01:19 msk, 19 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Самога учган нархлар. Тошкент шаҳрида 2007 йил декабрь охирига келиб товар ва хизматлар нархлари ҳақида

23.01.2008 07:29 msk

Ўз ахб.

Товар ва хизматлар нархлари борасидаги ушбу шарҳ билан 2007 йил учун шундай шарҳлар циклини якунлаймиз. Ўзбекистон пойтахтида ой сайин чакана нарх-наво ўзгаришларининг суратини қайд этилиши сабабидан бугун биз бу нархларнинг қанчалик ўзгарганини ҳисоблаб кўришимиз ва Ўзбекистонда йиллик инфляция даражасининг қанчалиги борасида тассавурга эга бўлишимиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ислом Каримов ўзининг янги йил муносабати билан халққа мурожатида ўтган йили инфляция ўсиши 6,8 фоизни ташкил этган, деб айтганди. Президентнинг бу гапларини шарҳламоқчи эмасмиз, аммо, истаганлар учун Ўзбекистон пойтахтида нархларнинг қайси тарафга ўзгарганини шахсан танишишни таклиф этамиз.

* * *

Сўнгги йил ичида нарх ўзгариши (2006 йил 31 декабрдан 2007 йил 31 декабргача)

2007 йил давомида Ўзбекистонда минимал иши ҳақи икки марта кўтарилди ва 12.420 сўмдан 18.630 сўмгача етди. Бу 42,2 фоизни ташкил этади.

Шу билан бирга, коммунал тўловларнинг нархи сезиларли ўсди. Квартира тўлови 40 фоизга, ичимлик суви - 73 фоизга, иссиқ сув ва иссиқлик манбаи корхоналарига тўлов - 22 фоизга,электр энергияси – 15 фоизга, газ (киши бошига) 20 фоизга ўсди. Жамоат транспорти 25 фоизга, болалар боғчасига тўлов (битта бола учун) 50 фоизга, мактабларда тушлик 50-100 фоизга ўсган.

Кўчмас мулк сезиларли даражада қимматлашди. 2006 йил охирида Юнусобод даҳасидаги бир хоналик квартира 11.500-14.000 долларга баҳоланган бўлса, бир йил ўтиб бундай хонадоннинг нархи 16.000-28.000 долларга чиқди (ўсиш 39-100 фоиз). Ҳудди шундай даҳадаги икки хоналик квартира 36-56 фоизга ($18.000-20.500 дан $ 24.500-32.000), уч хоналиги эса 43-60 фоизга ($ 20.000-35.000 дан $ 32.000-50.000) ўсган. Хусусий уй қурилиши учун шаҳар марказидаги участкалар ўртача 15-135 фоизга ўсган (ҳар сотихи учун $13.000-17.000 дан $15.000-40.000).

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган “ЎзДЭУавто” автомобиллари сезиларли даражада қимматлашди. 2006 йил охирида “Matiz” автомобили 8.000-8.600 долларга сотилган бўлса, 2007 йилда 10.000-11.800 долларга кўтарилди (ўсиш долларда 25-37 фоизни сўмда эса 30,5-43 фоизни ташкил этган). Янги “Nexia DOHC” 12.500-16.000 доллар эди, энди бўлса 15.000-16.000 долларга (12,5-20 ёки 17,4-25,3 фоиз) кўтарилди.

Аксарият озиқ-овқат махсулотларининг нархи осмонга чиқиб кетди. Олий навли ун бир йил ичида 600-650 сўмдан 1.200 сўмгача (85-100 фоизга), биринчи навли ун эса 500-550 сўмдан 1.000-1.100 сўмгача кўтарилган (100 фоизга). Ун ортидан ун махсулотларининг нархи ҳам кўтарилди. Буханка нон нархини давлат ушлаб туришга ҳаракат қилгани учун ҳам унинг нархи бир йилда 17,6 фоизга (170 дан 200 сўмга)ўсди, холос.

Ўсимлик ёғининг нархи ундан-да бадтар кўтарилди. Бир йил аввал бир литр кунгабоқар ёғини 1600-1800 сўмга сотиб олиш мумкин бўлганди, 2007 йил декабрига келиб унинг нархи 3700-4700 сўмгача кўтарилди (ўсиш 131-161 фоиз). Сариёғ нархи ҳам кўтарилди – бир килоси учун 5.000-5.400 дан 5.500-8.000 сўмгача (ўсиш 10-48 фоиз). Сариёғ нархининг ўсиши унча катта бўлмагани билан бу маҳсулотнинг сифати жуда пасайиб кетди.

Сут нархи 45,5-60 фоизга кўтарилди (бир литри учун 550-750 дан 800-1200 сўмгача). Аммо шакар нархи 8,5-9 фоизга арзонлашди (1 килоси учун 1.100-1.150 дан 1.000-1.050 сўмгача).

Гўшт ва гўшт маҳсулотларининг нархи жиддий тарзда кўтарилди. Мол гўшти 4.000-5.000 дан 4.000-6.500 сўмгача, қўй гўшти 4.000-4.800 дан 6.500 сўмгача (35-62 фоиз) кўтарилди. Ундан ҳам товуқ оёқларининг нархи қимматлашди – 2700-2850 дан 4800 сўмгача (68-78 фоиз). Канаданинг «Maple Lodge Farms» сосискалари қутичасининг нархи 1800 сўмдан 2400 сўмгача (33 фоизга) кўтарилди.

Мева ва сабзавотлар ҳам жуда қимматлашиб кетди. Помидор 66-150 фоизга (600-1.500 дан 1.500-2.500 сўмгача), булғор қалампири – 150-200 фоизга (1.000 дан 2.500-3.000 сўмга), сабзи – 66-150 фоизга (150-200 дан 250-500 сўмга), олма – 131-240 фоизга (500-1.300 дан 1.700-3.000 сўмга) кўтарилди. Шу билан бирга, бодринг нархи 20 фоизга (2.500-3.500 дан 2.000-3.500 сўмга), картошка – 38,5 фоизга (650-750 дан 400-700 сўмга) ва баъзи навдаги гуручлар 27 фоизга арзонлади.

Ушбу материал билан нарх-наволарнинг кенг кўламда қимматлашиш сабабларини таҳлил этишни ўз олдимизга мақсад қилиб олмаган бўлсак ҳам, бунинг сабабини миллий валюта курсининг пасайиши билан боғлиқ эмаслигини қайд этиб ўтмоқчимиз. “Қора бозорда” доллар бир йил давомида 4-4,8 фоизга (1250-1260 сўмдан 1300-1320 сўмгача), Марказий банкнинг расмий курси эса 1240 дан 1291,23 сўмга, яъни 4,1 фоизга кўтарилди, холос. Шундай қилиб, нарх-наво қимматлашувининг сабабини долларнинг кўтарилиб кетгани билан эмас, балки, бутунлай бошқа омиллар билан изоҳлаш лозим.

* * *

ҚҚуйида Тошкентдаги 2007 йил 31 декабрь кунига товар ва хизматлар нарх-наво жадвалини эътиборингизга ҳавола қиламиз (алоҳида ойнада HTML-файл очилади).

Долларнинг сўмга нисбатан 31 декабрь кунига курси: расмий валюта алмашириш шохобчаларида – 1 доллар учун 1298-1301 сўм; “қора бозорда” – 1300-1320 сўм.

Ҳисоблар валютанинг эркин алмаштириш учун мавжуд ўртача курсидан, яъни 1 доллар учун 1310 сўм нархда келиб чиққан ҳолда бажарилган.