11:42 msk, 14 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Гулнора Эшонханова: “Адвакатура тўғрисидаги Ўзбекистон қонунларини такомиллаштириш керак”

12.03.2008 19:29 msk

Бахтиёр Шоҳназаров суҳбатлашди. (Истамбу

Фотосуратда - Гулнора Эшонханова.

Ўзбекистонлик бир гуруҳ адвокатлар Истамбулда бўлиб, клиник юридик маълумотга бағишланган семинарда иштирок этдилар. Семинар иштирокчилари орасида Ўзбкистон адвокатлари уюшмасининг Тошкент шаҳар бўлими раиси, Нодавлат ташкилотлари миллий уюшмасининг вакили Гулнора Эшонханова ҳам бор эди. «Фарғона.Ру» ахборот агентлигининг Туркиядаги мухбири Бахтиёр Шоҳназаров у билан суҳбатлашди.

«Фарғона.Ру»: - Ўзбекистон адвокатлари ҳанузгача давлатдан ҳақиқий мустақил бўла олмадилар.

Г.Эшонханова: - Бевосита бўлмаса ҳам қонун яратиш жараёнида иштирок этамиз. Бизга қонун лойиҳаларини таҳлил қилиш учун юбориб турадилар ёки биз ўзимиз ўз таклифларимизни киритамиз. Аммо, биз адвокатларда қонунга ўзгартириш ташаббуси ҳуқуқи йўқ. Биз «Адвокатура тўғрисида» Қонунининг янги вариантига бундай ҳуқуқнинг киритилишини истардик. Шунингдек, адвокатларга нисбатан интизом чораларини қўллаш жараёни ҳам ҳам адвокатуранинг қўлида бўлишини истардик. Бу бизнинг давлатдан мустақиллигимизни таъминлаган бўларди.

Амалдаги «Адвокатура тўғрисида» ва «Адвокатлик фаолияти ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимоясининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар бизнинг талабларимизга жавоб бермайди.

Давлатга қарам бўлган ва оқибатлардан чўчиган адвокат ўз фаолиятини тўлақонли олиб бора олмайди. У мижозининг манфаатиларини ҳимоя эта олмайдиган “чўнтак” адвокатига айланиб қолади.

«Фарғона.Ру»: - Расмийларнинг адвокат фаолиятига аралашуви қай тарзда амалга ошади?

Г.Эшонханова: - Адвокатларнинг малака комиссияси давлат адлия идоралари қошида тузилади. Бу комиссия бўлажак адвокатларни имтиҳон қилади ва адвокатлик фаолиятини юритиш учун лицензия беради. Бу комиссиянинг зиммасига адвокатларга нисбатан интизом чораларини кўриш ҳам юклатилган. Комиссиянинг ярми адвокатура ходимларидан иборат бўлса ҳам расмийларнинг адвокатларга нисбатан турли босим ўтказиш услублари мавжуд. Агар қандайдир ҳуқуқ-тартибот идорасига бирорта адвокат ёқмай қолса, бу идора адвокатни “сиқиб” чиқариши мумкин. Аммо биз, Тошкент шаҳар адвокатлар ҳайъати ҳамкасбларимизни доим ҳимоя қилиб келганмиз.

«Фарғона.Ру»: - Интизом комиссиясида адвокатнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинган ҳоллари бўлганми?

Г.Эшонханова: - Янги мисол, яқинда биз ҳамкасбларимиздан бирини лицензиядан маҳрум этишлик тўғрисидаги комиссия қарорини имзолашдан бош тортдик. Шундан кейин Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бу одамни лицензиядан маҳрум этиш учун судга мурожаат этишга мажбур бўлди. Ўзбекистонда ҳали бунақаси бўлмаган.

«Фарғона.Ру»: - Ҳамкасбингиз нима гуноҳ қилганди?

Г.Эшонханова: - У адлия бошқармасидан келган текширувчиларни ўзининг адвокатлик фирмасига киритмади ва буни адвокатлик касб фаолиятини бузиш сифатида талқин этдилар. Ваҳоланки, бу ҳолатда у адвокат сифатида эмас, фирма раҳбари сифатида чиққанди. Шунинг учун ҳам бу ерда бутунлай бошқа чора кўрилиши лозим эди. Аммо суд зудлик билан ҳамкасбимизга қарши даъво аризасини қабул қилиб, ишни жавобгарнинг касал бўлишига қарамай, унинг иштирокисиз сиртдан даъвогар фойдасига қисқа муддатдаёқ ҳал қилиб қўя қолди. Аммо ҳамкасбимиз бу қарор устидан шикоят қилди, иш ҳали тугаганича йўқ.

«Фарғона.Ру»: - Янги йилдан бошлаб ҳибсга олиш учун санкцияни суд берадиган бўлди. Прокурорлар бунга қандай муносабат билдирдилар?

Г.Эшонханова: - Ҳеч ким эътироз билдиргани йўқ. Бутун дунё стандартларига кўра айнан судьялар ҳибсга олиш учун санкция берадилар.

«Фарғона.Ру»: - Шу муносабат билан Ўзбекистон суд тизимида қандай ўзгаришлар содир бўлди?

Г.Эшонханова: - Қонунга кўра, қўлга олинган шахсга 72 соат давомида айблов эълон қилиниши лозим. Қўлга олинган шахснинг жиноий ишлар бўйича туман судида унга нисбатан санкция берилишини ҳал этиш учун 60 соат ажратилган. Суд унинг ишини кўриб чиқиш учун 12 соат қолаяпти, холос.

Авваллари терговчилар қўлга олинган шахсга оид жуда кўп миқдордаги ҳужжатларни ҳибсга олинганидан кейин тўплаган бўлсалар, энди бу ишларнинг ҳаммасини ҳибсга олиш учун санкция берилишидан олдин қилишлари лозим.

Қўлга олинган шахсга ҳибсга олиш тўғрисидаги суд қарори устидан уч кун давомида шикоят қилиш ҳуқуқи берилган. Суд ҳибсга олинган шахснинг апелляциясини келгуси уч кун давомида кўриб чиқиши лозим.

Биз қўлга олинган шахсларнинг ҳуқуқлари халқаро меъёрларга мос келиши учун амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги ўз таклифларимизни тайёрлаймиз. Тегишли мониторинг ўтказишни ва расмий идоралар иштирокида давра суҳбатлари ташкил этишни режалаштирмоқдамиз.