07:53 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Туркия: Мухолифат олий ўқув юртларида ҳижобга тақиқнинг бекор қилиниши мамлакатда исломни жамиятга олиб киришнинг бошланиши деб ҳисобламоқдалар

11.02.2008 17:47 msk

Бахтиёр Шоҳназаров (Измир, Туркия)

Туркия парламенти 9 февраль куни мамлакат олий ўқув юртларида ҳижобни тақиқловчи конституция моддаларига ўзгартишлар киритиш бўйича қонун лойиҳасини қабул қилди. Конституциявий ўзгартишлар мамлакат президенти Абдуллоҳ Гул томонидан имзоланганидан сўнг кучга киради.

Шу билан бирга, мухолифатдаги Республика халқ партияси (РХП) мамлакат конституциясига киритилган ўзгартишлар борасида Туркия Конституциявий судига шикоят қилмоқчи. РХП ҳижобга тақиқнинг бекор қилиниши дунёвийлик тизимига тузатиб бўлмас талафот етказади ва жамиятга исломни олиб киради, дея ҳисобламоқда. Олдинроқ, Туркия бош прокурори ва Олий суди лаицизмни (асосий талаби жамият ҳаётининг турли соҳаларида диннинг таъсирига қарши бўлган ҳаракат) қўллаб, кескин баённома билан чиқдилар.

Тақиқнинг бекор қилинишига Туркия университетларининг ректорлари ҳам мутлақо қарши чиқмоқдалар. Конституцияга киритилган ўзгартишлар муаммони тўла ҳал қилмайди, негаки, “Олий таълим бўйича қўмита тўғрисида”ги қонунининг қўшимча ўн еттинчи моддасида ҳам олий таълим муассасаларига ҳижобда келиш тақиқланган.

Ҳижоб масаласининг яна долзарб бўлиши Туркия жамиятини жунбушга келтирди. Лаицизм тарфдорлари 3 февраль куни Анқарада кўп мингли намойиш ўтказдилар ва Туркия Республикасининг асосчиси Мустафо Камол Отатурк мақбарисини зиёрат қилдилар. Тўрт кун ўтиб ҳудди шундай намойиш Измирда бўлиб ўтди. “Мустақиллик ва дунёвий давлат митинги” дея аталган яна бир акцияни 77 та нодават ташкилотлари Анқарада 9 февраль куни ўтказдилар. Йигирма мингдан зиёд намойиш иштирокчилари “Туркия дунёвий бўлган ва шундай бўлиб қолади!”,

“АТП халқ олдида жавоб беради!”, “Ҳукумат – истеъфога!” шиорларини жўровоз бўлиб бақирдилар ва “Шариат - ўрта асрга қайтиш демак”, “АТП ва МҲП муҳаббати – бу муҳаббат ҳақида ҳикоя”, деган сўзлар ёзилган транспорантларни кўтариб олдилар.

Шу билан бирга, Режеб Эрдўғон лаицизм тарафдорларининг хавотирларини асоссиз дея ҳисобламоқда. “Дунёвий давлат кафолати сифатида биз ҳамма одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз”, деди мамлакат бош вазири ўз нутқларида.

Сўнгги кунларда Туркия оммавий ахборот воситалари бошқа барча муаммоларни четга суриб қўйиб, бутун диққат эътиборларини олий ўқув юртларида ҳижобни тақиқлаш ёки рухсат бериш борасидаги мунозараларга берилмоқдалар. Дунёвий тизим тарафдорлари тақиқнинг бекор қилиниши оқибатида диндорлар бош яланг юрган аёлларга босим ўтказадилар, дея билдираётган бўлсалар, ҳижоб тарафдорлари уларга қарши ўлароқ бундай муаммо бўлмаган ва бундан кейин ҳам бўлмаслигига ишончлари комил.

Икки тараф ҳам ўз фикрларини мисоллар билан қўлламоқдалар. Тақиқни бекор қилиш тарафдорлари ҳижобда экскурсияга отланган ўн беш ёшли ўқувчи қизни мактаб автобусидан тушириб юборганларидан ғазабланмоқдалар. Лаицизм тарафдорлари эса мактабларнинг бирида Рамазон ойида рўза тутмаган мактаб ўқувчисининг синфдошлари томонидан калтакланганини билдирмоқдалар.

«Kanal-Turk» телеканалида 8 февраль куни бўлиб ўтган кўрсатувда чиққан “Мазлумлар” нодавлат ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг раисига кўра, ҳижоб инсон ҳуқуқининг ажралмас қисми бўлиб, унга нисбатан ҳар қандай чекловлар олиб ташланиши лозим. Кўрсатувни олиб борувчи “Нима деб ўйлайсиз, агар жамиятнинг кўпчилиги ҳалифат тузишни талаб қилса, бу талаб ҳам бажарилиши керакми?”, деган саволга ҳуқуқ ҳимоячиси “Ҳа”, деб жавоб берган.

Қайд этиш жоизки, ҳижоб туфайли Туркияда таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган турк қизларининг аксарияти ҳижоб тақиқланмаган ғарб мамлакатларининг университетларида таълим олишга мажбур бўлмоқдалар. Шундай қилиб, бу қизларнинг таълим олиши сабабидан чет элга жуда катта маблағ чиқиб кетмоқда.

Адабиёт соҳасида Нобель мукофотининг лауреати Ўрхон Памуқ ҳам ҳижобга тақиқни бекор қилишни талаб қилиб чиқмоқда. Италиянинг “La Republica” газетасига интервью давомида ёзувчи ҳижоб фундаментализм кўрсаткичи эмас, бу оддий анъана, холос, дея қайд этиб ўтган. “Туркиянинг ҳақиқий муаммолари бошқа масалаларда. Аёлларимиз анъанага содиқ қолиб рўмол ўрайдилар. Туркияда нафақат АТП тарафдорлари, балки социал-демократларга яқин бўлган аёллар ҳам ҳижобда юрибдилар”, - дея маълум қилди ёзувчи.

Ўрхон Памуқ ҳижобга тақиқ важидан жамиятнинг бир қисми таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб қолаётганини кўрсатиб ўтди. Шунингдек, у бош вазирнинг ҳижоб ўраб юрган қизлари АҚШда ўқишга мажбур эканлигини эслатди. Аммо туркларнинг ҳар бирида ҳам бундай имконият йўқ.