19:25 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон: Энергетик инқироз пайтида ҳам қўл келмаган уран салоҳияти

14.02.2008 10:41 msk

Валентина Қосимбекова (Душанбе)

Energyland.Info сайтининг фотосурати

2008 йилнинг қаҳратон қиши Тожикистоннинг табиий офатлар олдидаги ожизлигини кўрсатди. Энергетика соҳасида фаолият юритаётган олимлар зудлик билан энергиянинг муқобил манбаларини қидириш зарурлиги борасида сўз юрита бошладилар. Тожикистонлик мутахассислардан кўмир, биогаз, қуёш батареяларидан фойдаланиш тўғрисида кўплаб таклифлар тушди. Аммо, улардан бирортаси ҳам давлатнинг энг асосий энергетик бойлиги – уран захиралари ҳақида бир оғиз ҳам сўз очгани йўқ. Аксарият таҳлилчиларга кўра, мамлакат атом энергетикасини ривожлантириш учун барча имкониятларга эга.

Олимларнинг прогнозларига кўра, дунёдаги нефть захиралари келгуси асрнинг ўрталарига келиб ниҳоясига етади, энергия захираларига эҳтиёж эса тобора ортади. Атом энергетикаси инсониятни энергия тақчиллигидан қутқарадиган ягона манба бўлиб қолади. Ривожланган мамлакатларнинг раҳбарлари ушбу прогоноздан келиб чиқиб атом энергетикасини ривожлантиришга эътиборларини кучайтирмоқда.

Сўнгги йилларда ураннинг бозор баҳоси 30 доллардан 240-300 долларгача кўтарилди. Энергетика ривожланиши шамойилларини ҳисобга олган ҳолда шуни аниқ ва ишонч билан айтиш мумкинки, дунё уран бозори ҳали кўп муддат давомида энг барқарор ва инвесторлар учун мақбул бўлиб қолади.

Уран – энергияга энг тўйинган ёқилғи бўлиб, унинг бир неча килоси тонналаб кўмир ёки минглаб кубомет газ берадиган миқдордаги электр ёки иссиқлик энергиясини беришга қодир.

Ривожланган мамлакатларнинг ядровий ёқилғига қизиқишининг кескин тарзда кўтарилиши, турли маълумотларга кўра, уран рудалари дунё захираларининг ўн тўрт фоиздан қирқ фоизигача жамланган Тожикистон олдида янги истиқболлар очмоқда. Аниқ маълумотлар ҳеч кимга маълум эмас. Шўролар даврида уран ҳақидаги маълумотлар қатъий сир сақланган, шунинг учун ҳам бу маълумот ҳатто геологлар ва уран саноати технологларига ҳам номаълум. Аммо, АҚШ, Россия ва Хитойнинг Тожикистонга бўлган қизиқишининг ортиши мамлакатда уран захираларининг улканлиги ҳақиқат эканлигига далил бўлади.

Чегараолди ҳамкорлиги уюшмаси (АПС, Москва) стратегик режалаштириш хизматининг бошлиғи Александр Собянин Помир ва Тянь-Шань тоғлари уран конларига мисли кўрилмаган даражада бой, дея таъккидламоқда. Турли фаразларга кўра, бу ерда дунё уран захираларининг 40-60 фоизи жойлашган.

Ҳиндистоннинг собиқ президенти, Ҳиндистон атом бомбасининг отаси доктор Абдул Қаламга кўра, унинг мамлакати Тожикистон билан муносабатларга катта аҳамият бериб келмоқда. Негаки, Тожикистон улкан уран захираларига эга.

Сўнгги икки йил ичида қўшни Қирғизистонда ўн бешта хусусий геологоразведка ширкатлари тузилган. Уларнинг эгалари – россияликлар, америкаликлар, канадаликлар ва австралияликлар. Қирғизистон томони иштирокида тузилган қўшма корхоналар ҳам бор. Сўнгги атом станциясини 1999 йилда ёпиб қўйган Қозоғистон ҳам уран ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда етакчи ўринларга чиқиб олмоқчи ва янги атом электр станцияларини қурмоқчи.

Кўп йиллар давомида қаттиқ энергия тақчиллигини бошидан кечираётган Тожикистонда бўлса уран захираларини ўзлаштириш соҳасида мутлақ сукунат ҳукм сурмоқда. Неча йиллар бўлдики, бу ерда гидроэнергетикани рвожлантириш боорасида жадал суратларда ҳаракат қилиш тўғрисида гапирилади, аммо шу чоққача аҳвол яхшиланмаган. Мамлакат аҳолиси қиш мавсумида электр энергияси ва табиий газ етишмаслигидан қийналмоқда.

Тожикистон Геология бош бошқармаси бошлиғининг муовини Абдусалом Маҳмадалиевга кўра, бошқарма мутахассислари геология соҳасининг 2015 йилгача ривожланиш дастури бўйича ишламоқдалар ва бу дастурда уран конларини қидириш ва ўзлаштириш ишлари кўзда тутилмаган. Бу соҳада чет эл инвестициялари ҳам йўқ. “Мамлакат қонунларига кўра, уран ишлари бўйича чет элликларнинг иштироки маън этилган, дейди Маҳмадалиев. – Мен буни нотўғри деб ҳисоблайман, ахир, ер қаъридан маҳфий тарзда фойдаланиб бўлмайди”.

Шу билан бирга таҳлилчилар хитойлик мутахассисларнинг Шимолий Тожикистонни маркази ва шарқий қисмларини боғлайдиган йўлни қуришга киришганлари беҳуда эмас, дея таъкидламоқдалар. Хўжанд шаҳрида эллик йилдан бери уранни қайта ишлаш бўйича тайёр инфратузилма (Востокредмет Қўшма корхонаси), жанубда эса, Ҳисор ва Помир тоғларида етиб бориш учун ноқулай, аммо жуда бой уран конлари мавжуд. Хитой келажакда уларни қайта ишлашга киришмоқчи.

Барча мавжуд имкониятларга қарамай, Тожикистонда ҳатто узоқ истиқболда ҳам атом энергетикаси инфратузилмаларини яратиш кўзда тутилмаяпти. Мужмал аҳвол яна қайтарилмоқда: улкан сув захираларига эган бўлган ҳолда мамлакат аҳолиси ичимлик суви танқислигидан қийналмоқда. Илмий салоҳият, саноат инфратузилмаси ва текширилган уран захираларига эга бўлган ҳолда Тожикистон бу имкониятидан фойдаланмаяпти ва бошқа мамлакатларнинг ўз стратегик манфаатларини амалга ошираётганларини ёнбошлаб кузатишни афзал кўрмоқда.