12:28 msk, 29 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Президент банк сирини оғишмай сақланишини талаб қилди

22.02.2008 14:25 msk

Қ.Нордонов

Ўзбекистон расмий ОАВ мамлакат президенти Ислом Каримовнинг “Тижорат банкларида аҳоли омонатлари шартларини либeраллаштириш ҳамда кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармонини чоп этдилар. Матннинг бошидаёқ фармоннинг хуш мақсади билдирилган: аҳолининг банк тизимига ишончини мустаҳкамлаш. Аммо бу мақсад амалда ҳаётга татбиқ этиладими ёки йўқми - бошқа масала.

Эслатиб ўтамиз, нашримиз саҳифаларида чоп этилган “Ўзбекистон Миллий банки мижозлар олдидаги ўз мажбуриятларини писанд қилмаяпти” дея аталувчи мақолада республикада фуқароларнинг банк операциялари устидан назорат ўтган йилнинг охирида яна кучайгани тўғрисида хабар бергандик. Бу асосан чет элдан келаётган пул жўнатмаларига тааллуқли эди. “Фарғона.Ру” АА манбалари мижозлар ўз ҳисоб рақамларидаги пулларини олиш учун банк ходимларига ва қандайдир “форма киймаган одамларга” пул маблағларининг келиб чиқиши ва қонунийлигини исботлаши лозимлиги ҳақида маълум қилгандилар. Кўпинча бу ҳам ёрдам бермаган. Мижозлар ҳатто республиканинг бош банкидан ҳам қуруқ қайтишларига тўғри келган, негаки банк ходимлари уларга пул беришдан очиқдан-очиқ бош тортмасалар ҳам, бу жараённи иложи борича мураккаблаштиришга уринганлар.

Қайд этиш жоизки, Ислом Каримовнинг кечаги фармони гўёки, нашримиз куни-кеча чоп этган мақоламизга жавобдек туюлди. Шундай қилиб, Ўзбекистон президенти ўзининг фармони билан республика банкларга, ҳуқуқ-тартибот, солиқ ва бошқа назорат идораларига жисмоний шахс бўлган пул қўювчилардан ва уларга хизмат кўрсатаётган банклардан пул маблағларининг келиб чиқишининг қонунийлиги борасида турли ҳужжат ва маълумотномалар ва бошқа банк сирига оид маълумотларни сўрашни тақиқлади.

“Пул қўювчидан пул маблағларининг кeлиб чиқиш манбалари тўғрисида маълумотномалар ва бошқа ахборотларни ҳар қандай тарзда талаб қилиш ноқонуний дeб ҳисоблансин, ушбу талабларни бузган мансабдор шахслар бeлгиланган тартибда жавобгарликка тортилсин”, - дейилади ҳужжатда.

“Ниҳоят амалга ошди! Банк соҳасида тартиб ўрнатиладиган бўлди!”, дея қичқиргинг келади. Аммо хулоса чиқаришга шошилманг. Мисол учун, Ўзбекистонда матбуот цензураси Конституция томонидан тақиқланган, ОАВ тўғрисидаги қонун ва президентнинг бир неча фармонлари билан бекор қилинган. Шунга қарамай, республикада эркин оммавий ахборот воситалари амалда йўқ ҳисобида.

Ўзбекистон президентининг янги фармонида янгилик йўқ. Унда қонундаги мавжуд нарсалар такрорланган, холос. Ҳужжат матнида ҳам шундай дейилган: “Қонун ҳужжатларига мувофиқ:

Пул қўювчи жисмоний шахслар банклардаги дeпозит ҳисобварақларига қўйилган пул маблағларини ўзларининг хоҳишларига кўра ва чeкловларсиз тасарруф этишлари мумкин;

банклар жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари ва пул қўйилмалари борасида, шунингдeк, улар бўйича амалга ошириладиган опeрациялар хусусида банк сири сақланишини кафолатлашлари шарт; банк сири ҳисобланган маълумотларни ноқонуний ошкор этгани ёки учинчи шахсларга бeргани учун айбдор бўлган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларида бeлгиланган тартибда жавобгарликка, ҳатто жиноий жавобгарликка ҳам тортилади”.

Шундай қилиб, мустақил республика президенти гўёки ўз банкирларига: бўлди энди йигитлар, бас, энди қонунга мувофиқ ишлаш керак, дегандек бўлаяпти. Ўз-ўзидан савол туғилади: нима, улар олдин бу қонунларни ўқимаганми?

“Президентимиз умуман олганда эски бўлса ҳам тузук ёзилган қонунлар ишламаса, банкирларга бармоқ ила пўписа қилувчи ва бош прокуратура зиммасига юкловчи навбатдаги фармони билан ҳеч нарсани ўзгартира олмаслигини билмайди шекилли”, - дейди вазият билан жуда яхши таниш бўлган тошкентлик тадбиркор ва иқтисодиёт соҳасида эксперт “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига. ­ Бундай фармон халқ хўжалигини маъмурий буйруқбозлик йўли билан бошқаришга уринаётган олий ҳокимиятнинг тўла ноқобиллигидан дарак беради. Банклар бозор қонунига мувофиқ ишлаши керак, Ўзбекистонда эса бозор иқтисодиёти йўқ”.

Шу билан бирга, Ўзбекистон давлати раҳбарининг фармони янги тартиб киритмоқда: энди 2008 йилнинг 1 апрелидан бошлаб 2009 йилнинг 1 апрель оралиғидаги даврда банклар Ўзбeкистон Рeспубликаси рeзидeнтлари - жисмоний шахслардан дeпозит ҳисобварақларга, жумладан, тақдим этувчининг дeпозитларига нақд пул шаклида қўйилган ёки ўзларининг хорижий банклардаги шахсий ҳисобварақларидан ўтказилган миллий ва хорижий валютадаги пул маблағларини омонатларнинг миқдорини чeкламаган ва уларнинг кeлиб чиқиш манбаларини тасдиқлайдиган ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда қабул қилишга мажбурдирлар.

“Фарғона.Ру” АА экспертларига кўра, фармоннинг ушбу моддаси давлат пул маблағлари, хусусан валюта борасида жуда қатъий тақчилликни бошидан кечираётганига далил бўлмоқда. Мутахассислар ҳукумат давлат хазинасини тўлдиришга, шунингдек, бир вақтнинг ўзида инфляция даражасини пасайтириш мақсадида нақд пул айланмасини камайтиришга уринмоқда, дея ҳисобламоқдалар.

Анъанага кўра, муштарийларимиздан бу чораларнинг қай даражада амалга ошиши мумкинлиги, яъни Ўзбекистон президентининг янги фармони хусусий тадбиркорларнинг ва Ўзбекистон банклари оддий мижозларининг ҳаётини қанчалик енгиллаштириши борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашишга чақирамиз. Мактубларингизни “Лойиҳа ҳақида” саҳифасидаги алоқа воситаси ёрдамида юборишингиз мумкин.

Фармоннинг тўлиқ матни билан ЎзА ахборот агентлигининг саҳифаларида ўқишингиз мумкин.



 

Реклама