16:13 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Марказий Осиёдаги геосиёсий мувозанат бузилса Ўзбекистон исломий ҳаракати (ЎИҲ) сиёсий саҳнага қайтиши мумкин

08.02.2008 13:16 msk

Санобар Шерматова

На фото:ЎИҲ етакчиси Тоҳир Йўлдошев

“Қолдиқ”лардан тозалаш

Сўнгги кунларда Қирғизистон жанубида исломий жангариларнинг ҳибсга олиниши, уларнинг сафдошлари билан маҳаллий қабилалар ўртасидаги тўқнашувлар тўғрисидаги Вазиристондан келаётган хабарлар, шунингдек, Исломий ҳаракат етакчиси Тоҳир Йўлдошнинг январь ойидаги баённомаси 90-чи йиллардан бери Ўзбекистон хавфсизлигига таҳдид солиб келаётган ташкилотнинг умрибоқийлиги борасида саволни кўтармоқда. Ҳаракатнинг пайдо бўлиши шароитини ҳамда ушбу брендни илгари сурган муаллифларни ҳисобга олмай, ташкилотнинг истиқболини англаб бўлмайди.

Ўзбекистон исломий ҳаракатининг фаол аъзоларидан бири Абдулҳай Йўлдошев Қирғизистон жанубида қўлга олинди. Тергов гуруҳидаги маълумотга кўра, Абдулҳай Йўлдошев 2006 йил 12 май куни шериклари билан бирга Тожикистон чегара заставасига ва Қирғизистоннинг божхона масканига қуролли ҳужумда иштирок этган. Кузатувчиларнинг тахминларича, бу ҳужум Андижон фожеасининг бир йиллигига бағишланган катта акция бўлган. Ҳужумда иштирок этган жангариларни Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон махсус хизматлари қидирмоқдалар. Йўлдошев ҳибсга олинганидан кейин бу иш бўйича қидирилаётганлар рўйхатида иккита Тожикистон ва битта Қирғизистон фуқароси бор.

Мазкур акция Тоҳир Йўлдошнинг розилиги билан ўтказилгани номаълум: терговчиларга кўра, жангарилар қуролларни қўлга киритиш ва шундан кейин Ўзбекистонга ўтиб кетиш учун тожикистонлик чегарачиларга ва қирғизистонлик божхона ходимларига ҳужум қилганлар. Жангарилар ўз билганларича, Тоҳир Йўлдошдан бесўроқ мустақил ҳаракат қилган бўлишлари ҳам мумкин. Исломий ҳаракатга қарши кураш авжига чиққан бир пайтда (2006 йил сентябрида) Тоҳир Йўлдошев Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон президентларига нисбатан таҳдидлар билан чиққан эди. ЎИҲ етакчисининг Нью-Йоркдаги террорчилик хуружининг беш йиллигига бағишланган нутқида, хусусан, Амерника Қўшма Штатларига қарши уюштиралажак янги ҳужумлар борасида ҳам таҳдидлар янграган.

Йўлдошевнинг баёнотидан ЎИҲ ўз олдига янги мақсадларни белгилаб олгани булар биринчи навбатда АҚШ ва Ғарб мамлакатлари экани маълум бўлди.

Исломий ҳаракат раҳбари 2008 йил январь ойининг охирида мужоҳидларни Исломободдаги Лаъл масжиддаги амалиёт учун Покистон хавфсизлик кучларидан ҳам қасос олишга чақирган. Покистон газеталарининг хабарига кўра, январь ойидаги видеомурожаат шимолий Вазиристондан келиб тушган. У ерда Йўлдошев бир гуруҳ тарафдорлари билан ҳукумат қўшинларига қарши урушмоқда. Шундай қилиб, Марказий Осиё ЎИҲ ҳаракатларининг асосий саҳнасидан четда қолиб кетди.

Миллий хавсизлик хизматининг раиси Бусурманқул Табалдиев 2006 йил кузида Қирғизистон жанубида ўтказилган учта амалиёт натижасида “Марказий Осиё ҳудудида террорчилик акцияларини тайёрлаётган ташкилотнинг раҳбарияти йўқ қилинган”, дея билдирганди. Агар унинг гапи рост бўлса, кечаги ҳибсга олишларни “жангавор гуруҳлар”нинг қолдиқларини тугатиш деб ҳисобласа бўлади.

ЎИҲ бугунги кунда реванш олишга имконияти йўқ, менимча. Ҳозирги сиёсий вазият 1998 йилдагидан тубдан фарқ қилади. Ўшанда Ўзбекистон Исломий ҳаракати деган янги ибора (бренд) пайдо бўлганди.

Фитналар ва иттифоқлар

Тожикистон армиясининг полковниги Маҳмуд Худойбердиев 1998 йилнинг 4 ноябрида Тожикистон шимолида исён кўтаришга ҳаракат қилганди. Ўша пайтларда бундай воқеалар тез-тез содир бўлиб турган: ўша Худойбердиев ўз бригадаси билан бир неча бор республиканинг турли ҳудудларига бостириб кириб, узига номақбул бўлган юқори мартабали мулозимларнинг истеъфосини талаб қилиб турарди. Лекин бу сафар полковник Ўзбекистон ҳудудидан келди. Тахминларга қараганда у Ўзбекистонда ўз бригдаси қолдиқлари билан яшириниб юрган. Худойбердиевнинг қўзғолони чиппакка чиққани билан Тожикистон расмийлари жуда қўрқиб кетдилар, негаки, республикада тинчлик тўғрисида келишув битимининг имзоланганига эндигина бир йил тўлганди. Мухолифат ижроя ҳокимиятида 30 фоизлик квотага эга бўлган, мамлакат қуролли кучларига қўшилган отрядлари эса истаган вақтда етакчиларининг биринчи чақириғидаёқ президентга қарши чиқишга тайёр турганди. Уруш пайтида Раҳмоновнинг душмани фақат бирлашган тожикистон мухолифати бўлган. Энди бўлса таъсир соҳаларининг тақсимотидан норози бўлган Худойбердиевга ўхшаган сафдошларига қарши курашишга тўғри келарди.

Уларга қарши қандай қилиб курашмоқ керак? Раҳмонов ёпиқ эшик ортида йиғилиш ўтказиб, мухолифатга қарашли тоғли ҳудудларда жойлашган ўзбекистонлик жангариларни қўллашга қарор қилди. Шундай қилиб, Ўзбекистон ислом ҳаракати дунёга келди ва бир йил ўтиб Ўзбекистонга кенг кўламли хуруж қилишга уринди.

Худойбердиевнинг исёни ва унга қарама-қарши пайдо бўлган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг тарихи Тошкент ва Душанбе ўртасидаги мавжуд ҳақиқий муносабатлар ҳақида аниқ тасаввур беради. Уларнинг негизида объектив сабаблар билан биргаликда (каттароқ давлатнинг кичикроқ қўшнисига сиёсий босим ўтказиш истаги), инсоний амбициялар, ўзаро ҳафагарчиликлар ва икки сиёсатчининг амалга ошмаган орзу-умидлари ётибди. Имомали Раҳмонов 1992 йилда Тожикистон Олий Советининг раиси этиб сайланишида Ислом Каримовнинг истаги ҳал қилувчи роль ўйнаганини айтиш жоиз (ўша пайтда президентлик институти тугатилгани учун бу лавозим амалда давлат раҳбари дегани эди). Аммо, Тошкент ўйлаганидек бўлмади ва Тожикистон Москвага қараб бурилиб кетди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ эди. Чунки, Тожикистон раҳбариятининг хавфсизлиги кафолатини фақат республикада 201-чи мотоўқчилар дивизиясини жойлаштирган Россия таъминлай оларди.

Ўша пайтда Ўзбекистоннинг Тожикистон билан муносабати яхши бўлмаган, лекин Россия билан муносабатлар ундан-да мураккаброқ бўлган.

Тожикистондаги зиддиятларнинг хатарли тус олаётганини англаш Россияни билан Ўзбекистонни яқинлаштириди. Ўшанда Россия пойтахтида Коллектив хавфсизлик бўйича шартнома ташкилоти (КХШТ) тузилди. Беш йил ўтиб вазият бошқача тус олди. Тожикистондаги муаммо ҳал бўлди, аммо мухолифат тарафида жанг қилган ўзбек жангариларининг масаласи ҳал бўлмади. Бу аҳвол Тошкентни хавотирга солмай иложи йўқ эди.

Россия ва Тожикистон раҳбариятининг мамлакат тоғли ҳудудларидаги базаларда ўрнашиб олган жангариларни йўқ қилишга барча уринишлари зое кетди.

1997 йил охирида Тошкентга Россия бош вазири Виктор Черномирдин келди. Суҳбат давомида Ислом Каримов икки мамлакатга таҳдид қилаётган умумий душман ҳақида гапира бошлади. Чеченистондаги исломий экстремистлар Россиянинг яхлитлигига тажовуз қилаётган бўлсалар, ўшандай исломчилар Тожикистон тоғларидан туриб Ўзбекистонга таҳдид қилмоқдалар. Демак, икки давлат биргаликда ҳаракат қилишлари лозим. Бу ғоя Москвадагилар учун хуш келгандай бўлди. Россиядагилар диний экстремизм деган гапга ишонмасалар ҳам, Ўзбекистонни ўзининг сиёсий ўзанига қайтаришга интилардилар. 1998 йил май ойида Москвага давлат ташрифи билан келган Ислом Каримовни катта дабдабалар билан кутиб олди. Борис Ельцин ва Ўзбекистон президенти диний экстремизмга қарши биргаликда кураш олиб боришлари тўғрисида битимга имзо чекдилар. Душанбега, Раҳмоновга телефон қилдилар. Албатта Раҳмонов ўзаро суҳбат давомида “тожикларнинг отаси” дея атаган Россия презендентига йўқ дея олмади ва истаса-истамаса сиртдан бўлса ҳам битимга қўшилишга мажбур бўлди. Аксилваҳҳобий учлик иттифоқи тузилди!

Лекин бу уринишлар ҳам зое кетди. 1996 йилда Чеченистонда мағлубиятга учраган ва реванш олиш учун тайёрланаётган Москванинг узоқ Тожикистонда “иккинчи” фронт очишга имконияти йўқ эди. Тожикистон раҳбарияти эса ўзбек жангариларини ўз паноҳига олган мухолифат билан яна янги уруш очишни умуман истамасди. Ана ўшанда, барча самарасиз уринишлардан сўнг Тожикистонда Маҳмуд Худойбердиев пайдо бўлди. Унинг қўзғолон кўтаришга уриниши омадсизликка учраганидан кейин Ўзбекистон исломий ҳаракати пайдо бўлди. Янги ташкилот воситасида энди бемалол Тошкентга мушт ўқталса ҳам бўлаверарди.

Боткендаги ғалати уруш

1999 йилда ЎИҲ жангарилари Тожикистондан Қирғизистон ҳудудига кириб келдилар. Кейинчалик бу кампанияни Боткендаги “ғалати уруш” дея атадилар. Кўринишидан, Жума Намангонийнинг жангариларига тоғдаги сўқмоқлар орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб Фарғона водийсида ҳокимиятни қўлга киритиш учун ҳеч нарса монелик қилмаслиги керак эди. Кейинчалик маълум бўлишича, Қирғизистон қуролли кучлари аввалига истеълочиларнинг тажовузига қаршилик кўрсатишга имкониятлари йўқ, Ўзбекистон армиясини эса баланд тоғ шароитида жанг қилишга ўрганмаган экан. Боз устига, икки мамлакат қўмондонлиги штабларининг ўзаро ҳаракатини ҳеч мувофиқлаштира олмадилар. Жангарилар ўзларининг лагерларидан туриб телефон орқали қирғизистонлик ва чет эл журналистларига Фарғона водийсида Исломий мухторият ўрнатишлари тўғрисида интервью бердилар. Ўзбек расмийларини қўрқитиш учун бундан яхши тактика борми...

Шу пайтдан бошлаб Ўзбекистон кескин тарзда Ғарбга қараб бурилди. Ўша, 1999 йилнинг май ойида Ўзбекистон НАТО ташкилотининг 50 йиллик юбилейида Ислом Каримов намойишкорона Ўзбекистоннинг ГУОМ (Грузия, Украина, Озарбайжон, Молдавия) ташкилотига киражагини эълон қилди. Москва бу ташкилотни МДҲга муқобил ташкилот сифатида кўрарди. Шу вақтга келиб Тошкент КХШТда аъзолигини тўхтатади (амалда бу ташкилотдан чиқди). Аммо ноябрь ойида, жангарилар ғалати урушларини тўхтатиб, уюшган ҳолда Тожикистондаги базаларига қайтганларида Ўзбекистон делегацияси шошилинч тарзда Москвага ҳарбий техника воситаларини етказиб бериш тўғрисида музокара олиб бориш учун жўнайди.

Аммо бу ҳолат икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг илиқлашувига олиб келмади. Таъминот тўғрисидаги келишув битими бузилди. Келгуси ёзда ЎИҲ ваъда қилганидек жангариларини яна Ўзбекистон ҳудудига ташлади. Бу эса Россия-Ўзбекистон муносабатларига ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

Россияга бўлган муносабатлар совуқлашган сайин Ўзбекистон-Америка алоқалари, айниқса, ҳарбий соҳада кучая бошлади. Мустаҳкамланаётган алоқаларнинг энг кучайган пайти – 2001 йилнинг кузига тўғри келади. Ўшанда Ислом Каримов ва АҚШ мудофаа вазири Дональд Рамсфельд телекамера рўпарасида ёнма-ён туриб Қарши шаҳри яқинида АҚШ Ҳарбий ҳаво базасини тузиш нияти тўғрисида эълон қиладилар.

Америка-Британия иттифоқчи кучларининг Афғонистонга хуружини Ўзбекистон президенти чапак чалиб қутлади. Ўзбекистон исломий ҳаракати Амударё соҳилида Ўзбекистонга 2001 йил кузида хуруж қилиш учун Толибон ҳаракати кўмагида куч тўплаётганди. Иттифоқчилар исломий ҳаракатнинг бу режаларини чиппакка чиқарди. Ҳаракатнинг ҳарбий қўмондони Жума Намангоний авиация ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди. Унинг сафдошлари қисман ҳалок бўлдилар, қолганлари толиблар билан кетдилар.

Ғарбга қайта бурилиш кутилмайди

Сиёсий элиталар манфаатларининг тўқнашуви оқибатида таваллуд топган Ўзбекистон исломий ҳаракати заҳирадаги ўйинчилар курсисига ўтиши билан Марказий Осиёдаги вазият Россия фойдасига ўзгарди. Албатта, Андижондаги 2005 йил май фожеаси ҳам ўз таъсирини ўтказди. Ўшанда АҚШ Ўзбекистон расмийларининг ҳаракатини танқид қилганига жавоб тариқасида америка базаси мамлакатдан ҳайдаб чиқарилди. Янги хавфсизлик тизими эса олдинроқ шакллана бошлаган: Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига 2001 йилда аъзо бўлганди. Россия-Ўзбекистон муносабатларининг янги босқичи 2003 йил ёзида Путиннинг Каримов билан Самарқанддаги норасмий учрашувидан кейин бошланган.

Ҳарбий услубларни қўллаб келган Ўзбекистон исломий ҳаракати ўрнига яширин “Ҳизбут-таҳрир” партияси сиёсий саҳнага чиқа бошлади. Самарқанддаги учрашувдан аввал Россияда бу ташкилотнинг тақиқланиши бежиз эмасди, албатта. Кейинчалик Москва КХШТ бўйича шерикларини ҳам бу партияни ўзларининг “қора” рўйхатига киритишга кўндира олди. Айтиш жоизки, ўша йиллари арабча ном билан аталган бу яширин ташкилот ҳақида нафақат Россияда ва ҳатто Марказий Осиёда ҳам кўпчилик эшитмаганди.

Кейинчалик, бу партия ЎИҲ сингари ШҲТ Минтақавий аксилтерорчилик марказининг рўйхатига киритилди. Шундай қилиб Ўзбекистон раҳбариятининг орзуси ушалди – унинг душманлари КХШТ ва ШҲТ бўйича иттифоқчиларининг ҳам душманларига айланди.

Вужудга келган хавфсизлик тизими ўз ичига икки ташкилот доирасидаги келишувлардан ташқари Ўзбекистон махсус хизматларининг ҳамкор мамлакатларидаги тегишли тизимлари билан тузган икки томонлама келишув битимлари ҳам киради.

Шунинг учун ҳам ҳукуматга қарши ҳарактларда айбланаётган ҳар қандай одамни қўлга киритиш, ҳатто унинг қўлида Россия фуқароси паспорти бўлса ҳам Тошкент учун муаммо эмас. Бунга кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Ҳар бир экстрадиция Россия ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг танқиди остида ўтса ҳам, сиёсий манфаатлар барча ноқулайликлардан устун туради. Ўзбекистонга бу даражадаги хавсизлик тизимини Ғарбнинг бирорта ҳам давлати таклиф эта олмайди. Шунинг учун ҳам Тошкент Ғарб билан яқинлашиш мақсадида бу кафолатлар тизимидан воз кечиши гумон. 2001 йилдаги каби Ғарбга янги бурилиш кутилмайди. Аммо бу ЕИ ва АҚШ билан ҳамкорлик учун янги умумий нуқталар қидиришга монелик қилмайди. Айтгандек, бу жараён бошланди ҳам.

“Совуқ уруш” даврини фақат Тожикистон-Ўзбекистон муносабатлари эслатиб туради, холос. Ҳанузгача чегаралар миналаштирилган, Тошкент-Душанбе авиа йўналишларида қатнов тўхтаган. Бу икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишонч даражаси кўтарилмас экан, Россияни қизиқтирувчи бирорта ҳам интеграциявий ташаббуслар, шу жумладан ЕвроОсИХ лойиҳалари иш бермайди. Шунинг тучун ҳам Москва бир-бирига тескари бўлиб қолган икки қўшни мамлакатни яраштириш учун Марказий Осиёдаги барча таъсир воситаларини қўллашга мажбур бўлади.