қулайроқ, аммо ҳуқуқ ҳимоячиларидан ва бу ерда ўтирган бошқа одамлардан уларнинг ташқи дунё билан, шунингдек, ташқи дунёнинг Ўзбекистон билан алоқаларни камайтирмасликни, аксинча кўпайтириш исташини доим эшитиб келамиз.

Улар менга биз яқиндан бери кузатаётган ўзаро прогресс шундай ўзаро ҳамкорликнинг натижаларидан бири деб айтдилар. Мен ҳам ўзаро чуқур ҳамкорлик жиддийроқ прогрессга олиб келади деб ҳисоблайман.

Шу кунларда, АҚШ давлат департаменти томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида 2007 йил натижалари бўйича ҳисоботда Ўзбекистон расмийлари (Россия расмийларидан фарқлий равишда) бирор марта ҳам коррупциялашган деб аталмаган, президент сайловларининг имитациясига эса Ўзбекистондаги бесоқол-бачавозларнинг оғир аҳволига нисбатан ҳам кўпроқ эътибор берилмаган.

Ушбу учрашувда Ричард Норланд америкаликларнинг Хонабоддаги ҳарбий базадан фойдаланиш эҳтимоли ҳақидаги хабарларга АҚШнинг расмий фаразини ошкор этди.

Германия-Термиз-Афғонистон, дея аталувчи ҳаво кўприги мавжуд, - дея тушунтира бошлади дипломат. – Генераллар ҳам бу кўприкдан фойдаланиб туришади. Рамс исмли немис генерали НАТОда ишлайди, унинг сиёсий маслаҳатчиси – америкалик. Олдинлари генерал Афғонистонга Термиз орқали борганида, унинг маслаҳатчиси Дубай орқали боришга мажбур эди. У бу ҳаво кўпригидан фойдалана олмасди. Яқинда биз Ўзбекистон билан генерал маслаҳатчисининг ҳам Афғонистонга Термиз орқали бориш имконияти ҳақида гаплашдик. Шунда Ўзбекистон ҳукумати АҚШ учун эмас НАТО учун ишлаётган америкалик фуқаролар ёки ҳарбийлар балки ушбу кўприкдан вақти-вақти билан фойдаланиши мумкинлигини айтди. Бу Афғонистонга бориш учун қулай. Келинг, Афғонистонда бўлаётган воқеаларни унутмайлик. Бу жуда муҳим. Бу ҳам инсон ҳуқуқлари масаласига киради. Бутун дунё ҳамжамияти Карзай ҳукуматини қўллаши, унинг ҳокимиятини мамлакатда кенгайтириш ва шу билан боғлиқ НАТО орқали қилаётган ишларимиз жуда муҳим. Аммо бу ишларда Ўзбекистон ҳарбий роль ўйнайди деган режаларимиз йўқ.

Шундан сўнг элчи иштирокчилардан Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни сақланиши борасида шарҳ беришларини сўради. Бу нарса мамлакатнинг изоляциясига олиб келадими ёки инсон ҳуқуқлари соҳасида яхшиланишга олиб келадими?

- Менимча санкцияларни бекор қилмасдан уларни янада кучайтириш лозим, - деди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларининг ташаббускор гуруҳи раиси Сурат Икрамов. – расмийлар унутмоқчи бўлган Андижон фожаси учунгина эмас. Европа Иттифоқи ҳам Андижон фожеасини унутмоқчи ва қонли диктатор ҳокимиятига қуллуқ қилмоқчи. Европа Иттифоқи билан АҚШ биргаликда катта куч бўлиб, расмийларимизни кўп нарсаларни қилишга мажбур қилиши мумкин. Бир неча ҳуқуқ ҳимоячиларини қамоқдан чиқариш билан иш битмайди. Бештасини озод қилган бўлса ўнтасини қамади. Учтасини чиқаришди, бу йилда яна нечтасини қамашлари номаълум. Нега диний эътиқоди учун қамалганларни ва ўнлаб сиёсий маҳбусларни унутадилар? Мен ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида бундан ғазабланаман. Ўзбекистон ҳукуматидан барча репрессияларни тўхтатишни талаб қилиш лозим.

- Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган вазият яхши бўлмай ёмонлашди. Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни янада кучайтириш керак, - дея билдирди “Ҳуқуқни ҳимоя қилиш альянси” вакили Елена Урлаева. – Бугун биз бош прокуратура биноси олидида пикет ўтказдик. Бизга расмийлар томонидан ёлланган лўли аёллар ҳужум қилдилар. Пикет иштирокчиларидан иккитаси касалхонага ётқизилди. Расмийлар шундай ишларни қиладилар.

- Олдимизда битта дилемма турибди: санкцияларни сақлаб қолмоқ ва диалогни давом этмоқ, - деди “Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш бўйича тезкор гуруҳ” вакили Шуҳрат Ғаниев. – Бу саволга бир томонлама жавоб бериб бўлмайди менимча. Тарозининг бир палласига беш-олтида одам қўйилди, иккинчи палласига эса расмийларнинг қандайдир шартлари. Шу билан бирга, бизга диалог учун кичкина бўлса ҳам очилган дарчанинг имкониятини инкор этиб бўлмайди.

Ушбу фикрларни эшитган Ричард Норланд форум иштирокчиларига иккита масала бўйича овоз беришни таклиф этди: санкцияларни сақлаб қолиш ва ҳукумат томонидан маълум бир юмшатишлар эвазига санкцияларни бекор қилиш. “Овоз бериш натижаси мен учун жуда муҳим”, дея ишонтирди элчи. Кўпчилик “ширин кулча ва қамчи сиёсати” учун, яъни расмийлар томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида қандайдир юмшатишлар эвазига санкцияларни ҳам юмшатиш учун овоз бердилар. Кўринишидан, америка элчисини бу натижа мутлақо қаноатлантирди. Шу билан у мунозарани тугатиб йиғилганларни қаҳва ва ширинликлар билан меҳмон қила бошлади.

“Катта сиёсат мана шундай қилинади”, - деди таклиф этилганлардан бири доно қиёфада.



 

Реклама