07:01 msk, 18 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

BBC: Марказий Осиё маркази қаерда?

24.09.2005 08:35 msk

www.bbcuzbek.com

Бутун шарқда бўлганидек, Марказий Осиёда ҳам бирон ҳудуд маркази бозор билан белгиланади.

Ўзбекистонга сўнгги сафаримда эса минтақа марказидаги катта йўллар кесишган чорраҳада жойлашган Тошкентдек шаҳри азим эмас, балки Қирғизистондаги икки-учта кичик бозорлар эндиликда бутун минтақа тожирлари серқатнов қадамжога айлангани ҳақида айтишди.

Қирғизистондаги сиёсий депринишлар кечган 2005 йилнинг илк баҳор кезлари ўзбек-қирғиз чегарасидан ўта олмай, тайёрада Тошкентдан Бишкекка учдим.

Бутун Осиёдаги мавжуд анъана эмасми, Бишкекда илк борган жойим ҳам бозор бўлди.

Бир тарафда кийим-кечак, бошқа томонда озиқ-овқат сотиладиган Бишкекдаги "Ўш" бозори ўта гавжум эди.

Маҳсулотларнинг аксариси хорижий. Кийим-кечак аксар Хитойники. Мева-сабзавот Ўзбекистондан, писта-бодом Эрондан, қандолату ёғ Россиядан, ун-шакар эса кўпинча Қозоғистондан келтирилади.

Ўзбекистонлик аёлларга хос тарзда эгнида парча гулли кўйлак, бошида зар дурра танғиб олганча қуруқ мева сотаётган опани суҳбатга тортаман.

"Асли Шоҳимардоннинг Қирғизистонга қарашли ҳудудиданман, Совет даврида муаллимлик қилардим. Таътил пайтлари эса Фарғона бозорида туршак-майиз, олма-узум сотганман" - деб айтади суҳбатдошим.

Унга кўра,Ўзбекистон билан ўртада виза тизими жорий этилиб, ўтиш-қайтиш қийинлашгач, узоқ бўлса ҳам Бишкек бозорига келиб савдо қилишга мажбур бўлмоқда.

"Аммо кейинги икки-уч йилда қирғизистонликлар тижорат билан эркин шуғуллланишмоқда ва одамларнинг чўнтагига пул туша бошлади. Бу эса бизнинг савдомизни ҳам қизитаяпти. Бўлмаса, бошқа ишлаб пул топадиган корхона ё идоралар ҳам қолмаган-ку " - дейди сотувчи опа.

Бозорда мени ўзбекистонлик журналист фараз қилишдими, ишқилиб, кўплаб сотувчилар чегара оша ўтиб-қайтиш ҳамда савдо-сотиқ билан шуғулланиш жуда қийинлашиб кетаётганидан нолишар, "чегараларни қачон очасизлар?", дея савол беришарди.

Кунлик харидимни тугатгач, пештахталар орасидаги йўлакни қоплаган кўлмаклардан амаллаб сакраб, тўпиғимгача лойга ботиб, тутдек тўкилиб турган тўкин бозордан чиқаман-да, "Минтақа марказини белгилаётган йирик савдо нуқталари қаерда?", деб йўлга тушаман.

Тошкентга Чимкентдан...

Аслида Ўзбек-қирғиз чегараси расман ёпиқ эмас. Фақат виза тизими ишлайди. Ўшанда ҳам чегара ҳудудларида яшайдиганлар учун виза шарт эмас.

Бироқ бугун минтақадаги йирик улгуржи бозорлардан бирига айланган Бишкек яқинидаги "Дордой"га мол олиш учун келадиган тожирлар тамомила ўзгача фикрдалар.

Пешонасига "Туркистон", "Чимкент", деб ёзилганан автобусларда қозоғистонликлардан кўра ўзбекистонлик тожирларни кўпроқ учратасиз.

"Ўзбекистонга келтириладиган хорижий молларга 70 фоизлик бож тўловлари жорий этилгач, бу маҳсулот нархларини ошириб юбориб, 10-20 долларлик маошга зўрға кун кўрадиган ўзбекистонликлар сотиб олишга қурблари етмай қолди" - дейди тожирлардан бири.

"Мана ярим хомашё газмоллар ёки кийим-кечаклар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди. Биз молимизни Чимкентга элтамиз-да, кейин чегарадагиларга улушини узатиб, айланма йўллар орқали Тошкентга етказиб оламиз. Акс ҳолда 10 сўмлик молнинг таннархи 17 сўмга чиқиб кетади-да" - дея гапга қўшилади юзини ўриндиқ суянчиғига яшириб олган бир тожир йигит.

Илгарироқ ички ишлаб чиқарувчини рағбатлантириш ва савдо-сотиқни тартибга солиш умидида четдан келадиган молларга 90 фоизлик бож тўлови киритган Ўзбекистон кутилмаганда кичик тожирларнинг қаттиқ ғазабига дуч келганди.

Қўқон, Фарғона, Тошкент ва Жиззах каби шаҳарларда кечган норозилик амаллари ортидан ҳукумат бу бож тўловини 70 фоиз қилиб белгилайди.

Аммо қашшоқлашган Ўзбекистонда 70 фоизга бўлса-да, қимматлашиб кетаётган моллар харидор учун қўл етмас бўлиб қолавермоқда.

Бунинг устига, оилани боқишга етадиган маош ваъда қиладиган иш ўринлари деярли йўқолиб кетаётгани учун ҳам кичик тижорат, тўғрироғи, кичик савдо одамларнинг кун кечириш учун асқатадиган ёлғиз машғулотига айланиб улгурган.

Хуллас, кичик ҳажмда Бишкекдан улгуржи маҳсулот олиб кетаётган бу тожирлар юкларини айланма йўллар орқали ўтказиб, харидорни ҳам, ўзларини ҳам, қолаверса, бундан ўз ҳиссасини оладиган чегарадаги айланма йўл назоратчиларини ҳам хурсанд қилишларини айтишади.

"Дордой" бозорида эса Хитою Корея, Туркия ё Россияда ишлаб чиқарилган кийим-кечак ҳамда хўжалик буюмларидан истаганча топасиз.

Қирғизистонга келадиган хорижий моллар учун бож тўловлари ўта паст ва шу боис ҳам келадиган мол нархи деярли ўсмайди.

"Отанг бозор, онанг бозор, дейишади ўзбеклар" - дея суҳбатга қўшилади тошкентлик тожир аёл -"Бизни бозордан маҳрум қилиб, етим қолгандек ахволга туширишмоқда".

"Ипподром"лик уйғурлар

"Дордой"дан қайтишим билан Бишкекдаги ҳамкасбларим менга минтақавий бозорларимиздан яна бири бу - "Мадина" деб қолишди.

"Мадина" деган номиданоқ ҳартугул ўзбек бозори шекилли, дея кўнглимдан ўтганди. Кутганимдек, бозорга қадам босишим билан узбекчеҳра сотувчиларга кўзим тушди.

Ўнлаб расталар тизилган бозорда фақат ва фақат газмол сотиларкан. Аммо илк суҳбатимдаёқ мен бу сотувчилар ўзбеклар эмас, уйғурлар эканлигини, Хитойнинг Шинжон-Уйғур бўлгасидан бу ерга ярим хомашё газмоллар келтириб сотишларини тушундим.

"Марказий Осиёнинг барча республикалари, ҳатто жанубий Россиядан ҳам кичик тужжорлар келиб, кийим-кечак тикиладиган газмоллардан олиб кетишади" - дейишади суҳбатдошларим ўзбекчадан деярли фарқ қилмайдиган оҳанрабо уйғурчада.

Расталарда пахтадан ишланган, ярим пахта, жун ва ёки синтетик матолар, ялтироқ безакли газмол тўплари очиб ташланган.

Менинг ўзбеклигимни билишган заҳоти "Илгари биз ҳам Тошкент "Ипподром"ида савдо қилганмиз", деб қолишди.

Билсам, суҳбатдошларимнинг аксариси 90-йиллар ўрталари Тошкентда савдо қилиб, кейинги икки йил ичида Бишкекка кўчиб ўтган тожирлар экан.

" Ипподром"да савдо яхши кетарди. Аммо кўп текширишди, молларимизни мусодара қилишди, кўпинча виза ололмасдан овора бўлдик. Текширувчи кўп, таҳдид қилувчи кўп у ерда. Ниҳоят бошимиз омон қолганига ҳам шукур қилиб Тошкентдан чиқиб кетдик" - деб такрорлашарди улар.

"Нима, Қирғизистонда ишлаш осонми?" - дея ишонқирамай савол ташлайман суҳбатдошларимга.

"Бу ерда, ишқилиб, милиция безор қилмайди, қаердан келиб ишлаяпсан, деб пора сўрамайди, савдо-сотиқ юритиш учун чекловлар ҳам катта эмас. Паттани тўлайсан, матони келтирасан ва марҳамат, савдо қилавер " - дейишади улар бир овозда.

"Тошкентдан чиқиб кетишга мажбур бўлгач, Бишкекка келиб "Мадина" деган ана шу бозорни тикладик. Ҳечқиси йўқ, ўша-ўша минтақанинг турли нуқталаридан келадиган тожирлар ҳали ҳам биздан келиб мол олишади.

Аммо минтақа марказида жойлашган Ўзбекистон чегараларини ёпиб олса, бошқа республикалардан ҳам харидорлар кела олмай, савдомиз ўлади. Хуллас, Ўзбекистондан чиқиб кетсак ҳам, барибир, у ердаги вазият савдомизга таъсир этиб туради" - дея суҳбатни ҳазилга буришади баъзилари.

Бу тожирлар баланд тоғлар оша ўтган ва минг йиллардан бери тупроқли сатҳи тош кўрмаган қадимий Ипак Йўли орқали мол келтиришади.

Совет даврида Осиёни Оврўпо билан улаган ва маданияту динларни туташтирган Ипак Йўли аҳамиятини буткул йўқотган эди.

Аммо қашшоқлашган минтақа аҳли бугун игнадан тортиб тугмагача, пайпоқдан тортиб рўмолгача арзонроқ нархда Хитойдан олишга мажбур экан, Ипак Йўли яна минтақанинг ташқи дунёга очилган асосий эшикларидан бирига айланди.

Совет даврида рамзий бир мақолга айланган "Отанг бозор, онанг бозор" каби иборалар ҳам, афтидан, ризқини бозордан тераётган миллионлаб марказий осиёликлар учун ҳақиқий ҳаётий тушунча бўлиб улгурган.



 

Реклама