02:13 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикиcтон: Изғирин совуқ ва энергетик инқироз мамлакатни гуманитар фалокатга олиб келиши мумкин

12.02.2008 08:03 msk

Абдужалил Абдурасулов

Халқаро ташкилотлар Тожикистондаги авж олган энергетик инқироз муносабати билан хавотирлик изҳор этмоқдалар. БМТ Бутунжаҳон Озиқ-овқат Дастури директори Златан Милашевичга кўра, Тожикистон ҳозир ўткир озиқ-овқат инқирозини бошдан кечирмоқда.


Бундай қорни Тожикистонда бир неча ўн йил давомида кузатишмаган. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Бутунжаҳон Озиқ-овқат Дастури статистик маълумотларига кўра, бугунги кунда Тожикистоннинг беш юз минг аҳолиси ўзларини 2100 килокалорияга тенг бўлган минимал суткалик рацион билан таъминлашга қодир эмас.

Қозоғистоннинг Тожикистондаги элчиси Ерлан Абилдаев 11 февраль куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистларга Қозоғистон қўшни республикага гуманитар ёрдам кўрсатиш мақсадида Душанбе Иссиқлик электр станциясини ишлатиш учун ёқилғи ҳамда буғдой ва ун жўнатишини маълум қилди.

Энергетик фалажликка икки метр қолди

Шу билан бирга, Тожикистоннинг барча муамоларини очиб ташлаган энергетик инқироз тобора авжига чиқмоқда. Нурек ГЭС ишини таъминловчи Нурек сув омборидаги сув миқдори энг паст нуқтага етиб келди. Бу ГЭС мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг асосий қисмини етказиб беради. Турли манбаларнинг маълумотларига кўра, сув омборидаги сув сатҳи кунига ўттиз сантиметрга пасаймоқда. Экспертларга кўра агар аҳвол ўзгармаса, ГЭС яқин кунлар ичида ўз фаолиятини тўхтатиб қўяди.


Одамлар ичимлик сувини сойдан ташияптилар. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон ўзидаги тақчиллик важидан 4 февралдан бошлаб қўшни республикага электр энергияси етказиб беришни тўхтатиб қўйган. Аввалига Туркманистон ёрдам тариқасида қўшниларга етказиб бераётган электр энергияси миқдорини 3,5 миллион киловаттдан 7 миллионга кўтарганди, аммо совуқ кучайиб кетганидан ўзларида ҳам муаммолар пайдо бўлди ва 10 февралдан бошлаб яна эски ҳажмда энергия етказиб беришга ўтди.

Зарар чорак миллиард доллардан ошиб кетди

Энергетик инқироз оқибатида Тожикистон корхоналари жуда катта зарар кўрмоқда. Муассасаларнинг аксарияти ёпиб қўйилди, ишчи ходимлар уйларига тарқатиб юборилди. Турган гап, улар маош олмаяптилар. Шундай қилиб, аҳоли асосий даромад манбаидан маҳрум бўлдилар. Энергетик инқироз мамлакат иқтисодиётига жами 250 миллион доллар зарар етказди.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳам ўз фаолиятини тўхтатиб қўйиш арафасида туришибди. Ўша энергетик танқислик сабабидан таҳририятлар газеталарини верстка қила олмаяптилар, босмахоналар эса янги сонларни чоп эта олмаяптилар. Электр энергияси туфайли электрон оммавий ахборот воситалари ҳудди шундай аҳволга тушган.

Тиришиб тирикчилик қилиш

Сув оқава қувурлари музлаганидан аҳоли ичимлик сувини сойлардан, дарёлардан ташишга мажбур бўлмоқда. Барча қишлоқларда аёллар ва болаларнинг уйга сув ташиётганларини кўриш мумкин. Аҳоли “ба-ҳоли қудрат” ҳаёт кечирмоқда.


Оби ҳаммоллар. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Дуоба қишлоғилик Буражаб Олимованинг оиласи ўн олти кишидан иборат. Ҳаммалари битта уйда истиқомат қиладилар. Давлат етказиб бераётган электр энергиясни кўрмаганларига ҳам бир ой тўлди. Олимовлар учун кун электр генераторда бензин тугаши билан ниҳоясига етади. Ухлашдан бошқа қиладиган иш йўқ.

Олимовлар уйларини кўмирда иситадилар. Ўн беш сомонийга олинган бир қоп кўмир икки кунга етади. 250 сомонийга электрогенератор сотиб олишган, бензин сотиб олиш учун кунига етти сомоний кетади.

Натижада озиқ-овқат сотиб олгани пул қолмайди. Гўштни истеъмолдан чиқариб юборганларига анча бўлди. Асосан нон ва гуруч пишириб ейдилар, баъзида банкадаги мураббо очилади. Қишга ғамланган консервалар ҳам ниҳоясига етиб қолай деди.

Мамлакатдаги туғруқхоналарда айниқса аҳвол оғир. Янги туғилган чақалоқларни баклашкалардаги қайнаган сув билан иситишаяпти. Бундан бошқа чора йўқ бугун.

Маҳаллий аёллар изғирин совуқда туғруқхоналарга қийналиб боргандан кўра, уйларида туғишни афзал кўрмоқдалар. Тиббиёт ходимлари бу аҳволдан ташвишда.


Янги туғилган чақалоқларни қучоқлаб ёки шишадаги қайноқ сув ёрдамида иситишмоқда. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

БМТ ЮНИСЕФ жамғармасининг саломатлик бўйича мутахассиси Собир Қурбонов Би-би-си Радиосига интервьюда соғлиғи яхши бўлмаган чақалоқларнинг электр таъминотидаги узилишлар туфайли ва совуқдан ҳалок бўлганларини тасдиқлади. Аммо, бу маълумотлар расман тасдиқланмаган.

Златан Милошичга кўра, аҳоли очликдан ўлмаслик учун чорвани сўйишни бошлаган. Чорва эса асосий даромад ва озиқ-овқат манбаи саналади. Ҳозирги инқироз оқибатлари республикада узоқ муддат давомида ўз таъсирини кўрсатиши муқаррар.

Шундай қилиб, бугун республика аҳолиси томонидан қашшоқликка қарши кураш механизмлари йўқ қилинмоқда. Агар зудлик билан чора кўрилмаса, инқироз баҳорда ҳам тўхтамайди.


Ҳамма ёқда оппоқ қор...