02:17 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистонда тўйлар сони кескин кўтарилиб кетди

01.03.2008 11:06 msk

Ольга Сенчук

Тожикистонда 2007 йил май ойида “Маросимлар, тантаналар ва удумларни тартибга солиш тўғрисида” Қонун қабул қилинганидан кейин ўтказилаётган тўйлар сони кескин кўтарилиб кетди. Республика адлия вазири Бахтиёр Худоёровнинг тақдим этган маълумотига кўра, 2006 йилга нисбатан ўсиш 71,3 фоизни ташкил этган, дея қайд этади "Эксперт". Мамлакатда 2007 йилда 97.085 та никоҳ қайд этилган, 2006 йилда уларнинг сони 56.664 тани ташкил этган, холос.

Қабул қилинган қонун никоҳни қайд этиш жараёнини иложи борича соддалаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Қонунга кўра, тўй тантаналарида 150-200 кишидан ортиқ бўлмаган одамлар иштирок этиши, тўй тантаналари эса узоғи билан уч соат давом этиши мумкин. Тўй харажатларини келин ва куёв тарафи баробар кўтарадилар. Тўй кортежи тўртта автомобилдан ошмаслиги лозим.

Тўйлар ҳақиқатдан ҳам олдингидан анча камтарона ўтказилмоқда. Қонунни писанда қилмаган Тожикистон фуқароларини катта жарима кутмоқда: жисмоний шахслар учун икки минг сомоний (1 доллар 3,5 сомонийга тенг), мулозимлар учун беш минг сомоний ва юридик шахслардан ўн минг сомоний.

Тўй марафони

Бутун дунёдаги каби Тожикистондаги тўйлар эгаларининг хамёнига қараб дабдабали ўтади. Тожикистоннинг ўн беш йил мустақиллиги давомида аҳоли бой ва камбағалларга ажралиб бўлди. Ўз-ўзидан тўйлар ҳам турлича ўтмоқда. Аммо, анъана ва маросимларнинг ўтиши ҳаммада бир ҳил.

Қудалар тўйга тайёргарчилик ишларини муҳокама қилиб, сарф-харажатлар борасида келишиб олаяптилар.

Қалам қошли ёрим

Тўйга бир ҳафта қолганида келинчак никоҳ маросимига тайёрланишни бошлайди. Тожикистонлик аёллар учун гўзаллик салонига ташриф буюриб қош тердириш, маникюр ва педикюр каби муолажалар 10-12 долларга тушаяпти. Соч турмаклаш 15-20 доллар. Нарх-наво салон билан устанинг номига боғлиқ. Келин либоси тожикистонлик келинчаклар учун жуда қиммат - 150 доллар атрофида. Шунинг учун ҳам қизлар уларни 30-40 долллардан ижарага олишга мажбур бўлмоқдалар.

Куёвнинг костюмини икки юз сомонийга ҳам икки юз долларга ҳам олиш мумкин. Ёш келин-куёвлар учун пойафзал ҳам арзон эмас: аёллар туфлиси эллик сомонийдан эллик долларгача, эркаклар туфлисининг нархи эса юз долларгача. Тўй узуклари вазнига қараб: бир грамм тиллонинг нархи 25 доллар ҳисобида олинади.

Тўйлар муборак...

- Икки ой олдин қизимни куёвга чиқардим, - дейди душанбелик Гулнора Каримова. - Қизимнинг дугоналари ва қариндошлар учун дастурхон ёзишга минг доллар кетди. Эрим билан ўғилларимдан бири Россияда ишлайдилар. Тўйга пул топиш учун бир йил ишладилар. Худога шукур, қариндошларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлди.

ЗАГС маросими тахминан беш доллар ҳамда гул ва шампан виносига ва байрам дастурининг бошқа унсурларига кетадиган бошқа қўшимча сарфлардан иборат. Масалан, никоҳни қайд этиш гувоҳномасига бир доллар тўлаш керак, эсдалик фотосуратларининг нархи эса бир доллардан беш долларгача.

Никоҳ маросимини тўй базми якунлайди. Агар тўй эгаларининг ҳовли-жойлари бўлса зиёфат ресторанга қараганда арзонроқ тушади.

Ресторан ижараси ҳам унинг номига боғлиқ. Стандарт менюга биринчи ва иккинчи овқат турлари, бир неча турдаги салатлар, нон, мева-чева ва спиртли ичимликлар киради. Санъаткорларга тўлов алоҳида. Ресторанда ўтказилган битта тўй маросимига ўртача 2,5-3,0 минг доллар харажат қилинмоқда.

Пулларингизни тайёрланг

Тахминий ҳисобларга кўра, Тожикистондаги битта тўйга беш минг долларгача пул сарфланмоқда. Мамлакатда ўртача иш ҳақи ўттиз олти доллар ташкил этишини ҳисобга олсак, тўй қилувчилар учун бу жуда ҳам қимматга тушишини англаш мумкин.

Қайд этиш жоизки, респондентларнинг жавобларидан тўй харажатлари катта бўлгани билан ҳар ҳолда камайган. Тожикистонда қариндош-уруғчилик ришталари ҳозиргача кучли бўлганидан тўй маросимларини содда, ўзаро даврада ўтказиш кўпчилик учун мақбул иш эмас. Одамларнинг гап сўзидан уялган ота-оналар иложи борича тўйни дабдабали ўтказишга уринадилар. Сўнгги пайтларда озиқ-овқат ва хизмат турларига нарх-наво етмиш фоизга кўтарилганини эътиборга оладиган бўлсак, “2008 йилда тўй неча пулга тушади?” деган саволга “Жуда қиммат”, деган жавобни олиш мумкин, холос.