20:41 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ислом Каримов АҚШ раҳбарияти билан алоқаларини тиклаяпти

25.01.2008 07:44 msk

Ўз ахб.

Кеча ”ЎзА” ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов 24 январь куни Оқсарой қароргоҳида АҚШ қуролли кучлари Марказий қўмондонлигининг қўмондони Уильям Феллонни (William Fallon) қабул қилди. Олдин хабар берганимиздек, Уильям Феллон Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафар қилмоқда. У.Феллонни 22 январь куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон қабул қилган. Бунгача олий мартабали америкалик меҳмон Бишкекда бўлганди.

Ислам Каримов и Уильям Феллон
Ислом Каримов ва Уильям Феллон. “ЎзА” фотосурати

Ташриф давомида адмирал Фeллон Ўзбeкистон Рeспубликаси прeзидeнти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кeнгаши котиби, Ўзбeкистон Рeспубликаси мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари, чeгара қўшинлари қўмондони билан ҳам учрашди.

Ўзбекистоннинг бош ахборот агентлиги америкалик адмиралнинг Ўзбекистон раҳбари билан учрашуви ҳақида хабар бера туриб, “Учрашувда минтақавий хавфсизликни таъминлаш, қўшни Афғонистонда вазиятни барқарорлаштириш, шунингдeк, халқаро тeрроризмга, наркотрафикка, оммавий қирғин қуроллари тарқалиши ва бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашиш борасида томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашилди. Мулоқот чоғида Ўзбeкистонда жамиятни дeмократлаштириш ва либeраллаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан боғлиқ масалалар ҳақида ҳам сўз борди”, каби бир неча расмий иборалар билан чекланиб қўя қолган.

Associated Press агентлиги Ислом Каримовнинг америкалик меҳмонга қарата айтилган биттагина иборасини келтирган: “Сизнинг ташрифингизни Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар учун муҳим воқеа... ва ҳарбий техника соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилиб олиш учун яхши имконият, деб ҳисоблаймиз”.

“Бир томондан Ўзбекистон ва иккинчи томондан АҚШ ҳамда Европа давлатлари ўртасида ҳали-ҳамон зиддиятлар мавжуд, дея таъкидлайдиганларнинг борлиги ҳеч кимга сир эмас. Улар бундай зиддиятларнинг давом этишидан манфаатдорлар ва буни исташларини тушуниш қийин эмас. Бу борада нима ҳам дейиш мумкин? Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида барча яқин ва узоқ қўшнилари билан, шу жумладан, АҚШ ва Европа билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат тарафдори бўлиб келган. Биз ҳеч қачон бу йўлдан қайтмаймиз. Боз устига, миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли алоқалар негизи бугунги кунда мустаҳкамланиб бораётганини ишонч билан қайд этишимиз мумкин”.

Ислом Каримовнинг 2007 йил 7 декабрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 15 йиллигига бағишланган тантанали мажлисда сўзлаган нутқидан.

Шу билан бирга, обрўли Eurasianet.org веб-нашрида чоп этилган “АҚШ-Ўзбекистон: Алоқаларни тиклаш учун яна бир қадамми?” мақоласининг муаллифига кўра, “бу ташриф Россиянинг Марказий Осиёдаги энергетик позицияларини мустаҳкамлашига йўл қўйишни истамаётган АҚШнинг ўз ҳаракатларини фаоллаштираётганини англатади”. “Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа сиёсий таҳлилчилар Феллоннинг миссияси ҳарбий масалалар билан чекланиб қолмаган, дея ҳисоблайдилар. Баъзилар унинг асосий мақсади АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни қайта тиклашга асос яратиш, дея ҳисобламоқдалар”, - дея хабар беради нашр.

Ўтган кузда американинг Тошкентдаги янги элчиси Ричард Норланд (Richard Norland) АҚШ-Ўзбекистон муносабатларини нормаллаштиришга уринишни бошлаганди, дея эслатади Eurasianet.org. Декабрда эса Каримов АҚШ томонидан йўналтирилган ишораларини хушҳоллик ила қабул қилди. Ўзбекистон Конституциясининг 15 йиллигига бағишланган тантанали мажлисда сўзлаган нутқида у Ўзбекистон ва АҚШ ҳамда ЕИ ўртасида қандайдир муаммолар мавжуд эмас, дея тингловчиларини лол қолдирди.

Асл мақсади маҳфий тутилаётган олий мартабали америкалик адмирал Феллоннинг Ўзбекистонга ташрифи Вашингтоннинг президент Каримов билан алоқаларини қайта тиклашга эҳтиёжи кўтарилиб бораётганига далолат бўлади, дея ҳисоблайдилар Eurasianet.org нашрининг таҳлилчилари.