02:25 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон: Кўлоб ҳудудида юқумли касалликлар эпидемияси авж олиши хавфи остида қолди

29.02.2008 18:23 msk

Баходур Заиров

Тожикистонда қаттиқ совуқ ва энергетик инқироз сабабидан 2008 йил бошидан бери уч юздан зиёд чақалоқ вафот этган. Бугунги кунда республика касалхоналари пневмония, бронхит ва бошқа дардларга чалинган болаларга тўлиб-тошиб кетган.

Тожикистонда сил дардига мубтало бўлиш ҳоллари кўпайиб қолди. Бу дард умуммиллий кўламдаги муаммога айланиб қолган. Вазият айниқса Кўлоб ҳудуди Хатлон вилояти Восе туманида мураккаблашиб кетган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2007 йилда мамлакатда ҳар юз минг кишига бир юз етмиштадан янги дардга чалинганлар рўйхатга олинган. Тиббиётчиларга кўра, бу рақамлар жуда юқори даражага чиқиб кетган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти Кўлоб ҳудудида юзага келган вазиятдан ташвишланмоқда. Баҳорги илиқ ҳаво бу хавотирларни кучайтирмоқда. Қўшни Афғонистон провинциялари билан чегарадош бу ҳудуд мунтазам равишда ич терлама, безгак, сил ва бошқа юқумли касалликларнинг ўчоғи бўлиб қолмоқда. Яқинда Кўлоб шаҳрида ўн мингдан зиёд аҳоли ич терлама касаллиги билан оғриди, улардан бир юз олтитаси вафот этди. Касалликнинг сабаби – тозаланмаган ичимлик сувини истеъмол қилиш ва шахсий гигиена қоидаларига амал қилмаслик.

Шу билан бирга, Давлатэпидемназорат республика маркази бошлиғининг муовини Исохон Гурезов “Фарғона.Ру” АА мухбирига бу маълумотларни қаҳр ила ёлғон деб атади. Унга кўра, хавотирга ўрин йўқ. “На Кўлоб ҳудудида ва на республиканинг бошқа ҳудудларида юқумли касалликлар эпидемияси авж олмагани ҳақида тўла масъулият ила билдираман”, деди у. Аммо, ўзаро суҳбат давомида у ҳудуддаги олтита беморда шифокорлар ич терлама касаллигини гумон қилаётганларини айтиб ўтди.

Маҳаллий журналист Бурхон Сафаровга кўра, Кўлоб шаҳрида кўплаб юқумли касалликлар музлаб қолган ва баҳорги илиқлик уларни муздан эритмоқда. Шу билан бирга, айниқса қаттиқ совуқдан канализация қувурлари ёрилган кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли жабрланиши мумкин.

Бу муаммо Кўлоб шаҳар ҳокимининг ўринбосари Пирмад Зариповни ташвишга солиб қўйган. У россиялик ҳарбийлардан ёрдам сўради. Бугун улар шаҳар аҳолисини тоза сув билан таъминламоқдалар. Шу билан бирга, сув бу ҳудудда юқумли касаллик тарқалишининг асосий манбаси бўлиб қолмоқда.

“Фарғона.Ру” аввал хабар берганидек, вазиятни ўз кучи билан бошқара олмай қолган Тожикистон раҳбарияти

дунё ҳамжамиятига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Республика иқтисодиётига бир миллиард доллардан зиёд зарар келтирган энергетик инқироз мамлакатни сал бўлмаса гуманитар ҳалокат ёқасига олиб келиб қўйди. Аммо, нега энди давлат фақат халқаро ташкилотлардан ёрдам кутади-ю, ўзининг салоҳиятидан фойдаланмайди? Ахир бу муаммога маҳорат билан ёндошилса, мамлакатда респиратор ва юқумли касалликлар даражасини пасайтириш мумкин.