05:27 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Россия ва Ўзбекистон келаётган беш йилликка ҳамкорлик дастурини имзоладилар

07.02.2008 08:37 msk

Фарғона.Ру

Фото – Биринчи канал фотосурати

Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримовнинг Россияга ташрифи давомида 6 февраль куни икки мамлакат раҳбарлари томонидан бир қатор ҳужжатлар имзоланди.

ИТАР-ТАСС агентлигининг хабар беришича, икки мамлакат президентлари “реал ишларни илгари суришга интилиш, аниқ мақсадларни белгилаш ва уларни амалга оширишга эришиш” ниятини билдирувчи қўшма баёнотга имзо чекдилар. Бундан ташқари, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик дастури ва 2008-2012 йилларга Тадбирлар режаси имзоланди. Икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари 2008 йил бўйича ҳамкорлик дастурини имзоладилар.

Икки мамлакат ҳукумати ўртасида Авиасозлик ва “Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси” давлат акционерлик жамияти билан “Бирлашган авиация корпорацияси” ОАЖ ўртасида интеграцияси соҳасида ҳамкорлик битими имзоланди.

Ислом Каримовга кўра, бу битим икки мамлакат ҳамкорлиги учун яхши истиқболлар очади. Ўзбекистон президенти ушбу битимнинг тузилишида “умумий вазифаларни ҳал қилиш, аниқ ва равшан истиқболларни кўриш учун истиқболда шундай уюшмаларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг таркибига Ўзбекистон ҳамда Россиянинг етакчи корхоналарини бирлаштириш мумкин бўлишига йўл очиб берувчи” рамзий маъно кўрмоқда. И.Каримов ушбу битим имзоланганидан сўнг завод Россия Авиасозлик корпорацияси таркибига кириаётганини таъкидлаб ўтди.

Бундан ташқари, Ислом Каримов ваколати шу йил тамом бўлаётган Россия президенти Владимир Путин учинчи муддатга ҳам қолса яхши бўларди ва бундан ҳеч ким афсусланмасди, деган фикрини изҳор этди, дея хабар беради Новости РАА.

“Мен доимо Владимир Владимирович номзодини учинчи муддатга кўрсатиш ташаббусининг тарафдори бўлиб келганман. Энди бу ҳақда гапириш кеч бўлгани аниқ. Агар шундай бўлган тақдирда ҳам, ҳеч ким бундай бўлишига афсус чекмаслигига ишончим комил эди”, - деди Каримов журналистларга. Каримовга кўра, бу “бизнинг шароитда энг яхши вариант бўлган бўларди.”

Ислом Каримов билан музокараларидан сўнг Кремлда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Россия президенти Владимир Путин “Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасидаги энг муҳим стратегик ҳамкори сифатида кўраётганини” билдирди.

“Ўзбекистон президенти билан ўтган музокараларимиз мамлакатларимиз ўртасида сиёсий диалогнинг фаол ва самарали ўтаётганига яна бир бор далил бўлди ва Россия-Ўзбекистон муносабатларининг олға қараб ривожланаётганини тасдиқлади”, - дея билдирди В.Путин.

Путинга кўра, “И.Каримов Ўзбекистон президенти лавозимига қайта сайланганидан сўнг ўзининг биринчи чет эл сафарини айнан Россиядан бошлагани ўзаро муносабатларимизнинг алоҳида фитратини таъкидламоқда”. “[Биз] иккала томон стратегик ҳамкорликни тобора чуқурлаштиришга интилишини тасдиқлайдиган президентнинг ушбу қарори учун миннатдормиз”, - Россия президентидан иқтибос келтиради Интерфакс.

Владимир Путин Россия ва Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида газ транспорт инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳасини амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

“Икки томон ҳам Марказий Осиёда газ транспорти инфратузилмаларини ривожлантириш тўғрисидаги битимларини ўз вақтида амалга оширишдан манфаатдорилиги тасдиқлади. Уларни амалга оширишда биз Қозоғистон ва Туркманистон билан фаол ҳамкорликка интиламиз”, - деди Путин.

Эслатиб ўтамиз, 2007 йилда Россия, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон Ўрта Осиё – Марказ газ қувурининг модернизациясида иштирок этиш тўғрисида келишиб олгандилар. Битимга кўра, газ қувурининг қувватини яна 20 миллиард куб метрга кўтариш кўзда тутилган. Ҳозир туркман гази “Ўрта Осиё-Марказ” орқали экспорт қилинади. Бу газ қувурининг йиллик қуввати 50 миллиард куб метрдан ошмайди. Аммо истиқболда, газ қувури такомиллашганидан сўнг ундан бир кеча-кундузда 230 миллион метр куб газ ўтказса бўлади.

Шунингдек, Россия президенти ёқилғи энергетика мажмуаси соҳасидаги ҳамкорликдан ташқари, юқори технологиялар соҳасида ҳам ҳамкорликка кучайтирилган эътибор қаратилишини қайд этди.

Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифи 6 февраль куни ниҳоясига етди.