23:10 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон билан Тожикистоннинг яқинлашувига Россия кўмаклаша оладими?

03.02.2008 14:52 msk

Баҳодур Заиров (Душанбе)

Душанбеда “Хавсизлик – Россия ва Тожикистон ўртасидаги стратегик муносабатларнинг негизи”, деб аталувчи илмий-амалий анжумани 30 январь куни ниҳоясига етди. Анжуман Тожикистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар маркази (СТМ), республика Фанлар академияси, Россия Хавфсизлик, мудофаа ва ҳуқуқ-тартибот муаммолари академияси томонидан ташкил этилган. Иштирокчилар Россия-Тожикистон ҳамкорлиги контекстида хавфсизлик, террорчилик, муҳожирлик, экология, иқтисод, таълим ва бошқа масалаларни муҳокама қилдилар. Бундан ташқари, анжуманда Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар масаласи ҳам кўтариб чиқилди.

- Москва Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига умид қилмоқда, - дея маълум қилди Россия Хавфсизлик, мудофаа ва ҳуқуқ-тартибот муаммолари академиясининг халқаро ишлар бўйича проректори, профессор Николай Пушкарев “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига.

- Россия раҳбарияти икки қўшни мамлакатнинг дўстона муносабатларини мустаҳкамланиши учун қўлидан келган бор ишни қилмоқда. Россия тарихан МДҲ мамлакатлари билан узвий боғланган ва ҳеч қачон минтақада дўстона муносабатларнинг бузилишига йўл қўймайди, - дея билдирди Россия Давлат Думаси халқаро ишлар бўйича қўмита раисининг ўринбосари Анатолий Стародубец.

Тожикистон президенти қошидаги СТМ директорининг ўринбосари Сайфулло Сафаров “Фарғона.Ру” АА мухбирига берган интервьюда “Россия ўзининг геосиёсий манфаатларидан келиб чиқиб Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши жараёнини фаоллаштириш устида фаол ҳаракат қилаётганини” қайд этди. Сафаровга кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон тарихининг ҳозирги босқичида олдинроқ юзага келган баҳсли муаммоларни икки томонлама тартибда ҳал қилишмоқда ва бу ҳол россияликларда келажакка ишонч уйғотмоқда. Умуман олганда, мантиқан МДҲ ҳудудидаги интеграциявий жараёнлар Марказий Осиёдаги вазиятнинг тубдан яхшиланишига олиб келади. Россия бу жараёнларнинг кучайишида, минтақадаги мураккаб муаммолар мажмуасини ҳал қилишда асосий ўйинчи ҳисобланади.

- Ислом Каримовнинг янада маҳоратлироқ, амбициясиз, тармоқ манфаатларини четга суриб қўйиб ишлайдиган ҳамда қўшнилари билан самаралироқ ҳамкорликка кўпроқ эътибор қаратадиган янги жамоасига умидимиз жуда катта, - дея билдирди С.Сафаров. Стратегик тадқиқотлар марказининг кўп йиллик кузатувларига кўра, Тожикистоннинг Ўзбекистонга нисбатан тутиб келган позицияси ижобий бўлиб қолмоқда. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон миллий манфаатларни амалга оширганда минтақавий манфаатларни доим эътиборга олиб келган. Бу минтақадаги глобал муаммоларини ҳал этишнинг самарали шакли бўлиб қолмоқда.

Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий 2007 йил якунларига бағишланган ва яқинда, январь ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида икки қўшни мамлакат ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий муаммоларни ҳал этиш жараёнида юзага келаётган ижобий ўзгаришларни таъкидлаб ўтган. Қўшни мамлакатлар ўртасида ечилмаган муаммоларнинг мавжудлигини қайд эта туриб, у “томонлар позицияларини музокаралар орқали яқинлаштириш мумкинлигига” ишонч изҳор этган. Ўзбекистон билан алоқаларнинг мустаҳкамланиши далолати сифатида ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаларининг 23 фоизга ўсганини, бу эса уч юз миллион долларни ташкил этишини келтириш мумкин.

Россия собиқ совет ҳудудларида жамоатчилик-сиёсий жараёнларни тадқиқот этиш бўйича ахборот-таҳлилий марказининг ( АА-Марказ ) мутахассислари Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатларининг сақланиб қолиши – Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш ишидаги энг долзарб муаммолардан бири, деб ҳисоблайдилар. Баҳсли ҳудуларнинг мавжудлиги, миллатлараро мунсабатлар, транспорт артерияларидан ҳамкорликда фойдаланиш , бошқа мамлакатлар таъсири ва ислом фактори ташвиш келтирувчи предметлардан саналади.

Ҳудудий даволар – энг бошоғриқ мавзулардан бири. Йигирманчи асрдан бошлаб, Ўрта Осиё халқларининг ҳудудий бўлинишлари бошланганидан бери тожиклар ўзларининг барча маданий ва тарихий марказлари миллий давлат ташқарисида қолиб кетганидан қайғурадилар. Шўро ҳокимияти даврида бу муаммо бу даражада кенг муҳокама қилинмаганди. Аммо, мустақилликка эришилгандан бери бу муаммо тожик зиёлилари ва аҳолининг маълум қисми ўртасида долзарб бўлиб қолган. Тожикистонда 90-чи йилларда бўлиб ўтган фуқаролик уруши бу муаммога қарашларни бир мунча ўзгартирди. Негаки, кўплаб тожикистонликлар республикадаги ички зиддиятларнинг келиб чиқишига Ўзбекистон раҳбариятининг маълум доиралари ўз таъсирини ўтказган, дея ҳозиргача ишонадилар.

Ҳозирда мавжуд ҳудудий тузилмалар Россия Империяси бевосита иштирокида ва СССР сиёсати асосида тузилган. Ўрта Осиёни миллий-ҳудудий бўлишда ўзбеклар бошқа миллатларга нисбатан кўпчиликни ташкил этган масканлар ўзбекларга теккан. Яна бир нарсани қайд этиш лозим. СССР тарқаб кетганидан сўнг собиқ шўравий республиклар мустақилликка эришдилар ва Мустақил Далвтлар Ҳамдўстлигига бирлашдилар (МДҲ). Бу ташкилотга аъзо давлатлар томонидан бир қатор ҳужжатлар имзоланган. Бу ҳужжатларга мувофиқ МДҲга аъзо давлатлар мавжуд ҳудудий бўлинишларни ва чегараларни, уларнинг бузилмаслигини ва даҳлсизлигини тан оладилар ва “ҳуқуққа хилоф равишда ҳуддудий эгаликка интилиш ва ўзга ҳудудларни бўлинишига қаратилган ҳар қандай ҳаракатлардан” ўзларини тиядилар.

Аммо масала бошқа нарсада. Анжуманда таниқли иқтисодчи олим Хожимаҳмад Умаровнинг қайд этишича, Тожикистон собиқ шўравий республикалар орасида энг қашшоқ мамлакат бўла туриб иқтисодий вазиятни яхшилашга интилиб келмоқда, аммо бу соҳада ҳали-ҳамон ижобий натижага эриша олгани йўқ. Тожикистонлик таҳлилчилар республикада гидроэнергетика соҳасининг ривожлантирилиши ва электр энергияси экспортини йўлга қўйиш муаммони ҳал қила олади, дея ҳисобламоқдалар. Лекин қўшни мамлакатлар сув заҳираларига қарамлиги катта бўлган Ўзбекистон Тожикистоннинг энергетика лойиҳаларига қарши чиқиб келмоқда.

Виза тартиби ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлган масала., Ўзбекистонликлар ва тожикистонликлар ўртасида антогонизм йўқлигини қайд этиш жоиз. Ҳамма муаммо – икки қўшни мамлакат сиёсатчиларининг амбицияларида. Яна бир нарсани қайд этиш жоизки, тожикистонликларнинг ўттиз фоизи ўзбек бўлса, ўзбекистонликларнинг йигирма фоизи ўзларини тожик миллатига мансуб ҳисоблайдилар.

Тожикистон Социал демократик партияси раисининг ўринбосари Шокиржон Ҳакимовга кўра, виза масаласининг ҳал этилиши икки давлатнинг Бутун жаҳон савдо ташкилотига киришини тезлатади ва ЕвроОсИҲ мамлакатлари сиёсатида ижобий силжишларни амалга оширади. “Ўйлашимча, асосий – сиёсий қарор олий даражада ҳал бўлади. Улар [икки давлат раҳбарлари] албатта учрашишлари лозим. Россия ҳозир қудратли давлат бўлгани билан Марказий Осиё мамлакатлари сиёсий элиталарининг амбицияларини тия олмайди. “Шарқ донишмандлари” дея ҳисобланган давлат мулозимлари билан баҳслашиш осон эмас”, - дейди Ҳакимов.

Шунинг учун ҳам Россиянинг икки мамлакат ўртасидаги яқинлашувига кўмаклашуви ҳақидаги баёноти бу мақола муаллифида ортиқча умид уйғотмаяпти. Миллати ўзбек бўлган тожикистонлик Мурод Бакировнинг айтишича: “Икки мамлакат манфаатлари Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбариятлари томонидан очиқ муҳокама қилиб олиниши лозим. Консенсусга эришиш – барча муаммоларни ҳал этишнинг энг яхши йўлидир”.



 

Реклама