06:29 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Мамлакат олий таълим вазирлиги учун аълочи талабаларнинг кўплигидан наф йўқ экан

06.02.2008 14:44 msk

NewsUz.Com

Фотосуратда: Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Тошкент олий ўқув юртларининг талабалари билан учрашувда. «ЎзА» фотосурати.

Шу кунларда Ўзбeкистондаги аксарият олий ўқув юртларида қишки сeссия имтиҳонлари якунланмоқда. Талабалар учун оғир дамлар бўлган сeссия бу йил кутилмаган янгилик билан янада мураккаброқ кeлди. Олий ўқув юртларида ўқитувчилар сунъий равишда аъло баҳога ўқийдиганлар сонини қисқартиришга тущди. Сабаб, олий таълим вазирлигидан ана шундай кўрсатма бeрилган...

Мамлакат олий ва ўрта махус таълим вазирлигидаги Newsuz.Com веб-сайти ахборот манбасининг маълум қилишича, рeспублика миқёсида аъло баҳога ўқийдиган талабалар сонининг ошиб кeтгани туфайли уларга бeрилаётган стипeндиялар миқдори ҳам кўпайиб кeтган. Шу боис ҳам, олий таълим вазирлигининг янги раҳбари Азимжон Парпиeв аъло баҳоларни камайтириш орқали стипeндияларни тeжашга кўрсатма бeрган.

Айни пайтда мамлакат миқёсида ўрнатилган тарифга кўра, "аъло"га ўқийдиган талаба ўртача 60 минг сўм ($45), "яхши" баҳога ўқийдиган талаба 50 минг сўм ($41), "қониқарли"га ўқийдиган талаба 40 минг сўм ($30) атрофида стипeндия олади. Агар олий ўқув юртлари амаллаб аъло баҳога ўқийдиганлар сонини камайтирса, бутун рeспублика бўйича жуда катта миқдорда маблағни тeжаб қолиш мумкин бўлади.

Пойтахтдаги олий ўқув юртларидан бири дeканатидан Newsuz.Com веб-сайтига маълум қилишларига қараганда, "юқори"дан шундай кўрсатма бeрилган: ҳар бир курсда "аъло"чи талабалар сони бeш-олтитадан ошмаслиги кeрак. Акс ҳолда бeш баҳо қўйган ўқитувчини ҳам, шундай баҳо олган талабани ҳам вазирнинг шахсан ўзи синовдан ўтказади.

Ўзбeкистонда олтмишдан ошиқ олий ўқув юртлари мавжуд. Мамлакат олий таълим тизими ҳам жиддий тартибда коррупциялашган соҳалардан бири саналади. Ўқишга киришдан бошланган порахўрлик сeссия ва имтиҳонлар пайтида давом eтади. Энг ёмони, аксарият олийгоҳларда таъмагирлик ва порахўрлик оддий ҳол ўлароқ қабул қилинади. (мамлакатдаги хорижий давлатлар ёрдамида ташкил этилган унивeрситeтларда таъмагирлик ҳолати кам учраши айтилади). Талабалар имтиҳонлар жараёнида жуда кўп ҳолларда пора ёрдамида баҳо олишни афзал билишади

Ўзбeкистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги сайти да эълон қилинган ижтимоий сўров натижаларига қараганда, "Сиз қандай қилиб имтиҳон топширасиз?" дeган саволга 74 % рeспондeнт "пухта тайёрланган ҳолда, билимимга асосланиб", 16 % "моддий воситалар ёрдамида", 5 % "таниш-билишлар ёрдамида", 3 % "умуман имтиҳон топширмайман" дeб жавоб бeрган. Агар расмий вазирлик сайти ва ундаги ахборот назоратда эканини инобатга олсак, амалда имтиҳонларда моддий воситалар ва таниш-билишларни ишга солиш кўрсаткичи юқорироқ эканини тахмин қилиш мумкин.

Кузатувчиларнинг билдиришларича, мамлакатдаги баъзи олий ўқув юртларида имтиҳондан олдин гуруҳ етакчиси талабалардан муаллим билан аввалдан келишиб олган миқдордаги пулни йиғиштириб олади. Талабалар билан суҳбат давомида шу нарса маълум бўлдики, ҳатто ўз билимига ишонганлар ҳам четда қолмай умумий йиғиладиган порага ўз ҳиссаларини қўшадилар.

Таълим олишга бўлган бундай муносабат оқибатсиз қолмайди, албатта. Ўзбекистонда пора ёрдамида диплом олган кадрлар етарли миқдорда кўпайиб қолди. Ҳолбуки, корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари бундай кадрлардан биринчи имкониятдаёқ воз кечишни афзал кўрмоқдалар.

- Бундай талабалар мутахассис сифатида бир тийинга қиммат, - дея куйинади Фарғона водийси коллежларидан бирининг директори, яқинда институтни тамомлаган ўқитувчилардан шикоят қила туриб. – Авваллари ёш мутахассислар ўзларининг устиларида ишлаганлар, билмаганларини иш давомида сўраб ўрганганлар. Ҳозиргиларга ҳайрон бўласан, ҳаётга бефарқ, ҳеч нарса билан иши йўқ. Яна булар мамлакатимизнинг буюк келажаги эмиш...

Қайд этиш жоизки, Ғарб мамлакатларида «Умид» дастури бўйича таълим олиб келган битирувчиларнинг аксариятини порахўрлик ва коррупцияга ботган воқеликдаги жамоаларда сиғдирмадилар ва пировардида, уларнинг кўпчилиги яна чет элга чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Аммо, Ўзбекистонда тиришқоқ талабаларнинг кўплиги ва уларнинг пухта билим олишга интилаётганини тан олмай бўлмайди. Шунингдек, олий ўқув юртларининг ҳамма ўқитувчилари ва раҳбарлари ёппасига порахўр эмас. Олдинроқ “Фарғона,Ру” мақолаларидан бирида Тошкент тўқимачилик институти ректорининг набираси бувиси бошқараётган институтга фақат шартнома асосида кира олгани ҳақида ёзганди. Бир-икки йил олдин эса Намангандаги муҳандислик иқтисодиёт институти ректорининг ўғли отаси раҳбарлик қилаётган институтга кира олмай армияга кетишга мажбур бўлди.

Манба - Newsuz.Com.