23:23 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Дунё мамлакатларида 2007 йил якунига кўра инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича ҳисобот: Ўзбекистон энг ёмон ўнталик қаторидан ўрин олган

16.03.2008 14:31 msk

Фарғона.Ру

АҚШ давлат департаменти 2008 йил 11 март куни инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича 2007 йил якуни бўйича ҳисоботини эълон қилди. Ушбу ҳужжатга кўра, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида энг ёмон аҳвол қайд этилган ўн мамлакат қаторидан ўрин олган. Ўзбекистондан ташқари рўйхатдан қуйидаги давлатлар ўрин олган: Зимбабве, Эрон, Шимолий Корея, Куба, Бирма (Мьянма), Сурия, Судан, Белоруссия ва Эритрея.

“Фуқароларнинг тинч ва намойиш йўли билан ҳукуматни ўзгартиришга имконияти бўлмаган, - дейилади ҳисоботда. – Хавфсизлик хизматлари ҳибсга олинганлардан иқрорлик ёки фош этувчи маълумот олиш учун мунтазам тарзда қийноқлар қўллаб келган. Бир неча ҳолатда эса ҳуқуқ ҳимоячилари ва режимни танқид остига олган бошқа шахсларни мажбурий равишда руҳий даволаш каби чора қўлланган. Ҳукуматни танқид қилган ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар қувғин қилинган, сохта айбловлар билан ҳибсга олинган, сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинган ва жисмонан зўрланган”.

Ҳисобот муалифларига Ўзбекистон ҳукумати оммавий ахборот воситаларини қатъий назорат остига олгани, режимни танқид қилиш эса жиддий жиноят саналишини қайд этиб ўтганлар. Расмийлар барча нодавлат ташкилотларининг фаолиятини назорат қилишга уринганлар ва 2007 йилда ҳуқуқни ҳимоя қилиш бўйича мамлакатда қолган охирги Хьюман Райтс Вотч ташкилотини амалда мажбуран беркитиб қўйганлар.

Ўзбекистондаги вазиятга бағишланган 64 саҳифали ҳисоботнинг тақдимоти 14 март куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Қуйида ушбу ҳисоботдан парчалар келтирилмоқда.

Инсон ҳуқуқларининг риоя қилиниши

Мамлакат парламенти 29 июль куни ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Бу қонун 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб кучга кирди. Ўтган йили ўлим жазосини қўллангани тўғрисида маълумот йўқ. Аммо ўтган йиллар давомида расмийлар ўлимга маҳкум бўлган шахсларнинг оиласига жазонинг ижро этилгани, қатл этиш санаси ва дафн этилан жойлар ҳақида хабар қилмаганлар. Бу маълумотлар давлат сири саналади, бу эса БМТ томонидан “шавқатсиз ва инсонийликка зид” амалиёт сифатида қораланган.

Милиция ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари мунтазам равишда ҳибсга олинганларни калтаклаб, улардан иқрорлик ёки фош этувчи маълумот олиш учун мунтазам тарзда қийноқлар қўллаб келганлар. Милиция калтаклаганидан ташқари, қамоқхона ва МХХ ходимлари ҳам қийноқнинг шавқатсиз усулларини: бўғиш, электр шоки, сувдан ва овқатдан маҳрум этиш ҳамда жинсий таҳқирлаш каби муомалаларни қўллаганлар. Қийноқ ва шавқатсиз муомалалар қамоқхоналарда, тергов ҳибсхоналарида, милиция бўлимларида ва Миллий хавфсизлик хизматида оддий ҳолга айланиб қолган. Судланувчилар кўпинча уларнинг ишлари бўйича айбловлар қийноқ қўллаш йўли билан олингани ҳақида билдирганлар.

Ҳизбут-таҳрирга аъзоликда айбланган уч кимса Андижон шаҳар турмасида ҳалок бўлган. Милиция Фитрат Салоҳиддинов ва Тоҳир Нурмуҳаммедовнинг жасадини уларнинг оиласига 13 ва 15 ноябрь кунлари келтириб берган. Уларнинг оила аъзолари марҳумларнинг танасида қийноқ излари борлиги ҳақида маълум қилдилар. Номи номаълум бўлган учинчи кимса тахминан 29 ноябрь куни вафот этган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқиниҳимоя қилиш ташкилотининг аъзоси Алишер Кароматов ва Аъзам Фармоновни терговчилар бир ой давомида ташқи дунёдан ҳар қандай алоқасини узиб, 2006 йил июнь ойигача қийноққа солиб келганлар ва суд уларни товламачиликда айбдор деб топиб тўққиз йилга озодликдам маҳрум этган. Аъзам Фармонов Жаслиқ турмасига юборилган биринчи ҳуқуқ ҳимоячиси бўлди. Фармоновнинг оила азоларига кўра, уни турмада ҳам қийнаганлар. У 23 майдан 19 июнгача бир кишилик камерада ўтирган ва тахминларга кўра турма қўриқчилари уни ҳар куни бошига тепкилаганлар. Фармонов 10 октябрда яна бир кишилик камерага ўтказилган. Маълум бўлишича, бешта қўриқчи уни ҳар куни ҳушидан кетгунча калтаклаган.

Расмийлар 13 апрель куни президент Каримовнинг жияни, журналист Жамшид Каримовнинг жиннихонада бўлиш муддатини яна олти ойга чўздилар. Жамшид Каримов врачлар томонидан “соғлом, руҳан тетик ва маълумотли” дея тан олинишига қарамай, 2006 йилнинг сентябрида Самарқанд руҳий беморлар шифохонасига жойлаштирилганди. Касалхонадан маҳфий тарзда чиқарилган макутбда Каримов мажбурий равишда психотроп препаратларини ичиб юргани учун соғлиғининг ёмонлашгани, хотираси йўқолиб бораётгани, фикрини жамлай олиш қобилияти пасайиб бораётгани, кўриш қобилияти қисман йўқолгани ҳақида маълум қилган.

Турмаларда ва тергов ҳибсхоналарида маҳбусларни сақлаш шароити

Турмалардаги шароит саломатлик учун хавфли ва оғир аҳволда эканлиги ҳамда жиддий суистеъмоликлар мавжудлиги ҳақида маълумотлар келиб тушган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ва маҳбуслар қариндошларининг маълумотига кўра, турмаларда сил ва сариқ касаллиги кенг ёйилгани учун у ерда қисқа муддат бўлиш ҳам ҳаёт учун хавфли бўлиб қолди. Озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш кўпинча маҳбусларнинг қариндошлари зиммасига юкланган. Оила аъзоларининг маълум қилишича, маҳбусларга келтирилган озиқ-овқат ва дориларни турма ходимлари ўзбошимчалик билан ўзлаштириб оладилар.

Фуқаровий эркинликлар, шу жумладан, сўз ва матбуот эркинлигига риоя этиш

Журналистларнинг расмийлар томонидан таъқиб этилишига 2005 йил Андижон фожеаси сабаб бўлиб, бир йил давом этди. Милиция, хавфсизлик хизмати ОАВ ходимларини ҳибсга олдилар, сиқувга солдилар, қўрқитдилар, мажбур қилдилар, шунингдек, уларнинг фаолиятига бюрократик чеклашларни киритдилар.

Март ойида прокуратура Немис Тўлқини аентлигининг мухбири Наталья Бушуевага қарши жиноий иш қўзғади. Нохолис суд бўлишидан хавфсираган Бушуева мамлакатни тарк этди.

Апрель ойида ҳукумат Немис Тўлқинининг яна учта ходимини таъқиб этишни бошлади, аммо 4 июнь куни Тошкент прокуратураси уларга нисбатан айбловларни амнистия сабабидан олиб ташлади.

Интернет эркинлиги

Ҳукумат Интернетга йўл очиб қўйганди, аммо Интернет хизмати провайдерлари расмийларнинг талабига биноан вақти-вақти билан номақбул сайтларни блокировка қилиб қўйдилар. Ҳукумат бир неча ахборот веб-сайтларини ҳамда мухолифатдаги сиёсий партиялар томонидан бошқарилаётган сайтларни блокировка қилиб қўйган бўлса ҳам, уларнинг баъзиларини прокси-серверлар орқали очса бўларди.

Каримов 15 январь куни имзолаган ОАВ тўғрисида қонунининг ўзгартирилган таҳрири веб-сайтларни оммавий ахборот воситаларининг бир қисми сифатида талқин этади. Бу дегани, веб-сайтлар барча маҳаллий ва чет эл ОАВ сингари қонунга биноан фаолият юритишлари, расмийлар томонидан рўйхатга олинишлари ва уларга таъсисчилар, бош муҳаррир ва маҳаллий ходимларининг номларни маълум қилишлари лозим. Шунингдек, улар расмийларга нашр этилган материалларнинг нусхасини тақдим этишгга мажбурлар. Маҳаллий журналистларга кўра, ўзгартирилган қонун кучга кирганидан бери провайдерлар мамлакат ҳаётини муҳокама қилувчи блогларни ҳам блокировка қила бошладилар.

Ҳукумат 26 октябрь куни Алишер Соиповни ўлдирилиши ҳақидаги мақолаларни чоп этган сайтларни блокировка қилиб қўйди.

Дин эркинлиги

Конституция ва қонун дин эркинлиги, диннинг давлатдан ажратиб қўйилганини кафолат қилгани билан ҳукумат амалда диний фаолиятни чеклаб қўйган.

Ҳукумат мамлакатдаги масжидларни ва уларнинг имомларини қатъий назоратга олган. Уларнинг жума хутбалари муфтият тасдиғидан ўтиб масжид имомларига тарқатилади.

Рўйхатга олинмаган ташкилот томонидан ўтказилган ҳар қандай ибодат қонунга хилоф саналади. Милиция вақти-вақти билан рўйхатга олинмаган гуруҳларнинг одатда хусусий уйларда ўтказиладиган йиғилишларини тўзитиб турган. Расмийлар баъзан насроний мазҳабларнинг аъзоларини қўлга олиб калтаклаб турган.

Бошқа динга даъват қилиш (прозелитизм) қонунга кўра жиноят саналади. Шунинг учун ҳам баптистлар ва Иегова шоҳидлари аъзоларини судга тортиб, узоқ муддатларга қамалгани қайд этилган.

Диний эътиқоди учун ҳибсга олинган мусулмонларнинг аксарияти аксилконституциявий фаолияти учун ҳамда “диний, экстремистик, бўлгинчилик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларда” иштирок этганлари учун судга тортилдилар. Бу айблов ҳам сиёсий, ҳам диний экстремизмни қамраб олган. Бу айблов билан ҳибсга олинганларнинг аксарияти Ҳизбут-таҳрирга аъзоликда айбланган. Ҳукумат шунингдек бошқа гуруҳ вакилларини ҳам ваҳҳобийликда айблаб ҳибсга олган. Ислом экстремизмида айбланган маҳбусларга қамоқхоналар раҳбарияти ибодатларини бажаришга имконият бермаган, баъзи ҳолларда эса уларга Қуръон китобидан фойдаланишни тақиқлаган. Шунингдек, муассаса ички тартибига ҳам қарамай ибодатларини адо этган маҳбусларга турма раҳбарлари жазо чораларини қўллаганлари ҳақида маълумотлар бор.

Олдинги йиллардан фарқли ўлароқ соқол қўйган, ҳижоб ўраган ёки масжидга қатнагани учун ҳибсга олишлар ёки таъқиблар тўғрисида маълумотлар келиб тушгани йўқ. Қонунга кўра, диний либосларни очиқдан-очиқ кийиш тақиқланган. Кўринишидан, бу низом унчалик риоя қилинмаган.

Ҳаракатланиш эркинлиги

Ҳукумат фуқаролардан чет элга ва муҳожирлик учун чиқиш визаларини олишини талаб қилади. Бу визалар тегишли тартибда берилишига қарамай, маҳалий расмий шахслар кўпинча бунинг учун пора талаб қилиб келганлар.

Март ойидан йил охиригача расмийлар мухолифатдаги Бирлик партиясининг етакчиси, Швецияда истиқомат қилувчи Пўлат Охуновга янги паспорт бермай келган. Охунов Андижонга 45 ёшга тўлиши муносабати билан янги паспорт олиш учун келганди. Маълумотларга кўра, расмийлар ҳеч қандай изоҳ ва тушунтиришларсиз Охуновнинг Швецияга қайтишига тўсқинлик қилмоқдалар.

Май ойида расмийлар Tribune.uz. Интернет сайтининг муҳаррири, журналист Аъло Хўжаевга чиқиш визасини беришдан бош тортдилар. 2006 йилда эса расмийлар бошқа журналист, Алишер Тақсановга чиқиш визасини беришдан бош тортгандилар.

Қочоқлар ҳимояси

Ҳукумат афғон ва тожик қочоқларини иқтисодий муҳожирлар сифатида кўриб, уларни таъқиб қилган. Қочоқлар ўз мақомларини машруълаштириш йўлларини қидирганларида эса расмийлар улардан пора таъма қилганлар. Ҳужжатлари тегишли тартибга эга бўлмаган ҳолатда уларни депортация қилишлари мумкин эди. Афғонистонлик қочоқлардан фарқли ўлароқ тожикистонлик қочоқларнинг аксарияти ўзбек миллатига мансуб бўлганидан маҳаллийлашиб кетгандилар.

Афғон қочоқларини сиқувга олиш 2007 йилда сезиларли даражада кучайди. Февраль ва март ойларида милиция томонидан афғон қочоқларини қўлга олиш ва БМТ Қочоқлар иши бўйича Олий Комиссари бошқармаси томонидан берилган гувоҳномаларини йиртиб ташлашлар тўғрисида ўнлаб маълумотлар келиб тушган.

Сайловлар ва сиёсий иштирок

Ислом Каримов 23 декабрь куни учинчи муддатга қайта сайланди. Сайловлар демократик жараённинг баъзи элементларига эга бўлгани билан халқаро демократик меъёрларга мос келмаган. Конституция бир шахснинг уч маротаба президент бўлиб сайланишини тақиқлагани билан расмийлар бу ҳолатни ошкорасига изоҳлаб берганлари йўқ.

Одам савдоси

Ўзбекистон аёл ва қизларни фоҳишалик билан шуғулланиш ва эркакларни қул қилиб ишлатиш мақсадида амалга оширилаётган қул савдосининг асосий манбасига айланганига анча бўлди. Аёлларни фоҳишалик қилиб ишлатиш учун Бирлашган Араб Амиратлари, Қувайт, Баҳрайн, Ҳиндистон, Исроил, Грузия, Малайзия, Россия, Жанубий Корея, Таиланд, Туркия, Япония ва Ғарбий Европага олиб чиқиб кетилаётгани ҳақида ишончли маълумотлар бор. Мардикорларни қул қилиб сотиш ҳолатлари асосан Қозоғистон ва Россияда содир бўлмоқда.

Мамлакатда талаба ва ўқувчиларни кенг кўламда пахта теримига жалб этиш давом этмоқда. Бу оғир меҳнат учун арзимаган пул тўланади; далаларда яшаш шароити жуда ёмон, болалар далага сепилаётган химикат ва пестицидлар ҳидидан нафас олишларига тўғри келган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларидан мактаб ўқитувчиларига болаларни пахтага олиб чиқишлари учун маҳаллий мансабдорлар босим ўтказганларини, кўплаб мактаблар эса пахта терими пайтида ёпиб қўйилгани ҳақида маълумотлар келиб тушган. Пахта теримига жалб этилган ўқувчиларнинг аксарияти ўн беш ёшдан юқори бўлса ҳам, ҳуқуқ ҳимоячиларидан пахта теримида ўнбир ёшли болаларнинг иштирок этганлари ҳақида маълумотлар бор.

Қонунга кўра, қонунбузарларга нисбатан маъмурий ва ҳатто жиноий санкциялар қўллаш мумкин, аммо расмийлар бу қонунбузарликларга кўз юмиб келмоқда.