16:46 msk, 25 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Миллий банки мижозлар олдидаги ўз мажбуриятларини писанд қилмаяпти

15.02.2008 21:35 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистон Миллий банки (ЎМБ) зиммасидаги мажбуриятларини писанд қилмай, амалдаги тартибларга зид ўлароқ мижозларнинг ҳуқуқини поймол этиб келишни давом этмоқда. “Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг Тошкентдаги ахборот манбалари мамлакат фуқаролари ҳисоб рақамига келиб тушаётган пулларнинг берилишини орқага суриш ўтган йилнинг декабрь ойидан бери бошлангани ва ҳозиргача давом этаётгани ҳақида маълум қилмоқдалар.

Ҳисоб рақамига пул келиб тушиши билан мижозни банкнинг марказий бўлимига чақириб, уни аввал №27 хонага жўнатишмоқда. Бу хонада унчалик катта бўлмаган ходимлар гуруҳи мижознинг ўзига ҳос “сўроққа” тутиб, унинг ҳисоб рақамига пул туширган ташкилот ёки шахс ҳақида ҳужжат тақдим этишни талаб қилмоқдалар. ЎМБ ўрнатган янги тартибга кўра, мижоз уларга ҳужжат билан пул жўнатувчи ва олувчи ўртасида қандайдир мажбуриятлар борлигини, ҳисоб рақамига келиб тушган пулнинг грант эмаслигини исботлаши лозим.

Сўроққа тутилган мижозлар орасида чет элнинг Франс-Пресс ва “Новости” РАА каби ахборот агентликларининг мухбирлари ҳам бор. №27 хонадаги ходимларга мазкур номлар дунё бўйича машҳур ахборот агентликларига тегишли ва улар грант берадиган ташкилотлар қаторига кирмаслигини тушунтириш ҳеч қандай натижа бермаяпти.

ЎМБ киритган янги тартибга мувофиқ, мижоз ҳисоб рақамига келиб тушган пулни олишга рухсат олиш учун бир қатор ҳужжатларни тақдим этиши ва қандайдир жаноб Воитовнинг номига ариза ёзиши керак. Ушбу ҳужжат келиб тушган пул “фақат маош эканлиги ва грант эмаслиги” ҳақида батафсил тушунтириш хати билан тўлдирилган бўлиши керак. Шунингдек, олувчи паспортининг ксеронусхасини ҳам тақдим этиши керак.

Шундан кейин №27 хонадагиларнинг билдиришича, ушбу ҳужжатлар “кўриб чиқиш учун” қаергадир жўнатилади. Агар у ердагилар рози бўлса, пулингизни оласиз. Рухсат берувчи одамлар кимлиги аниқ эмас. Бундай муолажалар нимага асосан ўтказилиши ва банк нега ушбу киритилган янгиликлар борасида тушунтириш бермаётгани – жавобсиз қолган саволлар қаторидан жой олган.

Шу билан бирга, амалдаги қоидага кўра, банк ўз зиммасига олган мажбуриятларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариши лозим. Мижозларнинг ҳисоб рақамлари устидан ўтказилаётган операциялар ва ҳисоб рақамининг ҳолати ҳақида сир сақлаш кафолатини тақдим этиш, шунингдек, мижоз ҳисоб рақамига келиб тушган пулни олмоқчи бўлганда ҳисоб дафтарчасини тақдим этиши биланоқ бериш банк ўз зиммасига олган асосий мажбуриятлардан ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам қандайдир Воитовнинг кимлиги ҳақидаги аниқ маълумотнинг йўқлиги ва нега энди мижозлар ўзига тегишли пулни олиши учун ундан рухсат олиши кераклиги, шунингдек, паспортнинг ва ҳисоб дафтарчасининг ксеронусхасини тақдим этиш зарурати мижозларда банк томонидан ўз зиммасига олган мажбуриятлари борасида шубҳа уйғотиши табиий.

“Икки ойдан бери шаҳар банкига бош идорамиздан маош олаётганим ҳақида хат олиб келаман. Менга ҳар ой шундай хат олиб келишга мажбурсан, ишлаётганингни ва олаётган пулинг маош эканлигини ва грант эмаслиги ҳақида хат олиб келишинг керак, дейишмоқда. Бунақанги ҳамоқатни авваллари ҳеч қаерда ва ҳеч қачон кўрмаганман”, - дейди Ўзбекистон ҳудудида расман фаолият юритаётган хорижий ахборот агентликларидан бирининг ходими.

Банк ходимига кўра, “анчадан бери у ёки бу ташкилотнинг ходими бўлмаганига қарамай, пул жўнатмалари олаётган одамларни аниқлаш” мақсадида бундай чора кўриш зарур экан. “Шунингдек, иш берувчилар билан тузилган шартномалар ўз кучини йўқотганига қарамай, пул жўнатмаларини олаётган одамлар бор”.

Маҳаллий юрист Иброҳим Расуловнинг билдиришича, банк у ёки бу ташкилотнинг фаолиятига юридик ўзгартишлар киритишга ҳамда жисмоний шахснинг юридик ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш жараёнига аралашишга ҳақи йўқ. “Банкнинг мажбурияти – мижозларига банк хизмати кўрсатиш ва ўз зиммасига олган мажбуриятларни тегишли тартибда оғишмай бажариш”, - дея аниқлик киритмоқда И.Расулов. Боз устига, унга кўра, банк мижоз рухсатисиз унинг ҳисоб рақамида қандайдир операциялар ўтказишга ҳақи йўқ.

Ушбу сатрлар муаллифининг кўз ўнгида Қорақалпоғистон, Хоразм ва Фарғона водийсидан Тошкентга пул жўнатмаларини олгани келган банк мижозларидан бир нечаси ЎМБ кўрсатаётган хизматнинг сифати борасида ўз эътирозларини айтдилар. Аммо уларнинг фикрлари банк ходимларини мутлақо ташвишга солгани йўқ. Банк ходималаридан бири бўлса “хизматларимиз ёқмаяптими? Марҳамат, бошқа банклар хизматидан фойдаланинг”, дея билдирди.

Ўзбекистонда фуқароларнинг банк операциялари устидан назорат ўтган йилнинг охирида яна кучайди. Республика молиявий доиралардаги манбанинг маълум қилишича, ҳукумат чет элдан пул жўнатмалари келиб тушаётган барча ҳисоб рақамларини “жўнатувчи тўғрисида барча маълумотлар аниқланмагунча” “музлатиб” қўйишга кўрсатма берган.

Бир қатор хорижий ОАВ Ўзбекистон мижозларнинг ҳисоб рақамлари билан ўтказаётган операциялар ҳақидаги хабарни ёйинлаганида, 2008 йилнинг февраль ойи бошида Ўзбекистон Миллий банки матбуот хизмати баёнот билан чиқиб, чет элдан пул жўнатмалари олаётган фуқароларнинг ҳисоб рақамларида қўшимча текширувлар олиб борилаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этганди.

Аммо, мустақил ахборот манбалари Ўзбекистон фуқаролари номига келиб тушаётган пул жўнатмалари махсус хизматлар томонидан очиқдан-очиқ текширилаётгани ҳақида маълум қилмоқдалар. Ўзбекистон расмийлари фуқароларининг пул жўнатмалари устидан текширувларни бир неча йил аввал бошлаган.



 

Реклама