03:59 msk, 21 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Йод танқислиги муаммосини ҳал қилувчи дастур ўз ҳолига ташлаб қўйилган

13.03.2008 06:56 msk

Ўз ахб. (Тошкент)

Ўзбекистон аҳолисининг деярли ярми, аниқророқ қилиб айтганда ўн икки миллиондан зиёд фуқаролар йод танқислиги билан боғлиқ касалликлардан азият чекмоқдалар. Уларнинг аксарияти аёллар ва балоғатга етмаган болалар. Республика аҳолисининг учдан бир қисми қалқонсимон без муаммоларига дуч келган. Бу эса эндокрин касалликларини келтириб чиқариши мумкин. Йод танқислиги болаларнинг ақлий ривожланишига тўсқинлик қилувчи ва ҳатто миянинг айнишига олиб келувчи бош омиллардан саналади.

Ушбу микроэлементнинг етишмовчилиги бутун дунё шифокорларини жиддий ташвишга солиб қўйган. Йод танқислиги ҳақиқатдан ҳам глобал муаммолардан бири бўлиб, сайёрамизнинг бир ярим миллард аҳолиси бундан азият чекмоқда. Халқаро экспертлар ва тиббиёт ходимлари бу муаммони ҳал қилишнинг энг яхши йўли - ош тузини йодлаш деган ягона фикрга келдилар.

Ўзбекистонда ош тузини универсал йодлаш кампанияси ўн йил аввал бошланганди. Аввали бошидан бу тадбир БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ ва Осиё тараққиёт банкининг фаол иштироки билан ўтаётганди. Бу ташкилотлар маҳаллий туз ишлаб чиқарувчиларга ош тузини йод билан тўйинтирувчи мослама ва жиҳозларни етказиб берганлар ва ушбу жараёнда қўлланадиган реактив – йодат калийни мунтазам етказиб бериш механизмини йўлга қўйганлар. Халқаро тузилмалар ёрдами билан ош тузининг стандартлари ишлаб чиқилган, ишлаб чиқарувчилар эса лаборатория асбоблари билан жиҳозланган, ходимларга эса жараён сифатининг мониторинги ўргатилган.

Ушбу муаммонинг бутун жамият учун улкан аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, мамлакат парламенти “Ош тузини йодлаш тўғрисида” махсус қонунини қабул қилган. Бу қонун мамлакат президенти томонидан 2007 йил 3 май куни имзоланган. Ўшандан бери деярли бир йил ўтди.

Ўшандан бери республикада йод танқислиги ва ош тузини йодлаш билан боғлиқ аҳвол ўзгардими? Бу масалалар Олий Мажлис депутатлари, ЮНИСЕФ ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси ходимлари, тиббиёт мутахассислари, санитария-эпидемиологик станцияллар ходимлари ва туз ишлаб чиқарувчилар иштирок этган семинар давомида муҳокама этилди.

Учрашувда йодланган ош тузи ишлаб чиқаришнинг аҳволи таҳлил этилди. Аҳвол кишини қувонтирадиган даражада эмас экан. Қонунчилик палатасининг депутати, тиббиёт фанлари доктори Зуҳра Ботированинг маълум қилишича, у семинардан бирмунча вақт илгари Бухоро вилоятига бориб сайловчилар билан учрашган. У сафари давомида ўзи билан бирга ош тузи таркибида йод миқдорини ўлчайдиган асбоб олиб юрган. Вилоятнинг икки туманида депутат ўндан зиёд озиқ-овқат дўконларини айланган ва уларнинг бирортасида ҳам йодланган ош тузини учратмаган. Семинарда қайд этилишича, республикада ишлаб чиқарилаётган ош тузининг эллик фоиздан камроқ бўлган миқдори йодланади, холос.

“Ош тузи сифатини назорат қилиб турасизларми? Йод танқислиги билан боғлиқ касалликларнинг профилактикаси тўғрисидаги қонун ижросини мониторингини ўтказасизларми?” Ҳудди шундай савол билан Зуҳра Ботирова республика санитария эпидемиология станциялари ходимларига мурожаат қилди. Шифокорларнинг жавобларидан бу каби ишлар мунтазам тарзда ва тегишли тартибда олиб борилмаётгани маълум бўлди.

Семинарда қайд этилишича, Ўзбекистонда айни пайтда 81 та туз ишлаб чиқарувчи рўйхатга олинган. Бу иш билан авваллари турли соҳаларда ишлаган одамлар шуғулланмоқдалар. Уларда тажриба ва тегишли билимлар етишмайди. Шунинг учун ҳам Туз ишлаб чиқарувчилари миллий уюшмаси олдига ўқув машғулотлари курсларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Яна бир муаммо – туз ишлаб чиқарувчиларни йодат калий билан таъминлаш масаласи бўлиб қолган. Ўзбекистонда бу реактив ишлаб чиқарилмайди. Дастлаб икки маротаба ЮНИСЕФ маблағи эвазига бу реактивнинг катта миқдори Чилидан келтирилганди. 2007 йилда халқаро ташкилот республика идораларига бу масала билан ўзлари шуғулланиши лозимлигини билдирганди. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги бу иш билан шуғулланишни “Ўзмедэкспорт” муассасасига топширган. Муассаса бир йил давомида ушбу масалани ўрганиб чиқиб Украинадаги “Йодобром” билан алоқа ўрнатишга қарор қилган. Украиналикларнинг маҳсулоти сифат ва нарх жиҳатидан ўзбекистонлик буюртмачиларга маъқул келди. Яқин кунларда республика эҳтиёжининг ярмини қоплайдиган уч тонна йодат калий етиб келиши кутилмоқда.

“Биз реактивнинг килосини 22 доллардан сотиб оламиз. Шундай қилиб бу партия учун 66 минг доллар пул сарфланади. ЮНИСЕФ бизга 59 минг доллар ажратган. Қолган маблағни корхонамиз бюджетидан қоплашимизга тўғри келади”, - дея изоҳ бердилар “Ўзмедэкспорт” ходимлари. -“Ташкилотимиз хўжалик ҳисобида эканлигини унутманг. Бизга топшириқ бўлгани туфайли ушбу масала билан шуғулланишга мажбурмиз”.

Давлат шунчалик зарур бўлган реактив сотиб олиш учун маблағ ажратганми, деган саволга салбий жавоб бўлди. Маълум бўлишича, расмийлар халқаро ташкилотларнинг ёрдамига умид қилиб юзага келган вазиятни тузатиш борасида ҳеч нарса қилмаяптилар. Шу пайтда эса туз ишлаб чиқарувчиларнинг аксарияти икки йилдан бери йодат калий реактивини сотиб ола олмаяптилар.



 

Реклама