21:26 msk, 20 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Аждар Куртов: “Тошкент ташқи сиёсатидаги ўзгаришлар борасида хулоса чиқаришга асос кўрмаяпман”

07.03.2008 09:52 msk

Феруза Жоний ёзиб олди

Куни-кеча Ўзбекистон АҚШ ҳарбий хизматчиларига Термиз яқинидаги аэродромдан фойдаланишга рухсат бергани тўғрисидаги янгилик шов-шувли хабар даражасига етиб боргани йўқ. Америкаликлар Ўзбекистон ҳудудига фақат ГФР Ҳарбий ҳаво кучлари бортларида кира оладилар, холос. “АҚШ учун икки томонлама асосда Ўзбекистондаги ҳарбий объектларидан бирортасига ҳам тўғридан-тўғри йўл очиб берилмаган”, - дея аниқлик киритдилар Давлат департаментида. Шунга қарамай, баъзи кузатувчилар ушбу ҳодисани Тошкент билан Вашингтоннинг яқинлашувига кичикина бўлса ҳам қўйилган биринчи қадам сифатида баҳоламоқдалар. Россия стратегик тадқиқотлар институтининг эксперти Аждар Куртов ўз навбатида Москва ҳеч нарсадан ташвишланмаса бўлаверади, деб ҳисобламоқда.

Фарғона.Ру: - Аждар Аширович, дунёда нима гаплар бўлаяпти ўзи? Ўзбекистон Россия билан дўстона муносабатда бўла туриб америкаликлар яна қайтаяптими? Нега шундай бўлиб қолди?

Аждар Куртов: - Ҳозир америкаликлар Афғонистондаги аксилтеррорчилик операцияларини таъминлаши учун ҳарбий объектларга қайтадилар деган тахмин қилинмоқда, холос.

Америкалик ҳарбийларнинг Қарши-Хонобод базасига қайтиши тўғрисидаги миш-мишларнинг тагида оз бўлса ҳам жон бор экан. Номини ошкор этмаслик шарти билан юқори мансабли европалик дипломатлардан бирининг Москванинг “Время новостей” газетасига айтишича, бу мавзу Тошкентда президент Ислом Каримовнинг АҚШ Марказий қўмондонлик раҳбари адмирал Уильям Фэллон билан шу йилнинг январь ойидаги учрашуви давомида муҳокама этилган бўлиши керак.

Дипломатнинг айтишича, кўринишидан, “ҳарбий база” масаласини муҳокама эта туриб томонлар америкаликларнинг Ўзбекистонда тўла кўламда бўлиши борасида Москванинг шубҳасини уйғотмасликни афзал кўрганлар ва америкаликларни фақат Термезга қайтишлари тўғрисида келишиб олганга ўхшайдилар. Кўринишидан, уларнинг К-2 объектига қайтиши яқин кунларда ҳал бўладиган масалага ўхшайди.

Аксилтеррорчилик операциясининг фаол ҳарбий фазаси амалда бир неча йил олдин ниҳоясига етган. Афғонистонда “Толибон” ҳаракатининг очиқ қаршилиги нафақат синдирилган, балки, ҳукумат тузилиб, конституциявий референдум ўтказилди, Лойя Жирғага сайлов ва ҳукуматнинг машруъ тизимларига умумхалқ сайловларини ҳам ўтказишга эришилди. Коалицияда иштирок этмаётган давлатлар томонидан амалда Марказий Осиё давлатларининг аксилтеррорчилик операциясида иштирокининг шаклини ўзгартириш вақти келмадими экан деган масала ҳам пайдо бўлди. АҚШ р ва НАТО Қирғизистон ва Ўзбекистонда узоқ туриб қолишмадими? Бу каби саволлар ШҲТ сингари обрўли минтақавий ташкилотлар даражасида кўтарилди.

Ўз вақтида америкаликларнинг Хонободдан кетиши расман ва эксертлар жамияти томонидан Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Андижондаги воқеаларга жавоб сифатида баҳоланганди.

Ҳозир нега яқинлашув амалга ошди? Менимча, бу ерда аксилтеррорчилик коалициясининг Афғонистондаги ҳаракати билан боғлиқлик йўқ. Америкаликлар аксилтеррорчилик операцияси бошланишидан олдин аэродром сифатида бошқа, мисол учун Покистондаги базалардан ҳам фойдаланиши мумкин эди. Аммо улар учун Марказий Осиёда бўлиш муҳим эди. Менимча бунинг ажабланарли ери йўқ. Ислом Каримов ва малакатдаги ҳозирги сиёсатчилар генерацияси “кўп тамойилли сиёсат” ўтказмоқдалар. Бу сиёсат дунёнинг жиддий марказлари билан муносабатларни бузмасликдан иборат. АҚШ билан муносабатлари 2005 йилдан сўнг мураккаблашганига қарамай, Тошкент учун АҚШдан очиқдан-очиқ ҳафа бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш республика манфаатига зид келади. Иқтисодий муносабатларни ҳам кескин тарзда узиш, мамлакатни бошқараётган бугунги ўзбек элитасини Эрон сиёсий элитаси билан бир қаторга қўйишлари ҳам Ўзбекистон раҳбарларининг манфаатларига зид келади. Шунин учун ҳам Тошкент билан Вашингтон ўртасида диалогнинг бошланишини кутилган воқеа бўлиб қолди.

Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистоннинг ЕвроОсИҲ ва КХШТга аъзо бўлишини Москванинг ғалабаси сифатида баҳоланиши нотўғри. Бу аслида ўша кўп тамойилли сиёсатнинг давоми, ташқи сиёсий вазиятдан ўз миллий манфаатлари мақсадида фойдаланишга уриниш ва Москва, Пекин, Вашингтон каби йирик ўйинчилар ўртасида қарама-қаршиликлардаги ўйинларда иштирок этиш, холос.

Бордию, бу хабарлар ҳақиқат бўлиб қолганида ҳам, америкаликлар ростдан ҳам Ўзбекистон аэродромларида ўрнашиб олганларида ҳам на Москва ва на Пекин учун бунинг фожеали ери йўқ. Мисол учун айни пайтда Ўзбекистон аэродромларидан немисларнинг фойдаланиши КХШТга аъзо бўлган мамлакатларнинг миллий манфаатларига таҳдид солаётгани йўқ.

Албатта Россия бошқа бир қатор давлатлар сингари Марказий Осиё минтақасини ўзининг анъанавий таъсир доираси ва кўпқиррали иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий-техника муносабатларини қуриши лозим бўлган ҳудуд сифатида кўриб келган. Москвага рақобатдош бўлган давлатларнинг бу минтақада бўлиши бир қатор москвалик сиёсий элиталарнинг истакларига зид келади. Аммо уларнинг бўлиши Москва учун ўлим билан баробар эмас!

Шунинг учун ушбу хабар, гарчи олдинги ҳолатга қайтишга ишора қилса ҳам, бундан шов-шув кўтармаслик керак. Бунинг орқасидан бошқа ҳаракатлар ҳам бошланиши мумкин ва бу ҳаракатлар қандай бўлади? Яъни, Ўзбекистон яна КХШТ, , ЕвроОсИҲ каби лойиҳаларда ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг истиқболли йўналишларидаги иштирокини музлатиб қўядими – ана шунга қараш лозим. Агар бу ҳолат рўй берсагина Тошкентнинг ташқи сиёсатида узоқ муддатли ўзгаришлар ҳақида гапирса бўлади. Ҳозир эса бу ҳақда хулоса чиқаришга асос кўрмаяпман.

Фарғона.Ру: - НАТОнинг махсус вакили Р.Симмонс Ўзбекистонга қайтиш тўғрисидаги қарорга мамлакатда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятнинг яхшилангани таъсир кўрсатди, дея билдирди. Сиз бу баёнотни қандай шарҳлаган бўлардингиз? Айнан нима яхшиланди?

Аждар Куртов: - НАТО Хьюманс райтс Вотч ёки Эмнести Интернешнлдан фарқли ўлароқ асло ҳуқуқ ҳимоя қилувчи ташкилот эмас. Ушбу мавзу бўйича ихтисослашмаган ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятни баҳолаши бошқачароқ. Уларнинг хулосалари қандайдир расмий негизга асоланади. Бундай асос сифатида мисол учун, Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилиниши, Ўзбекистон омбудсмани фаолияти ёки мамлакатда эълон қилинган амнистия бўлиши мумкин.