14:25 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ҳавонинг кескин исиб кетиши сел ва сув тошқинларига сабаб бўлиши мумкин

28.02.2008 07:34 msk

Ўз.ахб

Ўзбекистондаги ғайри табиий қаҳратон қиш ўрнини экстремал баҳор эгалламоқда. Ўзбекистон гидромететеорология марказининг маълумотига кўра, 26 февралдан 10 мартгача ҳавонинг кескин исиб кетиши ва илиқ ёмғирлар тоғларда қорнинг интенсив эришини ва сув тошқинларини келтириб чиқариши мумкин. Фарғона водийси тоғ олди туманларида, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳам сел пайдо бўлиши мумкин. Шу вақтда Хоразм ва Қорақалпоғистонда дарё сувини қалинлиги 55 сантиметрга етиб қолган муз парчалари тўсиб қўйиши натижасида Амударё сувининг хатарли даражага кўтарилиши кутилмоқда.


“Фарғона.Ру” АА фотосурати

Расмийларнинг таъкидлашича улар 1969 йил баҳорини эслатувчи ҳозирги вазиятни бошқара оладилар. Ўшанда баҳорги Амударё тошқини 17 мингдан зиёд иншоотларни вайрон қилган ва аҳоли ўртасида кўплаб одамлар қурбон бўлган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг (ФВВ) билдиришича, саксонинчи йилларда қурилган Туямўйин сув омбори ҳалокатнинг қайта содир бўлиши олдини олади. Лойиҳа қуввати 6 миллиард куб метр бўлган сув омбори февраль охирига келиб 4,5 миллиард куб метр сув сиғдирган. Аммо, мустақил экспертлар эксплуатация даврида сунъий сув ҳавзасининг деярли ярми балчиққа тўлиб қолганини таъкидламоқдалар. Бу ўз навбатида сув ҳавзасининг амалдаги ҳажмини камайтириб, сув тошқини хавфини кўтаради.

Турли баҳоларга кўра, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятининг муҳталам сув босадиган ҳудудларида деярли эллик минг киши яшайдиган ўттизта аҳоли пунктлари бор. Ўтган ой давомида Хоразм вилоятида соҳилларни мустаҳкамлаш ва дарё оқимини тартибга солиш мақсадида 826 та қўшимча тўғон ва бошқа гидротехника иншоотлари қўрилган. ФВВ кечаю­кундуз Амударё сув сатҳини кузатиб турибди. Ер майдонлари сув остида қолиб кетиши мумкин бўлган фермерлар огоҳлантирилдилар, улар қишлоқ хўжалиги техникасини хавфсизроқ жойларга кўчирдилар.


“Фарғона.Ру” АА фотосурати

Сирдарё бассейнидаги вазият ҳам бундан қолишадиган аҳволда эмас, ўтган ҳафта давомида ёққан кучли жала Жанубий Қозоғистон вилояти соҳил бўйидаги икки ярим минг уйнинг сув остида қолиб кетишига сабаб бўлган. Қўшниларга табиий офат оқибатларини бартараф этишга ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида Чордара сув омбори ошиб кетишининг олдини олиш учун Сирдарё сувини Фарғона водийси суғориш тизимига оқиза бошлади. Шимолий Фарғона каналига оқизилаётган сувни Чуст шаҳри ёнида ўтган йили янги қуриб битирилган ҳажми 200 миллион куб метр бўлган Резаксой сув омбори ўз ичига сиғдириши мумкин.


“Фарғона.Ру” АА фотосурати

Қозоғистон ҳукуматининг илтимосига биноан Ўзбекистон 15 февраль куни Чордара сув омборидаги 1,5 миллиард куб метр сувни Ҳайдар­Арнасой кўллар тизимига оқизиб юборди. Ўтган асрнинг ўрталаригача Қизилқум барханлари орасида шўр чуқурлик мавжуд бўлган. 1969 йилдаги изғирин қишдан кейин Чордара сув омборидаги 2,1 миллиард куб метр сувни фавқулодда вазиятда чиқариб юборилган. Натижада минтақада қуриб кетаётган Орол денгизи ўрнини босадиган уч юз километрлик Ҳайдаркўл пайдо бўлган.

1993 йилдан бошлаб Қирғизистон гидроэлектростанциялари қиш мавсумида интенсив равишда электр энергияси ишлаб чиқариш тартибига ўтганидан сўнг Сирдарёда қишки­баҳорги мавсумида янги сув тошқинлари бошланди. 2005 йил баҳорида Ҳайдаркўл ҳавзасининг сатҳи етти ярим метрга кўтарилди ва Навоий вилоятида сув тошқинига сабаб бўлди.

Аввалига Қизилқумга сув келишидан қувониб кетган ўзбекистонлик экологлар бора­бора кўл тизимининг тўлиб тошишидан хавфсирай бошладилар. Сценарийлардан бирига кўра, кўлнинг ғарбидан тошиб кетажак сув чўл қуйидаги чуқурликларни тўлдириб юбориши мумкин. Шу билан бирга Ҳайдаркўлдан 1 млн.тонна кўл тубида тўпланиб қолган туз чиқиб кетиши мумкин. Кейинчалик, сув ҳавзалари қуриганда туз атмосферага кўтарилиб Ўзбекистоннинг марказий ҳудудларида ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатиши ва ҳаттоки Помир чўққиларидаги музликларнинг эришини кучайтириши мумкин.


“Фарғона.Ру” АА фотосурати

Бошқа прогнозга кўра, ёз охирида Ҳайдаркўл соҳилларида кўл тубидаги ўсимликларнинг чириши оқибатида юзага келган олтингугурт водород қуббаларининг пайдо бўлиши хавфи мавжуд. Бундан ташқари, Ўзгидромет Ўзбекистон пойтахтининг иқлимига Тошкентдан бир юз эллик километр нарида жойлашган улкан сув ҳавзасининг таъсирини қайд этмоқда. Метеорологларга кўра, йил давомида Ҳайдар­Арнасой кўллар тизимидан тўрт минг куб километр сув буғлари кўтарилади.

Тошкент иқлими ҳозирча денгиз иқлимига айланиб қолмагани ҳам рост. Йўқса, бу йилги қаҳратон қиш ўзининг континетнтал изғирин совуқларини кўрсатмас эди. 1969 йил баҳор сценарийсининг қайтарилиши Фарғона водийси, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари қишлоқ хўжалиги туманлари аҳолисини хавотирга солмоқда. Қўшни Қозоғистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги Чордара сув омборининг март ойининг биринчи ўн кунлигида, дарё сув кўтарилиши авжига чиқанида тўлиб тошиб кетиш эҳтимоли баландлиги ҳақида маълум қилмоқда. Бу ҳолатда икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги келишувга кўра, Ўзбекистон Арнасойга сув чиқариб юбориш миқдорини 2,5 миллиард куб метргача кўтаради.

Ўзгидромет ҳисобига кўра, бир ярим куб километрдан ортиқ миқдорда сув оқизиш ҳар бир куб метр сувга 50-70 квадрат километрга янги ҳудудларнинг сув остида қолиб кетишига олиб келади. Қисқаси, 2008 йил баҳори Ўзбекистон учун “сероб”, яъни сувга мўл бўлиши кутилмоқда. Ҳолбуки, бу сероблик тирикчилик важидан табиий офатларга қарши қийинчилик билан кураш олиб бораётган қишлоқ аҳолиси учун хавфсиз бўлиши ва барака келтиришига умид қилиб қолинади, холос.

“Фарғона.Ру” АА мухбирлари вазиятнинг ривожланишини кузатиб қолиб, муштарийларни хабардор қилиб қоладилар.