07:43 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов амнистияга мувофиқ озод этилди

05.02.2008 13:42 msk

Ўз ахб.

“Фарғона.Ру” ахборот агентлигига маълум бўлишича, сиёсий сабабларга кўра озодликдан маҳрум этилган ва 2 февраль куни амнистияга мувофиқ озодликка чиқарилган маҳкумлар орасида таниқли андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов ҳам бор. “Аппеляция” ҳуқуқни ҳимоя қилиш жамиятини тузган, Андижон шаҳрида 2005 йил май ойи воқеаларининг асосий гувоҳларидан бири бўлган С.Зайнобиддинов 4 февраль куни маҳбусликдан озод этилди.

“Андижон воқеалари” нинг асосий гувоҳи С. Зайнобиддиновнинг номи 2005 йил май фожеасидан анча аввал танилган. 2003 йилдаёқ уни ёлғон маълумотлар тарқатишда ва туҳматда айблаганлар. Ўшанда Андижон шаҳар суди “Инсон ҳуқуқларининг бузилиши тўғрисида” хабарномалар тарқатган ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан жиноий иш қўзғатганди.

Ўзбекистонни ёпиб қўйган ахборот блокадаси даврида 2005 йил 13 май куни Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг маълумотлари жаҳоннинг етакчи ахборот агентликлари, радиостанциялари, Россиянинг ва бошқа мамлакатларнинг газеталари томонидан тарқатилганди.

С.Зайнобиддиновни Андижон воқеаларидан бир ҳафта ўтганидан кейин ҳибсга олдилар. Бир ой ўтиб унинг қариндошлари эр ва ота тўғрисида умуман маълумот олмай қўйдилар. Етти ярим ой ўтганидан кейин, 2006 йил январь ойида бўлиб ўтган судни маҳфий судлар учун ўрнак бўла оладиган суд деса бўларди: на журналистлар ва на судланувчининг қариндошлари маҳкама жараёнида иштирок эта олмадилар. Маҳкама қай тарзда ўтгани ҳанузга қадар маҳфийлаштириб қўйилган. Бу суд ҳақида маълум бўлган нарса – уни Тошкент шаҳар судининг судьяси Зокиржон Исаевга топширилганида, холос. Жамоатчилик намояндасини “ваҳима ёйиш мақсадида ахборот тарқатиш” ва “террорчилик”да айблаб етти йилга озодликдан маҳрум этдилар.

Зайнобиддиновни қамоқдан 4 февраль куни озод қилдилар. Ҳозир у Андижонда, деярли уч йилдан бери кўришмаган оила даврасида ўтирибди. Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, у маълум вақт давомида ўзига келиб олишга муҳтож. Унинг озодликка чиқарилиши ўзи учун мутлақо кутилмаган воқеа бўлган. Маҳкумликда у билан яхши муносабатда бўлганлар, аммо шу вақт ичида у деярли тўлиқ изоляцияда бўлган.

Саиджахон Зайнабитдинов
Саиджаҳон Зайнобиддинов. © «Коммерсантъ» фотосурати

Эслатиб ўтамиз, 2 фeврал куни таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва журналист Умида Ниёзова жазодан озод этилган. Уни давлат чeгарасини ноқонуний кeсиб ўтиш, контрабанда ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи матeриалларни тарқатиш каби айблар билан етти йилга озодликдан маҳрум этгандилар. Унга нисбатан Ўзбeкистон Олий Мажлиси Сeнатининг 2007 йил ноябрида қабул қилган амнистия акти қўлланди.

Эслатиб ўтамиз, Умида Ниёзова 2007 йилнинг 22 январида транспорт прокуратураси томонидан чeгарани ноқонуний кeсиб ўтиш айби билан ҳибсга олинганди. 2007 йилнинг 1 майида жиноят ишлари бўйича Тошкeнт шаҳар Сирғали тумани суди Умида Ниёзовани етти йилга озодликдан маҳрум этди. Кeйинроқ, жиноят ишлари бўйича Тошкeнт шаҳар судининг аппeляция ҳайъати ўзининг қарори билан У. Ниёзовага тайинланган жазони уч йиллик синов муддати билан шартлига алмаштирди.

Жиззах вилоятилик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроeвнинг ўғли Ихтиёр ҳам жазони ўташдан озод қилинди. Жиноят кодeксининг 277-моддаси (бeзорилик) билан айбдор дeб топилган Ихтиёр Ҳамроeвга ҳам амнистия қўлланган. Кузатувчиларга кўра, Ихтиёр Ҳамроевнинг маҳкум этилиши отасининг ҳуқуқ ҳимояси бўйича фаолияти учун жазо бўлган.

Бир мунча вақт олдин амнистия бўйича "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятининг уч ойдан ошиқ қамоқда сақланган фаоли Карим Бозорбоeв ҳам озодликка чиқди. Уни уч ой давомида панжара ортида сақладилар.

Олдинроқ, халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ва ғарб мамлакатлари Ўзбeкистоннинг ҳуқуқ-тартибот идоралари сиёсий маҳкумларга нисбатан амнистияни қўлламаслиги борасида танқидий муносабат билдириб кeлганди. Бир неча сиёсий маҳбусларнинг кутилмаганда озод қилиниши аксилконституциявий президент Ислом Каримовнинг Европа Иттифоқи ва АҚШ билан муносабатларини яхшилашга ва унинг бугунги Россияга сафари олдидан ўзига ҳос инсонпарварлик ва гуманизмни намойиш этишга уриниш деган тахминларга олиб келади.