16:02 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тақирбошлар қаердан пайдо бўлди? Уларнинг ўзи борми?

19.02.2008 09:59 msk

ОАВ материаллари бўйича

Сўнгги тўрт йил ичида Россияда Қирғизистоннинг қирқ бешта фуқароси, шу жумладан, ўтган йили ўн тўртта қирғизистонлик ўлдирилган. 2008­чи йил бошидан қирғизистонлик фуқароларга нисбатан ўттиз иккита жиноят содир этилди, шу кунгача уларнинг олтитаси ўлдирилди. Ирқчилик негизида содир этилган дейишга асос берувчи анъанавий жиноий сабаблар кўринмаган тажовузларнинг ҳаммаси кесувчи­санчувчи қуроллар воситасида амалга оширилган. Аммо, “тақирбошлар” фақат қирғизларни таъқиб этаётганлари йўқ. Ёш тақирбошларнинг қурбонлари орасида Хитой, Тожикистон, Ўзбекистон, Молдова, Озарбайжон ва бошқа мамлакат фуқаролар ҳам бор.

Москвада Марказий Осиё республикалари ва Кавказдан келган меҳнат муҳожирларига нисбатан тақирбошлар томонидан тажовузлар шунчалик кўпайиб кетдики, милиция бундай ҳужумларнинг олдини олиш учун “славян кўринишга мансуб бўлмаган фуқароларни ҳимоя қилишга қаратилган” махсус чораларни кўришга мажбур бўлмоқда. Россияга нима бўлаяпти ўзи? Миллатчилар қаердан пайдо бўлаяптилар? Умуман олганда, улар борми ўзи? Россиялик экспертлар, милиционерлар, мулозимлар, сиёсатчилар ва жамоатчилик фикрлари етакчилари ёшларнинг миллатчилик руҳидаги чиқишлари кўпайиб қолганини қандай шарҳламоқдалар?..

“Фарғона.Ру” АА таҳририяти бир қатор мақолаларни ксенофобия ва ирқчилик мавзусига бағишламоқчи. Саволларимизга оддий муҳожирлар, москваликлар, ва турган гап, олимлар, сиёсатшунослар ва экспертлар жавоб берадилар. Муштарийларимиздан ушбу масала бўйича ўз фикрларини билдиришларини сўраймиз. Таҳририятга мактубларни сайтимиз саҳифаларида жойлаштирилган алоқа усулларидан фойдаланиб жўнатишингиз мумкин.

Қуйида ОАВ саҳфаларидан терилган муаммога турлича қараш ва нуқтаи назарларни ифода этувчи фикрларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

* * *

Гейдар Джемаль
Ҳайдар Жамол

Россия Ислом қўмитаси раиси Ҳайдар Жамол Россияда ксенофобия юқоридан туриб авж олдирилаётганига ишончи комил. “Агар кучишлатар тизимидаги шахслар уларга ҳомийлик қилмаганларида, тақирбошлар тўдаси пайдо бўлиб, шунча қотилликлар қилмаган бўларди. Бу адолат учун курашнинг ифодаси эмас, балки ҳокимият устида турган бир гуруҳнинг бошқаси билан кураши, холос. Ксенофобия расмийлар томонидан рағбатлантирилгани учун ҳам мавжуд. Расмийлар маиший даражадаги миллатчиликка мойил ёшлардан усталик билан фойдаланадилар. Шу билан бирга, кенг жамоатчилик қатламлари расмийлар истаганидек ксенофобия ботқоғига ботиб қолмаганини таъкидламоқчиман, ­ дейди Ҳ.Жамол. ­ Агар расмийлар истаганларида гастарбайтерлар оқимини саноқли дақиқаларда тўхтатиб қўйган бўлардилар. Пул ишлагани келган чет элликлар ҳокимият устида турган гуруҳлар ўртасида кураш олиб бориш учун керак...” (Day.Az ахборот агентлиги)

Тарихчи Николай Митрохиннинг ёзишича, “тақирбошлар кўплаб маданий­мусиқавий­ижтимоий лойиҳалардан бири бўлиб, муҳожирларга қарши норозилик тўлқинида тезда оммавийлашиб кетдилар ва жиддий ижтимоий мавжудликка айландилар”. “Тақирбошлар тўқсонинчи йилларда маҳаллий ҳокимиятдан ва ҳуқуқ­тартибот идораларидан, биринчи навбатда милициядан яширин ёрдам олмаганларида бунчалик тез оммавийлашмаган ва жиддий муаммога айланмаган бўлардилар”. ( “Тегиб бўлмас захира” )

Юрий Лужков
Юрий Лужков

Москва шаҳар ҳокими Юрий Лужков ёшлар ўртасида миллатчиликнинг намоён бўлиши тарбияга узвий боғлиқ, дея ишончи комил. “Миллатчилик мамлакатимиз учун ҳайрон қолдирувчи, фашизм билан курашда йигирма миллиондан ортиқ қурбонларни йўқотган халқимиз хотираси учун мутлақо зид бўлган ҳолат, ­ дейди Юрий Лужков. ­ Шунга қарамай шундай аҳвол мавжуд ва бу нарса бизнинг муҳитда униб ўсмоқда. Бу ёмон тарбия ва ёмон таълимнинг таъсири бўлса керак”. Москва мэрига кўра, бундай аҳволнинг келиб чиқишига ота­оналарнинг ўз болаларига бефарқлиги асосий сабаб бўлиб қолмоқда. Шу билан билан бирга, у “бунинг сиёсий негизи ҳам бор”, деб ҳисоблайди. “Мамлакатда ёш авлод билан ишловчи бир қатор сиёсий тузилмалар мавжуд бўлиб, улар турли рамз ва кўринишлар билан ёшларни ўзларига жалб этмоқдалар”.

Владимир Пронин
Владимир Пронин
Москва шаҳар ИИБ бошлиғи Владимир Пронин Москвада “тақирбош”ларнинг уюшган ҳаракати йўқ, фақат алоҳида гуруҳлар мавжуд деб ҳисобламоқда. “Яқинда ўнта йигитни қўлга олдик, ­ дейди Москва милициясининг бошлиғи. ­ Осиёликларга гўёки уларни ишдан маҳрум қилиб қўяётганлари учун ҳужум қилган эмишлар. Ўзлари бўлса коллеж ва олий ўқув юртларининг талабалари, асло бўёқчи ёки ғишт терувчи эмас! Уларни тинтув қилинганда ёнларидан махсус адабиёт, найза, қонли фильмлар ёзувлари топилди. Аниқланишича, бу йигитлар бир­бирларини интернет орқали топганлар. Ўша интернет орқали алоқада бўлганлар ва бир­бирларига мақтанганлар: “Мен тожикни пичоқладим...” Ота­оналари туппа­тузук одамлар, ўрта синфга мансуб, аммо болаларини умуман ташлаб қўйганлар. Ҳозир ҳибсга олинганлар билан руҳшунослар (психологлар) ишлаяпти ­ болалардаги тушунарсиз агрессиянинг сабабларини аниқламоқдалар. Муаммо шундаки, бизда анчадан бери ҳеч қандай мафкура йўқ. Боз устига, касб­ҳунар таълим тизими йўқ бўлиб кетди, ишчи ёшларимизни йўқотиб қўйдик. Ўспиринларнинг қиладиган иши йўқ, ижобий мафкурадан маҳрум, қони қайнаб турган, атрофда эса келгиндилар. Бунинг устига, мажбурий ўрта таълим бекор қилинган. Ҳозир ҳар бир округда мактабга қатнамай қўйган 200­300 тадан болалар бор! Улар жуда бўлса машина ювадилар. Кейин нима қиладилар?” (“Комсомольская правда” 18.02.2008)

Санобар Шерматова
Санобар Шерматова
Новости РАА экспертлар кенгашининг аъзоси Санобар Шерматова миллатчилик негизида содир этилаётган қотилликларнинг фожеавий статистикаси Россия сиёсатининг ўз олдига қўйган энг муҳим мақсадларига зид келади, деб айтмоқда. “Москва Марказий Осиёда ўз таъсирини сақлаб қолиш учун жиддий кураш олиб бормоқда ва бу соҳадаги эришилган ютуқларнинг асл қийматини ҳақиқий мутахассислар билади, холос. Аммо Россиянинг ичида бошқа фронт пайдо бўлган ва бу ердан дўст дея ҳисобланган мамлакатларга ҳар куни тобутлар жўнатилмоқда. Ушбу мамлакатлар фуқароларининг зўравонлик оқибатида ҳалок бўлиш статистикаси Россия билан иттифоқчилик муносабатларига қандай қилиб мос келиши мумкин? Пировардида, бу зиддиятлар юзага қалқиб чиқади. Қирғизистонда ватандошларининг ўлдирилиши муносабати билан юзага келган ғазаб бурилишни намоён этмоқда: “ўзимизникилар” “бегоналар”га айланмоқда. Орияти кучли қирғизлар Чеченистондаги урушни, гаровга олинишларни бошидан кечирган россияликлардан фарқли ўлароқ зўравонликни қабул қиладиган халқ эмас. Халқларимиз турли муҳит ва ўлчамларда яшамоқдалар. Россиянинг қайсидир бурчагида олтита намойишчининг ҳалок бўлганидан норози бўлиб минглаб одамларнинг бош кўтариб чиқишини тасаввур қилиш қийин. Аммо Қирғизистонда Каравон шаҳарчаси ёнидаги намойиш тарқатилаётганида ҳалок бўлган митинг иштирокчиларининг ҳамқишлоқлари бир неча йил давомида айбдорларни топиб жазолашни талаб қилиб чиқишни тўхтатмаганлар...” (Trend News ахборот агентлиги)

Яков Гилинский
Яков Гилинский
Россия Фанлар академияси Ижтимоий институти Девианталогия маркази директори Яков Гинскийга кўра, ксенофобия, миллатчилик ва фашизм замонавий Россияда камида учта функцияни амалга оширмоқда. “Биринчидан, яқинлашаётган сайлов олдидан “қўрқитиш воситаси: ёки биз (ВВП ва унинг меросхўри) ёки фашистлар. Иккинчидан ­ бирорта ҳам ижтимоий муаммони ҳал қила олмаган (қашшоқлик, турар­жой, армия, таълим, медицина, фан ва ҳ.к.) ноқобил ҳокимият учун “бегоналар” энг қулай баҳона. Учинчидан, фашистлар, тақирбошлар ­ ҳокимиятни қўрқитиб юборган муҳталам бинафша ранг инқилобларга қарши курашда “бош қўмондонликнинг захираси” бўлиб қолмоқда. Ҳа, бугун улардан “норози”ларга қарши курашда фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, “руҳий қондошлик” мавжуд: негаки, фашистлар (нацистлар) ­ қанжиқ итнинг боласи бўлса ҳам, улар бизнинг қанжиқ итларимизнинг болалари... (“Независимая газета”)

Евгений Сатановский
Евгений Сатановский
Россия яҳудийлари конгресси вице­президенти, Яқин Шарқ Институти президенти Евгений Сатановскийга кўра, “Россияда ксенофобия шу кунгача етарли даражада юқори кўтарилган, аммо Шарқий ва Ғарбий Европага (Франция, Австрия ва бошқа мамлакатлар) ва АҚШга нисбатан анча паст. Баъзи мамлакатларда ксенофобиянинг пайдо бўлишини олдини олувчи механизмлар яратилган ва унинг очиқдан­очиқ намоён бўлишига йўл қўйилмайди. Бизда эса бу механизмлар йўқ қилинган”, ­ дея қайд этди у. Сатановскийга кўра, Россия раҳбарияти бугунги кунда “ксенофобияга қарши курашни истайди”. “Аммо, ҳуқуқ­тартибот ва таълим тизимлари оғир инерция ҳолатига тушиб қолиб, янги иш билан шуғулланишни истамаяптилар”, ­ дея ҳисоблайди у. Шу билан бирга, Сатановскийга кўра, “вазият яхшиланмоқда ва соғломлаштириш ва меъёрий тартиблар ўрнатиш жараёни кечмоқда”. (Новости РАА)