21:15 msk, 20 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Миллатчилик мадҳияси. Сўнгги ўн етти йилда Тошкент кўчаларининг ярми ўз номини ўзгартирди

02.02.2008 12:01 msk

Алексей Волосевич

Бугунги кунда бутун республикадаги каби Тошкентда миллий анъаналарга мос келмаган ва шўро ўтмишини эслатувчи номлардан воз кечиш жараёни давом этмоқда. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан фарқли ўлароқ, бугунги кунда кўчаларнинг номини ўзгартириш нисбатан тинч ўтмоқда, пойтахт топонимик ҳаритасининг ўзгариши эса йил сайин сезиларли бўлиб қолмоқда. Янги мисол: Динмуҳаммад Қўнаев кўчасининг номи яна бир бор ўзгариб, Миробод кўчаси дея аталадиган бўлди. Ҳолбуки, 90-чи йиллар бошида президент Каримов юз йилдан кўпроқ вақт давомида Сапёрная дея аталиб келган кўчани ўзбек халқининг энг яхши дўсти – Қозоғистон ССР компартиясининг биринчи котиби Д.Қўнаев номи билан аташни таклиф қилганди.

Номи алмашган кўчалар, қишлоқлар, мактаблар, боғлар, заводлар ва фабрикаларни санайдиган бўлсак, кўп вақт кетади. 1880 йилдан бери шоир Жуковский номи билан аталиб келган кўча таниқли ҳукумат мулозими Рустам Азимовнинг отаси академик Содиқ Азимов номи билан, Тошкентдаги энг қўҳна кўчаларидан бири бўлган Гоголь кўчаси эса академик Яҳъё Ғуломов номи билан атала бошланди. Шу билан бирга, Гоголга ўрнатилган ҳайкални қаергадир олиб бориб қўйдилар (у мустамлакачими?..)

Ўз навбатида Новомосковская кўчаси Оққўрғон кўчасига, Педагогическая – Юсуф Ҳос Ҳожибга, Геологическая – Ойша Нурмуҳаммедовага, Обсерваторская – М.Қаҳҳоровага, Дунайская – Тўрариққа, Днепровская – Эргаш Комиловга, Брестская – Мингўрикка, Дагестанская – Муҳаммад Юсуфга, Карельская – Мирҳосилбойга, Волгоградская – Чўпонотага, Весна – Абу Сулаймон Баноқатийга, Никитин – Ҳирмонтепага, Висоцкий – М.Мирзаевга, Белоножко – Юзработ кўчасига айланди.

Цветочная кўчасини Ғиёс Умаров номига ўзгартиргандилар, аммо унинг ўғли мухолифатчи бўлиб қолгандан кейин уни Ҳиёбонтепага алмаштирдилар.

Космонавтлар шохкўчаси эндиликда Афросиёб дея аталмоқда (фазогирлар бошқа миллатга мансуб бўлганлар), Пушкин боғи эса Абдулла Қодирий номи билан аталмоқда. Бу номларнинг ҳам азалий эмаслигини таъкидлаб ўтмоқчиман: 1932-36 йилларда бу боғ Акмал Икромов, 1936-37 йилларда эса Мирмуҳсин Шермуҳаммедов номи билан аталган. Шунинг учун ҳам бу ишлардан асосий мақсад боғнинг азалий номини қайтариш эмас, балки русча номлардан воз кечиш кўриниб турибди.

Улицы Ташкента
Тошкент кўчалари. «Фарғона.Ру» АА фотосурати

Ўзбекистонда халқлар орасида дўстлик ҳукм сураётганини намойиш этиш учун ўзбекча бўлмаган баъзи номларнинг, масалан: Пушкин, Чехов, Есенин, Шевченко, Лаъл Баҳодир Шастри кўчаларининг номлари сақланиб қолганини қайд этиш лозим.

Яна бир нарсани алоҳида қайд этиб ўтишни истардим: бўлаётган воқелик фақат Ўзбекистонга ҳос эмас. Ҳудди шундай жараёнлар собиқ совет республикаларининг барчасида содир бўлган ва ҳозир ҳам давом этмоқда. Навбатдаги диктатор ёқтирмаган мозий ва ҳозирги замон воқелиги исталганича керакли тарафга буриб ўзгартирилмоқда. Афсуски бу соҳада қандайдир чекловчи омиллар ҳозирча йўқ.

Ташкент. Памятник Шарафу Рашидову
Тошкент. Шароф Рашидовга ўрнатилган ёдгорлик ҳайкали

Мустақиллик эълон қилинганидан бери 2005 йилгача Тошкентдаги жами 3473 та кўчалардан бир ярим мингтасини, яъни ярмининг номи ўзгартирилган. Тошкент ва республикадаги бунёдкорлик ишлари фақат ўзбеклар томонидан амалга оширилган ва республика ривожланишига фақат ўзбекларгина ҳисса қўшганлари ҳақидаги янги афсона кишилар кўз ўнгида яратилмоқда, шунинг учун ҳам абадийлаштиришга фақат ўзбекларнинг номлари муносиб, республика тарихида бошқа миллат вакиллари умуман бўлмаган.

Ном ўзгартириш жараёни шунчалик кенг кўлам олдики, ҳатто ҳукуматга қарашли “Народное слово” газетаси ҳам 2005 йилда бу ишнинг нақадар осон кечаётганини танқид қилганди. Ўшанда газета объектларнинг номини ўзгартириш муолажаси нақадар оддий бўлганини хабар берган:

“Масалан, қандайдир жамоат ташкилоти, кўпинча бирорта маҳалла фуқаролар йиғини ҳокимиятга мурожаат қилиб, илгари “Вторая Виборгская” кўчасини шу маҳаллада яшаган ва фақат шу маҳаллада обрўли бўлган, бугунга келиб ҳеч ким эсламайдиган қандайдир одамнинг номи билан аташни таклиф қилган. Оқибатда кўплаб адаш-кўчалар пайдо бўлди. Бунга мисол қилиб иккита Мирзаев кўчасини, иккита Турсунхўжаев, учта – Хўжаев, учта – Азимов кўчасини келтириш мумкин”.

Номларни ёппасига алмаштириш тошкентликлар учун бир қанча ноқулайликлар туғдирди. Шунинг учун ҳам тошкентликларнинг аксарияти ҳозиргача янги номларни тан олмай, жойларни эскичасига аташни давом этмоқдалар. Ҳеч ким Новомосковская кўчасини Оққўрғон, Жуковскийни – Содиқ Азимов демаяпти. Переушка, Космонавтлар проспекти, Госпитальний бозори, Бродвей каби номлар ҳозиргача яшамоқда.

Ўн йиллар олдин номи ўзгартирилган Туркман бозори, Тезиковка, Қашғарка, Болгарка ва бошқаларнинг номлари шу кунгача ҳам ишлатиб келиниши халқ орасида мустаҳкам ўрнаб қолган номларнинг умри боқийлигига далолат бўлади.

Улицы Ташкента
Тошкент кўчалари. «Фарғона.Ру» АА фотосурати

Ҳозирда номақбул номларни ўзгартириш жараёни аста-секин сустлашиб, илгаригидек кенг кўламда ўтмаяпти. Икки йил аввал эса кўчалар номини ўзгартириш сиёсатида кескин бурилиш юз берди (машъум Андижон фожеасидан кейин Россия томонга бурилиш билан мутлақо тасодифан бир пайда). Бир пайтнинг ўзида 30 та кўчанинг номи ўзгартирилган ва – эътибор беринг! – номи ўзгартирилган кўчалардани бирортасининг ҳам номи русча бўлмаган. Бундай кўчалар қолмаган деб ўйламанг, бунинг сабаби – президент Каримовнинг қўққисдан қалб кўзи очилиб, энг яхши дўст ва биродар кимлигини англаб етганида, холос.

Албатта, бундай ўлда-жўлда ишларнинг барига Ўзбекистон президентининг қудратли идроки ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Мисол тариқасида 2003 йилда унинг ташаббуси билан Улуғбек номидаги маданият ва истироҳат боғида (илгари бу боғ Ўзбекистон ЛКСМ 40 йиллиги деб аталарди) Ғофур Ғуломнинг 100 йиллик юбилейи муносабати билан хотира ёдгорлиги ўрнатилганини келтириш мумкин. Ушбу воқеа муносабати билан Ислом Каримов ўн йил аввал Улуғбек номи берилган бу боққа Ғофур Ғулом номини беришни, илгари Тельман боғи дея номланиб келган ва яқинда номи Боғи Эрамга ўзгарган боққа эса Улуғбек номини беришни буюрди. Энди бирорта танишингизга Улуғбек боғида учрашув тайинлаб кўрингчи, оқибати нима бўлар экан...

Ҳозир Тошкентда русча ва ўзбекча бўлмаган топонимлар жуда оз миқдорда қолгани учун ҳам бу жараённинг бориши илгаригидек унчалик кўзга ташланмаяпти. Ҳозир ҳам юзлаб кўчалар, тор кўчалар ва берк кўчалар ҳанузгача нотўғри номлар билан аталмоқда (аблаҳ мустамлакачиларни қаранг, ҳамма ёққа қуриб ташлашибди-я!), шунинг учун ҳам номларни ўзгартириш бўйича махсус комиссия ходимларини беш-олти йилгача иш қидириш масаласи безовта қилмаслиги турган гап.

Ёзилганга фақат Ўзбекистоннинг мақсадга йўналтирилган камситувчи сиёсати натижасида маълумотли ва малакали аҳолининг мамлакатни тарк этаётгани ва қўлдан чиқарилган тарихий имкониятларнинг анчагача таъсир этишини қўшиб айтиш қолди, холос.