12:46 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ҳуқуқ ҳимоячиси Тамара Чикунова Ўзбекистон расмийларини қатл этилганлар ҳақидаги маълумотларни ошкор этиб, улар дафн этилган жойларни зиёрат этиш учун очишга чақирмоқда

27.02.2008 09:07 msk

Алексей Волосевич ёзиб олди

Ўзбекистонда 2008 йил 1 январидан бошлаб ўлим ҳукми расман бекор қилинди. Яккаю-ёлғиз ўғли қатл этилган Тамара Чикунова томонидан 2000 йилда тузилган “Оналар қатл ва қийноқларга қарши” нодавлат ташкилоти бу жазо чорасини бекор қилиш учун деярли саккиз йил курашиб келди. Биз ундан узоқ вақт давомида кутилган ушбу воқеани шарҳлаб беришни сўрадик.

Фарғона.Ру: - Тамара Ивановна, сиз тузган ташкилот Ўзбекистонда ўлим жазосини бекор қилиш учун курашиб келган. Ниҳояти бу амалга ошди. Мақсадга эришиб бўлдик, деб ҳисоблайсизми?

Т.Чикунова: - Биз “Биргаликда ўлим жазосига қарши” бутун жаҳон коалицияси аъзоси сифатида бутун дунё бўйича ўлим жазосининг бекор қилиниши учун курашмоқдамиз. Ўзбекистонда 2008 йил 1 январидан бошлаб ўлим ҳукми ижро этилмай қўйилди. Афсуски, бизда шу чоққача ўлим жазосини бекор қилувчи қонуннинг ўзи чоп этилмаган.

Фарғона.Ру: - Сиз бундан кейин озодликдан маҳрум этиш муддатларини қандай тайинланишини назарда тутаяпсизми?

Т.Чикунова: - Ўлим жазоси бекор қилинганидан кейин қонун билан танишиб чиқдим. Унда айтилишича, бундан кейин олий жазо сифатида умрбод қамоқ ёки 20-25 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланадиган бўлиб қолади. Қайси ҳолатда умрбод жазоси қўлланади ва қачон 20-25 йил озодликдан маҳрум этилишини қонунга шарҳ тушунтириб беради. Ҳозир Тошкент турмасидаги ўлимга маҳкум этилганлар камерасида 48 киши ўтирибди. Афсуски, уларга чиқарилган ҳукм қайта кўриб чиқилмаган. Ушбу ҳукмларнинг қайта кўриб чиқилишига эришиш учун биз ҳуқуқни қўллаш амалиётини билишимиз муҳим: қайси ҳолатда белгиланган муддат қўлланилади ва файси ҳолатда умрбод қамоқ жазоси.

Боз устига, ўлим ҳукмини бекор қилувчи қонунда авф этилиш ҳуқуқи кўзда тутилган. Авф этилиш ҳуқуқи деганда нимани тушунишимиз керак? Кейинги жазодан озод этилишми ёки алоҳида тартибдаги жазодан оддийроғига ўтказишми?

Тамара Чикунова. Tamara Chikunova
Тамара Чикунова. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Фарғона.Ру: - Сизнингча бу муаммо Ўзбекистон учун қанчалик долзарб бўлиб қолган? Ҳар йили нечтадан ўлим жазоси белгиланиб ижро этилган?

Т.Чикунова: - Ўлимга маҳкум этилганларнинг сони тўғрисида бирор нарса дея олмайман. Негаки, ўлим ҳукмига мансуб барча маълумотлар: ўлимга маҳкумлар, отилганлар сони, қатл этилганларнинг дафн этилган жойларининг барчаси давлат сири саналади. Мен президент Каримовни мустақиллик даврида қатл этилганлар сони ҳақидаги маълумотларни ошкор этиб, дафн этилган жойларни зиёрат учун очиб беришга чақираман. Бундан ташқари, 1 январгача ўлимга маҳкум этилганларни авф этиб, уларга умрбод қамоқ жазосини қўлламасликка чақираман. Ўлимга маҳкум этилганлар камерасида ўтириб ҳар соат ўлимни кутиш каби жуда оғир қийноқни бошидан кечирганлар улар.

Фарғона.Ру: - Ўзбекистонда ўлимга маҳкум этилганлар отиладими?

Т.Чикунова: - Ўзбекистонда ўлимга маҳкум этилганларни отув йўли билан қатл этадилар. Бу ижро кодексида расман белгиланган.

Фарғона.Ру: - Ўзбекистонда ўлим жазоси нега шунчалик маҳфийлаштирилган? Яъни, жазони ҳуфиёна ижро этадилар, ўлимга маҳкумлар билан қариндошлари учраша олмайдилар?

Т.Чикунова: - Жами чиқарилган ўлим ҳукмлари ва отувнинг ижро этилиши ҳолати давлат сири саналади. На маҳкумнинг ўзи ва на унинг қариндошлари жазони ижро этиш санаси тўғрисида билмайдилар. Уларнинг дафн этилган жойлари ҳам давлат сири бўлиб қолган. Негалигини билмайман. Фақат тахмин қилишим мумкин. Бу ҳақда турли миш-мишлар кўп. Гапиргим келмайди бу ҳақда, жуда ҳам даҳшат. Ёлғизгина фарзандимдан айрилдим. Шу чоққача ўғлимнинг қабрига бора олмайман. Аҳлоқ меъёрларига кўра бу жуда оғир қийноқ - ўғлимнинг қабрини на унинг туғилган кунида ва на унинг ўлган кунида зиёрат қилишни тақиқлаб қўйишган менга. Менга ўхшаган оналар кўп.

Фарғона.Ру: - Бу шўролар тузумининг асоратими ёки Ўзбекистонда қўлланаётган янги тартибми?

Т.Чикунова: - Бу ҳақда бир нарса дея олмайман. Юридик маълумотга эга бўлишимга қарамай 1999 йилгача бу ҳақда тассавурга ҳам эга эмасдим. Оилам бошига ташвиш келмагунча бу муаммонинг даҳшатлари ҳақида билмаганман. Одамларни огоҳлантирмоқчиманки, ҳеч ким бу ташвишнинг бошига тушмаслигидан кафолатланмаган, бошга ғам тушгунча кутмаслик лозим. Буни бугун ҳал этиш керак.

Фарғона.Ру: - Эшитишимга қараганда, ўлимга маҳкум этилган айбланувчи тергов ва суд давомида ўзини айбдор дея тан олмаган бўлса, унинг иши авф этиш комиссияси томонидан кўрилмас эмиш?

Т.Чикунова: - Ҳақиқатдан ҳам бу шундай. Менимча бу нотўғри.

Фарғона.Ру: - Фақат президент авф этадими?

Т.Чикунова: - Ҳа, барча мамлакатларда фақат президент авф этади, холос.

Фарғона.Ру: - Президент бирор кимсани авф этгани тўғрисида эшитганмисиз?

Т.Чикунова: - Эшитишимга қараганда, ўлимга маҳкум этилган Қоровулбозор зонасининг бошлиғи авф этилган. Унинг ҳудудида содир этилган жиноятлар учун уни ўлимга маҳкум этилганди. Ўшанда жиноий тўдабошилардан бирининг ўлдиригани учун зонада исён кўтарилган, тартибсизликлар содир бўлган, одамлар ҳалок бўлган. Тартибсизликларнинг келиб чиқишида зона бошлиғининг ўзи айбдор деб топилганди. Ушбу жиноят иши бўйича бир неча маҳбуслар ҳам ўлимга маҳкум этилган. Аммо, зона бошлиғи авф этилган, икки маҳбусни эса отиб ташладилар. Бу воқеа 2000 йилда содир бўлганди.

Фарғона.Ру: - Ташкилотингиз Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинганидан кейин ҳам фаолият юритадими?

Т.Чикунова: - Биз қийноқ қўлланишига қарши курашмоқдамиз. Ҳозир ташкилотимиз ўлим жазоси бекор қилинганидан кейин ўлимга маҳкум этилган шахсларга нисбатан қийноқлар қўлланишига қарши иш олиб бормоқда. Биз қийноқлар қўллаётган шахсларга нисбатан жазо чораларини кенгайтириш борасида ҳам иш олиб бормоқдамиз. Биз бу қийноқларни инсон ҳаётига тажовуз сифатида кўрамиз. Бундай ишлар бўлиши мумкин эмас.