06:53 msk, 23 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Пулларингизни яширманг”. Ўзбекистонча сармоя амнистияси

25.02.2008 05:01 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистонда мамлакат тарихида илк бор капитал амнистиясига уриниш борасида фармон эълон қилинди. 21 февраль куни Ислом Каримовнинг Ўзбекистон банкларига пул маблағларининг жалб қилинишини рағбатлантиришга қаратилган “Тижорат банкларида аҳоли омонатлари шартларини либeраллаштириш ҳамда кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармонини чиқди.

Ушбу қонун актининг мазмун-­моҳияти шундаки, 2008 йилнинг 1 апрелидан бошлаб 2009 йилнинг 1 апрелигача бир йил давомида Ўзбекистон банкларидаги фуқароларнинг депозит ҳисоб варақлари солиқ, ҳуқуқ-­тартибот ва бошқа маҳкамалар (кўринишидан, махсус хизматлар) томонидан ҳар қандай текширувлардан озод этиладилар. Мазкур маҳкамаларга эса бир йил давомида банк ҳисоб варақларидаги пулларнинг келиб чиқиши борасида қизиқишлик қатъий маън этилган.

Республика банкларига пул жалб этиш ва банк соҳасида ақалли минимал тартиб ўрнатиш борасидаги уринишларни қутлаш керак, холос. Ушбу соҳадаги вазиятни заррача ҳам кўпиртирмай жуда мураккаб деса бўлаверади. Махсус хизматлар томонидан содир этилаётган коррупция ва товламачилик Ўзбекистон банк тизимига нисбатан ишончни буткул йўқотиб қўйган. Масалан, банк ҳисоб рақамида унча-­мунча йирик пул маблағига эга бўлган ҳар қандай одам исталган дақиқада махсус хизматлар томонидан ушбу пулларнинг келиб чиқиши борасида сўроққа тутилиши мумкин.

Кўпинча ушбу сўроқлар банк ҳисоб варақдаги маблағ билан “ўртоқлашиш” тўғрисидаги қатъий илтимослар билан тугайди. Чет элдан йирик миқдордаги пул жўнатмасини олган ҳар бир фуқаро (Ўзбекистонда бир неча минг доллар ёки евро йирик пул жўнатмаси ҳисобланади) кузатув остига олинади. Банк ва махсус хизмат ходимлари банк мижозларидан товлама йўли билан пулни суғуришга ихтисослашган ягона жиноий-­мафия тизимига айланиб қолган.

Шунинг учун ҳам бу фармонни банкларнинг асл бошланғич функцияларига қайтаришга қаратилган дея ҳисобласа бўларди. Аммо фармондан кутилган тахминий самарани чиппакка чиқарувчи битта лекини бор, холос. Гап шундаки, фармонда 2009 йилнинг 1 апрелидан сўнг фуқароларнинг мазкур ҳисоб варақлари ҳамда фуқароларнинг ўзларига нима бўлиши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Фармонда махсус хизматларнинг қатъий диққат эътибори остига олинган пул жўнатмалари тизими тўғрисда ҳам ҳеч нарса дейилмаган. Эслатиб ўтамиз, сўнгги пайтларда мустақил ва ғарб оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон банкларининг жисмоний шахсларга чет эллардан эркин валютада келиб тушаётган пул жўнатмаларини беришни тўхтатиб қўйганлари ҳақида кўп маротаба хабар тарқатгандилар. «Western Union» ва бошқа операторлар Миллий хавфсизлик хизматининг кўрсатмасига биноан мижозлари тўғрисида барча маълумотларни очиб бераётганлари, уларнинг аксарияти пул олишда жиддий муаммоларни бошидан кечираётганлари ва улар кимдан ва нима учун пул олаётгани ҳақида тушунтириш хатлари ёзаётганлари ҳақида хабар берилганди. Яъни, бу ерда банк сирининг умуман ҳиди келмаяпти.

Миллий банк матбуот хизмати ушбу хабарлардан ташвишланиб 1 февраль куни раддия билан чиққанди. “Келаётган пул жўнатмалирини махсус тартибдаги операциялар (жўнатувчининг олувчига мансублигини текшириш, олувчи билан ҳуфия суҳбат) ўтказилаётган махсус ҳисоб рақамларига киритилмаяпти”, ­ дея билдирди Миллий банк матбуот хизмати ҳамда бу хабарларни шаклланган пул жўнатмалари бозорини барқарорлигига футур етказишга ва унинг маълум бир қисмини номашруъ каналлардан фойдаланишга қаратишга уриниш каби баҳолади.

Аммо бир неча кун ўтибоқ Миллий банк раддиясининг ўзи ҳақиқатга тўғри келмаслиги аниқ ва равшан бўлиб қолди. Негаки, Интернетда аҳвол ўзгармай яна давом этаётгани ҳақида батафсил маълумот пайдо бўлди. Шундай қилиб, Миллий банк ёлғон-­яшиқ маълумоти билан ўзининг доғ бўлиб бўлган обрўсини янада қорайтириб юборди. Энди барча банкларни четлаб ўтувчи пул жўнатмалари оқими кўтарилиб боришини кутиш мумкин.

Шунинг учун ҳам президентнинг фармони яхши ниятларни рўкач қилгани билан амалда қуруқ сафсатанинг ўзгинаси, холос. Ўзбекистон банклари алоҳида, ажратиб қўйилган маконда мавжуд эмас. Республикадаги умумий вазият эса шундайки, банк сирларининг очиқдан-­очиқ поймол этилиши шунчалик кенг кўламга эга бўлиб одатий ҳолга айланганки, вазиятни тубдан ўзгартирмай одамларда банк тизимига нисбатан ишонч уйғотиб бўлмайди. Одамлар президент фармонни ўқибоқ оммавий равишда пулларини банкларга олиб боришларини кутиш мумкин эмас (қизиқ эмасми, конституцияни поймол этувчиларнинг энг каттаси қандайдир қонун актларини чиқариб, тағин уларни бажаришга кўрсатма ҳам бермоқда) . Шундай қилиб, ушбу фармон ўз олдига қўйилган мақсадга эришади дейиш кишида катта иштибоҳ уйғотмоқда.