21:12 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Мулозимлар гиламости курашларида Интернет нашрларидан ахборот “тўкиш” учун фойдаланмоқдалар

22.02.2008 11:28 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистон ҳукумати раисининг эгаллаб турган лавозимидан четлатилгани ҳақида биринчи бўлиб Тошкентдаги мустақил Uzmetronom веб­нашри хабар берди. Бу янгиликни деярли шу заҳотиёқ «Kazakhstan Today» агентлиги чоп этди. Бир оз ўтиб бу хабарни Лента.Ру ҳам ёйинлади. Шундан сўнг Интерфакс каналлари орқали Ўзбекистон ҳукуматининг раддияси пайдо бўлди, аммо Uzmetronom барибир яна ўзиникини маъқуллашда давом этаверди.

21 февраль куни Марказий Осиёга алоқадор журналист ва экспертларни Ўзбекистондан етиб келган ушбу янгилик бир оз тебратиб юборди. Гўёки, Ислом Каримовга садоқатли Шавкат Мирзиёев ўрнига нисбатан ёш молиячи Рустам Азимов бош вазир лавозимига тайинланган.

Ўзбекистоннинг янги бош вазири этиб Рустам Азимов тайинланиши ҳақидаги миш­мишлар бир неча ой давомида тўхтагани йўқ. Аммо мулозимлардан бирининг истеъфоси ва бошқасининг тайинланиши ҳақидаги президент фармонининг матни ҳеч қаерда, на «Ахборот» дастурида ва на Ўзбекистоннинг расмий газета ва агентликларининг сайтларида пайдо бўлмади.

Кадрларнинг алмашуви ҳақидаги хабарни фақат Тошкентдаги мустақил Uzmetronom веб­нашри чоп этди, холос. Бир неча соат ўтиб эса бу хабарни расмий Тошкент қатъий тарзда инкор этди.

Биз вазиятга аниқлик киритиш учун Uzmetronom нашри муҳаррири Сергей Ежков билан боғландик.

Фарғона.Ру: - Сергей Александрович, сиз таянган сирли “ишончли манбаларингиз” ким ўзи?

С.Ежков: - Мен ҳеч қачон ахборот манбаларимни ошкор қилмайман, охир­оқибат, улар берган маълумот нотўғри бўлса ҳам. Мен бу қоидани ҳар қандай шароитда ҳам бузмоқчи эмасман. Ахир Ўзбекистонда расмий каналлар орқали тезкор ахборот деярли олиб бўлмайди.

Фарғона.Ру: - Ундай бўлса, сиз норасмий каналларга тўла ишонар экансизда?

С.Ежков: - Масъул мансабдор шахснинг Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев лавозимидан четлатилгани ва унинг ўрнига Рустам Азимовнинг тайинлангани ҳақида бизга маълумот бериши биринчи марта содир бўлаётгани йўқлигини айтиб ўтишим керак. Сўнгги ой давомида агар адашмаган бўлсам камида олти марта шундай хабар беришган. Аммо ҳар сафар биз бу маълумотларни текширганмизда тасдиқланмаган.

Кеча, 20 февраль куни таҳририятимизга бир неча маҳкамадан деярли бир вақтнинг ўзида бош вазирнинг лавозимдан четлатилгани ҳақида маълумот келиб тушди. Ўша пайтда биз бош вазир матбуот хизмати билан боғлана олмадик.

Фарғона.Ру: - Бундай ахборот “тўкилиши” кимга керак бўлиб қолган экан?

Сергей Ежков
Сергей Ежков – таниқли ўзбекистонлик журналист, Тошкентда яшайди. Узоқ вақт давомида «Правда Востока» газетасида ҳуқуқ бўлимини бошқарган, турли ОАВ, шу жумладан, ҳозир «Фарғона.Ру» АА билан ҳамкорлик қилган. Ҳозир Uzmetronom.Com веб нашининг муаллифларидан бири.

С.Ежков: - Ўзбекистонда етарли даражада давлатманд одамлар тоифасидан Шавкат Мирзиёевни ҳукумат раиси лавозимида кўришни истамаётган ҳамфикрлар гуруҳи шаклланганига ишончим қатъий. Мендаги маълумотларга кўра, етарли даражада узоқ муддат давомида ҳукуматни бошқариб келган Мирзиёев шу чоққача ҳеч кимнинг олдида тили қисилиб қолган жойи ёки мажбурияти йўқ, иложи борича ўзига топширилган ишни шовқин­суронсиз, матбуотнинг эътиборини жалб этмай бажариб юрибди.

Фарғона.Ру: - Шавкат Мирзиёевга нисбатан ростдан ҳам нохолислар борми?

С.Ежков: - У халқ хўжалигини ирода кучи билан бошқариш тарафдори. Бу ҳаммага ҳам ёқавермайди. Ғарб нуқтаи назаридан бу каби “қўл бошқаруви” самарасиз ҳисобланади. Юзага келган ўзбек воқелиги нуқтаи назаридан ­ бу ҳозирча ягона мақбул ва самарадор усул.

У омма олдида ўзини кўз­кўз қилмайди, сўзга бой нотиқ эмас. Унинг қисқа ва лўнда кўрсатмалари сўзсиз ва иложи борича қисқа муддатларда бажарилади. Ш.Мирзиёевга хушомад қилиш ниятим йўқ, аммо уни Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери энг самарали ҳукумат раиси деб ҳисоблайман.

Фарғона.Ру: - Ўзбекистон бош вазирининг ташаббуси билан баъзи бир обрўли тадбиркорлар йўқ қилинди, ҳолбуки, улар маълум бир вазиятларда давлатга ишончли таянч бўлишлари ва иқтисодиётнинг бутун бир соҳаларини кўтаришлари мумкин эди, деган фикрлар билан танишмисиз?

С.Ежков: - Аниқ билмайман, аммо бундай эмас, деб ўйлайман. Шу билан бирга, ҳозирги бош вазирнинг лавозимда бўлиши даврида у кимнингдир тижорат манфаатларига зид келган бўлиши ҳам мумкин.

Фарғона.Ру: - Агар ахборотни эркин оммавий ахборот воситаларига “тўкаётган” бўлсалар, демак бу нашрларни обрўли ва таъсирли дея ҳисоблашар экан. Сиз бу борада нима деб ўйлайсиз?

С.Ежков: - Кузатувларим натижаси ўлароқ, бугун бадавлат, шу жумладан, елкасида погонли мулозимлар ташаббуси билан Ўзбекистонда қандайдир гиламости кураши кетмоқда, деган фикрга келдим. Мамлакатда эркин матбуотнинг йўқлиги ҳозирча бу курашнинг у ёки бу шахснинг обрўсизлантирувчи материалларни очиқчасига тўкиш категориясига ўтишга имконият бермаяпти. Аммо, ҳокимият устига келмоқчи бўлганлар мустақил оммавий ахборот воситаларидан ва биринчи навбатда интернет нашрларидан фойдаланиш мумкинлигини аллақачон тушуниб етганлар. Ахир шунда анонимлик кафолатланган, оқибатлар эса минималлашган бўлади.