15:49 msk, 20 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ҳуқуқ ҳимоячилари яна маҳбуслар ҳуқуқлари поймол қилинаётгани ҳақида билдирмоқдалар

21.02.2008 17:03 msk

ЎМҲҲТГ

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳи (ЎМҲҲТГ) матбуот марказининг маълум қилишича, диний эътиқоди учун жазони ўтаётган маҳбусларни қийнашнинг янги шакллари қўланмоқда. Республика жазони ўташ муассасаларида мансабдор шахслар Ўзбекистон Республикаси конституцияси томонидан кафолатланган инсон ҳуқуқлари бўйича барча халқаро меъёрларни ва давлат қонунларини бузган ҳолда бедодликлар содир этишни давом этмоқдалар ва жазосиз қолмоқдалар. Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон колониялари ва турмаларида жазони ўтаётган маҳбусларнинг яқин қариндошларига таянган ҳолда диндор маҳбусларга нисбатан руҳий босим кучая бораётгани, уларга номоз ўқиш ва Қуръон тиловат қилиш тақиқланаётгани ҳақида маълумот бермоқдалар.

Номоз Ислом динидаги бешта асосий рукнларидан бири. Мусулмоннинг саломатлиги ва қаерда бўлишидан қатъий назар, беш вақт намозни адо этиш фарз амаллардан бўлиб, беномозлик мусулмон учун гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Мўмин одам учун номозни адо этишни маън этиш жуда катта руҳий босим ҳисобланади.

Ўзбекистон қонунларига кўра, маҳбуслар ҳар қандай динга эътиқод қилиши ва маросимларни адо этиш ҳуқуқига эгалар. Шу билан бирга, улар муассаса ички тартибини бузмасликлари керак.

Аммо республиканинг барча колонияларида ва айниқса, Навоий вилоятидаги жазони ўташ колонияларида маҳбусларнинг ҳар қайси вақтда, жаҳрийми ёки маҳфийми, номозни адо этиши ички тартибни бузиш ҳисобланади ва жазоланади.

Битта шундай “тартиб бузувчи” билан бирга 120-150 кишидан иборат отряд жазога тортилади. Бир неча соат давомида бутун отрядни турли услублар билан маршировка қилдирадилар (ўтириб, оёқ учида юриш ва шунга ўхшаш). Бу каби жазоларни қўллашдан мақсад − номозхонларга нисбатан шерикларида душманлик кайфиятини шакллантириш.

ЎМҲҲТГ билдиришича, жамиятдан, оиласидан ва яқинларидан ажратиб қўйилган шароитда диний маросимларнинг адо этилиши шахснинг қайта тарбияланиши ва маънавий ўсишининг энг муҳим омилларидан бўлиб қолиши мумкин.

ЎМҲҲТГ Россия ва Қозоғистон Республикасидаги баъзи пенитенциар муассасаларда диндорлар билан ишлаш усулларини ташкил этиш тизими билан танишди. Бу давлатларда маҳбуслар ўз динига бемалол эътиқод қилишлари ва диний маросимларни адо этишлари учун барча шароитлар яратиб берилган.

Мисол учун, Олмаота вилояти Зареченский туманидаги қатъий тартибдаги колонияда маҳбусларнинг кучи билан масжид қурилди. Бу ерда маҳбуслар беш маҳал намозларини адо этмоқдалар, Қуръон тиловат қилмоқдалар. Масжиднинг тантанали очилишида республика муфтияти вакиллари ҳам иштирок этдилар. Россиянинг аксарият колонияларида мусулмонларнинг номоз ўқишлари учун алоҳида хоналар ажратиб қўйилган.

Ўзбекистон аҳолисининг камида саксон фоизи мусулмон бўлгани, республика президенти ўз нутқларида кўп марта Аллоҳга мурожаат қилгани, лавозимга киришиш маросимида қўлини муқаддас Қуръонга қўйган ҳолда қасамёд этиши билан бирга, республика пенитенциар муассасаларида бедодликлар ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилишлари ҳукм сурмоқда.

Бу каби инсон ҳуқуқларининг бузилишлари Ўзбекистон Республикасининг жаҳон ҳамжамияти олдидаги обрўсига футур етказмай қолмайди, дея хулоса қилади ЎМҲҲТГ.