23:14 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон жанубида янги инқилоб бошланадими?

03.03.2008 19:45 msk

Фарғона.Ру

Мамлакат жанубида жойлашган Ақси қишлоғининг аҳолиси 2008 йил 15 март куни Бишкек шаҳридаги парламент майдонида норозилик намойиши бошламоқчи. Намойиш иштирокчиларининг асосий талаби – 2002 йил воқеалари давомида олти нафар тинч намойиш иштирокчиларини ўлдиришда айбдорларни жазога тортиш.

Шаҳар қоидаларига кўра, акция давомида майдонга ўтов тикиш, гулхан ёқиш, овқат тайёрлаш тақиқланади. Аммо ақсиликларниг кайфияти уларнинг мақсадлари жиддий эканлигини кўрсатмоқда. Улар битта митинг билан чекланиб қолмоқчи эмаслар. Улар фожеада айбдор шахслар устидан ўзларининг судини ўтказмоқчилар ва айбланувчиларга норасмий чақириқ қоғозларини жўнатмоқдалар. Суд аввал хабар берганимиздек, 17 март куни Бўспиек қишлоғида, 2002 йил намойиши иштирокчилари отиб ташланган жойда бўлиб ўтади.

Судга айбланувчилар сифатида собиқ ва амалдаги президентлар Асқар Ақаев ва Қурманбек Бакиев, Жалолобод вилоятининг мулозимлари ва 2002 йилда масъул лавозимларни эгаллаган ҳуқуқ-тартибот идораларининг раҳбарлари таклиф этилган.

Жалолобод вилоятининг Ақси туманидан унча узоқ бўлмаган жойда 2002 йилнинг 17 март куни ИИВ махсус тайинланган отряд жангчилари Каравон шаҳрига йўл олган намойишчиларни ўққа тутган. Намойишчилар депутат Азимбек Бекназаров устидан ўтказилаётган маҳкама жараёнида иштирок этиш учун кетаётгандилар. Азимбек Бекназаров Қирғизистонга тегишли ер майдонларини Хитойга бериб юборилишига қарши чиққанди. Ақси фожеаси давомида олти киши ҳалок бўлган, йигирмага яқин намойишчилар ярадор бўлган.

Ақси воқеаларидан жабрланганлар ва уларнинг қариндошлари ўтган олти йил давомида расмийлар томонидан айбдорларни топиб жазолаш борасида ҳеч қандай натижага эришиб бўлмагани учун шундай чора қўллашга мажбур бўлмоқдалар. Олти нафар намойиш иштирокчисининиг ҳалок бўлгани учун ҳеч ким озодликдан маҳрум этилмади.

Шу билан бирга, Ақси воқеалари собиқ президент Асқар Акаев режимининг қулашига ва Қурманбек Бакиевнинг ҳокимиятга кириб келишига туртки бўлган муҳим ҳодиса саналади. Ҳокимият устига келган раҳбарлар 2005 йил 24 мартдан сўнг Ақси ишини кўриб чиқилишининг аҳамияти тўғрисида бир неча бор билдиргандилар. Ушбу иш юзасидан лаёқатсизлик қилганлари учун ўтган давр мобайнида республиканинг иккита бош прокурори эгаллаб турган лавозимидан четлатилди.

“Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг Жалолобод вилояти махсус хизматлари сафидаги ахборот манбасининг маълум қилишича, минтақа расмийлари Ақсидаги суд қарори расмий суд қароридан тубдан фарқли бўлишидан хавотирдалар. Тезкор маълумотларга кўра, Ақси иши бўйича жабрланганлар тегишли материалларни расмий суддан чақиртириб олиш имкониятини кўриб чиқмоқдалар.

Бу эса амалда расмий суд идораларини тан олмаслик ва муқобил халқ судини тузиш дегани бўлади. Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қирғизистонда амалдаги Жўғўрқу Кенешга муқобил парламент тузилганди. Шундай қилиб, ҳокимиятнинг учта шохидан иккитасига муқобил идоралар пайдо бўлди.

Маҳаллий ҳокимият айнан Жалолобод вилояти март инқилобининг бешиги бўлган учун юзага келган вазиятдан қаттиқ хавотирга тушиб қолди. Чунки 2004 йил охири ва 2005 йил бошида расмий марказ ҳокимиятини тан олмаслигини эълон қилган давлат идораларига муқобил идоралар тузилган.

Бўлажак воқеаларга мамлакат олий раҳбарияти қандай муносабатда бўлаётгани ҳозирча номаълум. Президент ва унинг атрофидагилар тобора радикаллашиб бораётган мухолифатнинг чиқишларини гўёки сезмаётганга ўхшайди. Эслатиб ўтамиз, 29 март куни Азимбек Бекназаров етакчилигидаги “Инқилобий қўмита” (“Ревком”) умумхалқ “Элдиқ Қурултойи”ни ўтказмоқчи. Қурултойда юзага келган вазиятга баҳо берилиши кутилмоқда. “Ревкомчи”лар қурултой президент Қурманбек Бакиевсиз ўтишига умд қилмоқдалар. Улар президентнинг 24 март куни (!) истеъфога чиқишини кутмоқдалар.

Бўлажак Бишкек ва Ақси воқеаларга бағишланган мақолаларнинг махсус нашри билан “Репортер” ахборот-ишбилармонлик газетаси саҳифаларида ўқинг. Ҳафталик газета “Фарғона.Ру” АА (Москва) билан ҳамкорликда нашр этилмоқда.