11:28 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Ҳокимият юзи”: Ўзбекистон президенти Хоразмга янги ҳоким тайинлади

15.02.2008 17:42 msk

Ўз ахб. (Урганч)

Хоразм вилояти Халқ депутатлари кенгашининг 2008 йил 15 февраль куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов вилоятнинг янги ҳокими этиб тайинлаш учун олдин вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган

Аллаберган Аллабергановнинг номзодини тақдим этди. Шу чоққача Хоразм вилоятини 1999 йилдан бери Ислом Бобожонов бошқариб келганди. У бу лавозимга 1999 йил 16 февраль воқеаларидан бир оз олдинроқ, президент Каримов томонидан “шахсий нокамтарлик”да айбланган Искандар Юсуповнинг ўрнига келганди. Айтишларича, И.Юсуповнинг 55 ёшга киргани нишонланётганда вилоят телевидениесида “Ҳазрати инсон” дея номланувчи кўрсатувни бир неча бор намойиш этилиши давлат раҳбарига ёқмаган.

Здание администрации Хорезмской области, г. Ургенч
Ўзбекистон. Урганч шаҳар марказий майдони. Хоразм вилояти ҳокимияти биноси. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Ислом Бобожонов Ўзбекистон Компартияси Хонқа райкомининг биринчи котиби Олим Бобожоновнинг ўғли, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институтини тамомлаганидан кейин ҳокимликка тайинлангунича бир муддат Хонқа пахта заводининг бош муҳандиси, Хонқа тумани ҳокими, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаганди.

Президнт Каримов кўпчилик олдида “адаш” деб чақирган Ислом Бобожонов ҳоким бўлиб ишлаб юрган тўққиз йил давомида Ислом Каримовнинг эркаси бўлиб қолганди. У “Ўзбекистон қаҳрамони унвонига сазавор бўлган икки вилоят ҳокимидан бири бўлишга эришган.

Хоразмда бир вақтлар Ислом Бобожонов ўз лавозимини Гулнора Каримовага бўшатиб бериш эвазига республика бош вазири этиб тайинланиши мумкин деган миш-мишлар авж олганди. Нима бўлган тақдирда ҳам президент қизига тегишли “Малика” ва “Азия+” меҳмонхона тизимидаги vip-отеллар айнан у ҳокимлик қилган пайтда қурилган.

Бугун ҳоким этиб тайинланган Аллаберган Аллаберганов Урганч туманининг қўҳна Ғойбу қишлоғида туғилган. Бу қишлоқдан чиққан кадрлар туман ва вилоят қишлоқ хўжалиги ва кучишлатар тизимларининг раҳбарлари қаторини тўлғазиб келиши анъанага айланиб қолган.

Шундай оилалардан бирининг намояндаси бўлган А.Аллаберганов амал поғоналарида жуда тез кўтарилди. Эндигина қирқ саккиз ёшга кирганига қарамай, у туман қишлоқ хўжалики техника бошқармаси раиси, туман ва вилоят ҳокимияти бўлим мудири, вилоят назорат инспекцияси раҳбари, республика “Мевасабзавотвиносаноати” бирлашмаси раҳбарининг биринчи ўринбосари ва раҳбари, Боғот тумани ҳокими бўлиб ишлашга улгурган. А.Аллаберганов шу чоққача икки марта Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳамда республика қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаб келган.

Шу билан бирга, маҳаллий кузатувчилар А.Аллаберганов эгаллаган юқори лавозимларининг бирортасида ҳам кўзга кўринадиган натижаларга эришмаганини қайд этмоқдалар. Мисол учун, ўша Ислом Бобожоновнинг ўзи Аллаберганов Боғот тумани ҳокими лавозимида ишлаганида президентнинг ҳар бир туманда камида иккитадан чет эллик ҳамкорлар билан бирга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қўшма корхона тузиш тўғрисидаги кўрсатмасини бажара олмагани учун унинг пўстагини қоққанди. Шунинг учун ҳам маҳаллий таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистонда содир бўлажак глобал сиёсий ўзгаришларга катализатор бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган ҳамда ўзининг камсонли аҳолиси ва унчалик катта бўлмаган ҳудудига қарамай аҳамияти жиҳатидан Фарғона водийсидан кейинги ўринда турувчи вилоятга А.Аллабергановнинг ҳоким этиб тайинланиши, кўринишидан вақтинча характерга эга.



 

Реклама