17:38 msk, 22 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Собиқ совет ҳарбий асири: “Тожикистонда одамлар ўттизинчи йиллардаги каби яшамоқдалар...”

24.01.2008 07:19 msk

Ўз ахб.

Совет қўшинлари фашизм устидан ғалаба қозонганларига олтмиш уч йил тўлди. Аммо, шу чоққача Улуғ Ватан уруши ўзи ҳақида эслатиб турибди: онда-сонда ОАВ номаълум аскарларнинг қабрларини топганлари ёки ҳалок бўлгани ҳақида “қора хат” келган ёки дараксиз йўқолганларнинг топилаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлиб турибди. Шундайлардан бири Тожикистонда туғилган Эргаш Қобулов бўлиб чиқди.

Яқинда у ўзининг Сўғд вилояти Қайрақум туманидаги туғилиб ўсган Қорамозор қишлоғида бўлиб қайтди. Биз у билан Хўжандда кўришдик.


Эргаш Қобулов. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Ҳозир Эргаш Қобулов саксон беш ёшга кирган. Фронтга ўн саккиз ёшида кетганди.

- Фронтга кетганимдан бери Ленинобод жуда ўзгарибди, - дейди Эргаш ака жилмайиб. - Аммо менинг қишлоғимда деярли ҳеч нарса ўзгармаган. Одамлар ўша-ўша, ўттизинчи йиллардаги каби яшаяпти. Мен буни кўриб ҳайрон бўлдим. Қандай қилиб, йигирма биринчи асрда свет бўлмаса? Транспортни кўриб даҳшатга тушасан. Ҳамқишлоқларимнинг ҳаётини кўриб, рости уларга ачиндим. Уларнинг ҳаётини ҳаёт деб бўлмайди.

Эргаш ака чойни ҳўплаб ўзи ҳақида сўзлай бошлади.

- Биринчилар қаторида фронтга ёзилдим. Афсуски, дивизиямиз қуршовда қолиб асирга тушиб қолдим. Уч марта қочишга уринганман, бўлмади. Йиллар ўтса ҳам, ватанга қайтиш фикри мени ҳеч қачон тарк этмаганди. 1968 йилда тоғамдан хат олдим. У менга ватанга қайтишим ҳечам мумкин эмаслигини, бу ерда асирларни ватан хоинларига тенг эканлигини ёзганди.

Эргаш аканинг кўзида ёш қалқиди. Бир оз тин олиб, ҳикоясини давом этди:

- Концлагердалигимда америкаликлар менга АҚШда бошпана беришга ваъда қилдилар, унамадим. Германияда қолсам ватанимга қайтишим осон бўлади, деб ўйладим.

Германияда узоқ вақт сарсон-саргардонликда юрдим. Қийин эди, бегона юрт, тил билмаслик... Бахтимга маҳаллий фермер билан танишиб қолдим. У менга иш таклиф этди. Аввалига машина ҳайдашни ўргатди. Унинг фермасида 1956 йилгача ишладим. Унинг маслаҳатига кўра, ўзимга умр йўлдоши қидираётганим ҳақида маҳаллий газетага эълон бердим. Таклифимга ҳамшира бўлиб ишлаётган Суфол Майзел жавоб берди. Бир йил давомида учрашиб юрдик, шундан кейин у менга тегишга рози бўлди. Тўйимизда саккиз киши иштирок этди, холос.


Эргаш Қобулов ва унинг қариндошлари. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Элатдош дўстларим ўн йил олдин бу дунёни тарк этдилар. Аммо уларнинг фарзандлари ҳозиргача олдимга меҳмонга келиб туришади. Худога шукур, Ватанимга келишга муяссар бўлдим.

Олтмиш беш йилдан бери Ганноверда яшаяпман. Етти юз евро пенсия оламан. Менга етади. Бундан ташқари, “Гете” ансаблида ҳам иштирок этаман, бунинг учун ҳам маош оламан. Уйим, томорқам, боғим, машинам бор...

- Шу давр мобайнида сизни маҳаллий аҳоли вакиллари ҳафа қилмадими? – дея сўрадим Эргаш акадан.

- Ҳеч қачон. Германияда одамлар ўзи билан овора, у ерда миллатчилик йўқ. Одамнинг ўзига боғлиқ, унга қандай муносабатда бўлишларига.

- Эргаш ака, шунча вақт муҳожирликда яшаяпсиз, тилни унутмадингизми?

- Она тили сут билан киради, она тилини унутган одам Ватанини ҳам унутади.

- “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўлгин”, деган гап бор. Ватанга бутунлай қайтиб келиш ниятингиз йўқми?

- Фақат қалби ўлган одам буни орзу қилмайди. Мусофирчиликда юрган ҳар бир одам ватанига қайтиш орзуси билан яшайди. Аммо, ҳозир бошимдан олтин сочсангиз ҳам қайтмайман. Бу ердаги одамларнинг ҳаётини ҳаёт деб бўлмайди...