02:46 msk, 19 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: 2007 йил сайлов кампаниясининг хроникаси

20.01.2008 09:21 msk

Алексей Волосевич

Олдинги серияларнинг қисқача мазмуни

Мана 18 йил бўлибдики Ислом Каримов ўзбек халқини бахт ва фаравонлик сари етакламоқда. У эгаллаган лавозимларнинг номи алмашса-да, давлат раҳбарлигида туриши ўзгармас бўлиб қолган.

Илк бор Ислом Каримов 1991 йил президент сайловларидан сўнг халқ сайлаган президент бўлиб қолган. Ўшанда унга ҳақиқатдан ҳам мухолифатдаги номзод Муҳаммад Солиҳ рақиблик қилганди. Аммо, ҳар қандай сайловларни Марказий сайлов комиссиясини назорат қилувчи шахс ютиши маълум. Шунинг учун ҳам МСК Ислом Каримовни 86 фоиз овоз тўплаб Ўзбекистонга беш йил муддатга президент этиб сайланганини эълон қилганида ҳеч ким ҳайрон бўлмади. 1995 йилда умумхалқ референдуми орқали унинг ваколатлари 2000-чи йилгача чўзилди ва пировардида унинг биринчи президентлик муддати саккиз йилни ташкил этди.

Ўзбекистонда иккинчи бор президентлик сайловлари 2000 йил 9 январь куни бўлиб ўтди. МСК маълумотига кўра 91,9 фоиз овоз тўплаган Ислом Каримов яна бир бор беш йил муддатга сайланди. 22 январь куни унинг расмий президент лавозимига киришиш маросими бўлиб ўтди ва конституцияга кўра шу муддатдан бошлаб унинг иккинчи президентлик муддати бошланади.

Ислам Каримов
Ислом Каримов

Бир йил ўтиб Каримов яна бир бор референдум ўтказишни ният қилди. Бу сафар президентлик муддатини икки йилга чўзиш мақсадида. Референдумда қўйилган масала қуйидагича эди: “Сиз президентлик конституциявий муддатини беш йилдан етти йилга чўзишга розимиз?” Президентлик муддати Каримовнинг ваколати чўзилишига олиб келадими йўқми – бу ҳақда расмийлар индамасликни ва қўйилган саволга жавоб бермасликни афзал кўрдилар. Ўша пайтда МСК раиси бўлган Абдурафиқ Аҳадовга журналистлар бу саволни кўндаланг қўйганларида у, президентлик муддатининг чўзилиши амалдаги президентга тааллуқли эмас, агар референдум натижалари ижобий бўлса, бу қоида янги президент сайловларидан кейин амал қилишни бошлайди, деган жавобни берганди.

Қонунларнинг ортга қайтиш кучи йўқлиги маълум ва 2002 йил референдуми натижалари 2000 йилда бўлиб ўтган сайловга таъсир этиши мумкин эмасди. Аммо, бу меъёр Ўзбекистонда негадир амал қилмас экан. Референдум натижалари эълон қилиниши биланоқ Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари бу меъёрни унутдилар ва ўз-ўзидан Ислом Каримов “референдум натижасига кўра” лавозимда 2007 йилгача қолиши назарда тутиладиган бўлиб қолди.

Бундан-да қизиқроқ бошқа нарса бор: референдум натижаларига таянган ҳолда расмийлар Конституцияга “президент ваколатлари тугаган йилнинг” учинчи декадасида президент сайловлари ўтказилади, деган тузатишни киритдилар. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари тўғрисида”ги қонунга кўра, президент ўз лавозимида янги сайланган президентга ваколатларини топширгунига қадар қолади, дейилишини ҳисобга олинадиган бўлса, мисли кўрилмаган вазият юзага келди. Президентлик ваколати расман 2007 йилнинг 22 январь куни тамом бўлган. Аммо қонун унинг конституциявий ваколати тамом бўлганидан кейин ҳам яна бир йил давомида лавозимида қолишга имконият беради: 11 ой декабрнинг охирида ўтадиган сайловгача ва яна 1-2 ой келгуси президентнинг инаугурация маросимигача. Яъни, шу чоққача ҳеч қанақасига шарҳланмаган қонунчиликдаги тузатишлар туфайли Каримовнинг иккинчи муддати 7 йил эмас, роппа-роса 8 йилу 1 ойини ташкил этди ва 2008 йилда тамом бўлди.

Ислам Каримов
Ислом Каримов

Европа мамлакатларидаги “Халқаро инқироз гуруҳи”нинг (ICG) вице-президенти Алан Делетроз “Uznews.net” веб-сайтига интервьюда бўлаётган воқеаларни қуйидагича шарҳлади: “Дунёдаги бирорта ҳам мамлакатларнинг конституциясида бундай ҳолат йўқ. Ҳеч қаерда президент ваколатлари тамом бўлганидан кейин бир неча ой ўтиб сайлов тайинланмайди, бу нарса фақат Ўзбекистонда мавжуд”.

“Ёшимни эътиборга оладиган бўлсам, мен 90 йилларда бошлаган Ўзбекистон тараққиёти шаклини ва мафкурасини ким давом этиши ўйлайдиган ҳадга келиб қолдим”.



Каримов –2002 йил умумхалқ референдумида сайлов участкасида овоз берганидан кейин журналистларга гапиргани

Сайловни кутиб

2007 йил 22 январь яқинлашган сайин, яъни Каримовнинг президентлик ваколатлари тугашига яқин кўпчилик Ўзбекистон президенти томонидан қандайдир тушунтириш ёки баёнот бўлади, дея кутганди. Ахир давлат раҳбари лавозимини эгаллаб турган одам қандайига бўлса ҳам ўзининг бу лавозимда чўзилиб кетган муддатини асослаб бериш керакми? Лекин ҳеч нарса содир бўлгани йўқ. Ислом Абдуғаниевич ҳеч нарса бўлмагандек вазифасини бажариб юраверди. Орада у давлат раҳбари сифатида Сингапур, Миср, Россия, Қирғизистон, Туркманистонга бориб келди. Сиёсатчилар, ишбилармонлар ва жамоат намояндалари билан мулоқотда бўлди, хорижий элчиларнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Фақат, негадир Давосдаги навбатдаги иқтисодий форумга, шу жумладан, умуман бирорта ҳам ғарб давлатига боргиси келмади. Балки, у ерда ўзи учун нохуш саволларга жавоб бергиси келмагандир?

Шу давр мобайнида Ўзбекистонда бирорта ҳам оммавий ахборот воситалари конституциявий ваколати тамом бўлган шахснинг президентлик лавозимида қолиши ҳақида сўз очишга ҳадди сиғмади. Мамлакатдаги бирорта ҳам ОАВ 2007 йил сентябрнинг охиригача президент сайловлари йили ҳақида бир оғиз ҳам сўз очишга ботина олмади. Бутун йил давомида Ўзбекистон матбуоти, радио ва ТВ нима ҳақда бўлса гапирса гапирдики, аммо, сайлов ҳақида умуман сўз очгани йўқ. Бунинг сабабини Ислом Каримовнинг ўзи бу ҳақда бир қарорга келмагани билан изоҳлаш лозим бўлса керак. Икки президентлик муддатини адо этган Каримов Конституцияга кўра учинчи бор сайланиши мумкин эмасди. Кўп жойларда ноаниқ ва ҳар қандайига талқин қилиниши мумкин бўлган Ўзбекистон Конституцияси ушбу ҳолатда аниқ ва равшан тарзда бир кишининг учинчи бор президент бўлиб сайланишини тақиқлаган.

Умуман олганда, Интернет гувиллаб ётар, аммо Ўзбекистон ОАВ сайлов ўтказиш ғоясининг ўзи президент учун гўёки ҳақоратли бўлганидек жим-жит эди. Ҳеч ким чўзилиб кетган сукунатни бузишга шошилмас, Ўзбекистонда ваколатли мансабдор шахслар иштирокида матбуот анжуманлари ўтказилмас, ҳукумат вакиллари эса умуман журналистлар билан учрашувлардан ўзларини олиб қочардилар. Масалан, Киевда февраль ойида бош вазир Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон делегациясининг вакиллари аввалдан тайинланган матбуот анжуманидан қочиб кетдилар.

Ислам Каримов
Ислом Каримов

Албатта ҳеч ким Ислом Каримовнинг ўз ихтиёри билан тахтдан воз кечишини кутмаган. Аксинча, турли сиёсатшунослар, журналистлар ва “Марказий Осиё бўйича экспертлар” Каримовнинг ўз ҳукмдорлигини сақлаб қолиш учун қандай йўл тутиши борасидаги сценарийларни башорат қилишда ўзаро мусобақалашдилар. Асосан, тутилиши мумкин бўлган учта йўл ҳақида сўз борди. Биринчи: Каримов президентлик ваколатларининг аксариятини бош вазирга топширади ва шундан сўнг унинг лавозимини эгаллайди. Иккинчиси: Каримов тахтни меросхўрга топширади. Меросхўр сифатида кўпчилик Рустам Иноятовни (Миллий хавфсизлик хизмати раиси) ва президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовани кўрдилар. Ва ниҳоят учинчиси, Қозоғистон варианти: парламент бир кишининг икки мартадан ортиқ президент бўлиб сайланишни тақиқловчи конституциявий чекловларни бекор қилади. Бунинг ҳеч қандай қийинчилиги йўқ эди. Аммо вақт ўтар, лекин Асосий қонунга ҳеч қандай ўзгартишлар киритилмас, президентликни икки муддат билан чекловчи 90-чи модда эса ўзгармай қолаверди. Ёз охирига келиб Каримов фаоллаша бошлади. У гўёки ўтмай қолган молини сотмоқчи бўлган бозордаги олиб сотардек ўзини ошкорасига мақтай (албатта “бизнинг эришган ютуқларимиз дея”) бошлади. Ўзбекистон ОАВ унинг навбатдаги “кенг кўламли ислоҳотлар”, “демократиялаш жараёнларини тобора чуқурлаштириш” каби ибораларига тўла нутқларини ёйинлай бошладилар. Каримов 2007 йилнинг охирига келиб мамлакатда ўртача ойлик 200 долларга етади дея ваъда берди (бу ҳозиргидан 3-4 баробар баланд – Таҳр.) ва ўзбекистонликларни эришилган ютуқлардан эйфорияга тушмасликка чақирди. Эксперт ва сиёсатшуносларнинг башоратлари амалга ошмади. Президент ҳеч ким ҳаёлига келтирмаган тўртинчи сценарий бўйича тахтда қолишга қарор қилди. Президент конституцияни ўзгартирмай ва конституцияга хилоф равишда сайловларда иштирок этиш йўли билан лавозимида қолди.

Маҳфий қурултойлар ва номзодларни кўрсатиш

Президент сайловлари бўлиши ҳақида Ўзбекистон аҳолисига 2007 йилнинг 18 сентябрь куни билдирдилар.

Матбуотда сайловолди компанияси эълон қилингани ҳақида қисқа ва қуруқ хабар билан чекландилар. Телевидение фақат 26 сентябрга келиб “Ахборот” янгиликлар дастурида Ўзбекистонда декабрь охирида президент сайловлари ўтказилиши тўғрисида эслатиб ўтди. 4 октябрь куни Ўзбекистон Либерал демократик партияси сиёсий кенгашининг мажлисида Ислом Каримовнинг номзодини кўрсатиш ҳақида қарори эълон қилинди. “Ишбилармонлар” президент бўлиб сайланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахснинг номзодини кўрсатиш ҳақидаги ўз қарорларини ҳеч қандайига изоҳлаб бермадилар. 19 октябрдан бошлаб эса Тошкентда бирин-кетин расман рўйхатга олинган партияларнинг қурултойлари ўта бошлади. Улар ўз номзодларини кўрсата бошладилар. Қурултойлар ўта маҳфий равишда ўтди: бегона журналистлардан бирортаси ҳам қурултойларда иштирок эта олмади. Ушбу партия қурултойларининг ўтадиган жойи ва вақти ҳатто ҳукуматга қарашли газеталарнинг вакиллари учун ҳам номаълум бўлиб қолди. Уларни ёритиш эса фақат ЎзА миллий ахборот агентлигига, Миллий телерадиокомпанияга, Ўзбекистон нодавлат телерадио тармоқлари ва “Uzbekistan today” ҳафталигига ишониб топширилди. Қўғирчоқ партиялар қуйдаги номзодларни кўрсатдилар: “Адолат” партиясидан Дилором Тошмуҳаммедова; “Фидокорлар” партиясидан Ахтам Турсунов; “Миллий тикланиш” партиясидан Хуршид Дўстмуҳаммедов; Халқ демократик партиясидан Аслиддин Рустамов. Сайловчиларнинг қандайдир ташаббускор гуруҳи ҳам ўз номзодини кўрсатди. Бу номзод парламент Қонунчилик палатасининг демократик институтлар бўйича қўмита раҳбари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов. Кейинчалик маълум бўлишича, Ўзбекистон нодавлат ташкилотларига уни қўллаб овоз бериш топширилган экан. Шу билан бирга, мамлакатда оммавий равишда, аммо овоза қилмай Ислом Каримовнинг номзодини қўллаш учун имзо тўпланаётгани маълум бўлди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромовга кўра, Тошкентда амалдаги президент учун мажбурий имзо тўплаш жараёни бошланди. Ижрочилар - маҳалла фуқаролари йиғинларининг раислари, дўмқўм ва туман маъмуриятининг ходимлари. Улар одамларнинг уйларига кириб фуқаролардан паспортларини талаб қилар, рақамларини ёзиб олиб илтимос ва қўрқитиш йўли билан бланкаларга имзо қўйдирардилар.

Йирик корхона ва муассасалар, касалхона ва клиникаларда ҳам имзо тўпладилар. Президентни қўллашдан бош тортганларга турли йўллар билан босим ўтказишни буйруқ бердилар. Тошент шаҳар наркология диспансерида ҳам никоҳга кирувчи ёшларга маълумотнома беришдан аввал президентни қўллаш учун имзо талаб қилдилар...

Ислам Каримов
Ислом Каримов

Ниҳоят, Либерал демократик партиядан ташқари ҳамма партиялар ўз номзодларини кўрсатиб бўлдилар. 6 ноябрь куни ЎзЛиДеПнинг қурултойи бўлиб ўтди. Сўзга чиққанларнинг бари амалдаги президентга қарата маддоҳлик қила бошладилар. Икки мисол келтираман.

Ҳасан Мамасаидов, член УзЛиДеП, «Office market» тижорат директори, ЎзЛиДеП аъзоси:

- Партиямиз томонидан Каримовни танлаймиз, чунки келажагимизнинг таъминланишини биламиз. 16 йил қисқа муддат ичида катта силжишларга эришдик...

Полянте Свешников, «ПГС» ХК директори, ЎзЛиДеП раёсати аъзоси:

- Агар мамлакат раҳбари томонидан тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ишларнинг барини санаб ўтадиган бўлсак, бунга кўп соат вақт керак бўларди...

Мақтовларни эшитиб Каримов Либерал демократик партиянинг номзоди сифатида сайловда иштирок этишга рози бўлди сайловолди дастурини баён қилувчи нутқини сўзлади. Шу билан бирга, номзод нимага асосан сайловда учинчи марта иштирок этаётгани тўғрисида оғиз очмасликни афзал кўрди.

Имзолар қандай тўпланди

17 октябрь кунидан бошлаб Ўзбекистонда кўрсатилган номзодларни қўллаш учун имзо тўплаш кампанияси бошланди. Сайловда иштирок этиши рухсат этилган сиёсий партияларнинг ҳар бири ва сайловчилар ташаббускор гуруҳи “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари тўғрисида” қонунига кўра, 17 октябрдан 9 ноябргача Ўзбекистондаги барча сайловчиларнинг 5 фоизи миқдорида, яъни 814.870 та имзо тўплаши зарур эди. Шундан сўнг МСК етти кун муддат ичида топширилган имзоларни текшириб чиқиши ва уларнинг мазкур қонунга қанчалик мос келиши ҳақида ўз хулосасини бериши керак эди.

Ўзбекистонда сайлов

Ўйлаб кўринг: уч миллиондан зиёд имзоларни текширишга бир ҳафта муддат берилган! Шу вақт мобайнида МСКнинг 15 нафар аъзоси нафақат имзоларнинг ҳақиқийлигини, балки, топширилган бошқа ҳужжатларнинг ҳам қонунга мувофиқлигини текширишлари керак эди. Ҳар бир имзони текшириш учун бир дақиқа вақт кетганда ҳам бунга 150 кун керак бўларди... Имзолар ишончли усулда: бошлиқлар орқали тўпланди. Шунинг учун ҳам биринчи навбатда катта меҳнат жамоаларининг вакилларидан овоз бериш сўралди. Қизиғи шундаки, либерал демократларнинг ўзлари имзо тўплаш жараёнида иштирок этмадилар. Бунинг кераги ҳам йўқ эди, улар учун бу ишни бажариб бўлдилар.

“Ҳуқуқни ҳимоя қилиш альянси”нинг вакиллари Марказий сайлов комиссиясида уларга ва мамлакатнинг кенг жамоатчилигига уч миллион икки юз минг имзоларнинг мавжудлигини исботлашни талаб қилдилар. Аммо МСК аъзолари бунинг исботини тақдим эта олмадилар, эксперт комиссиясининг иши ҳақида сўзлаб бермадилар ва ҳатто, ўша бир ҳафта давомида имзоларнинг ҳаққонийлигини текширган экспертларнинг номини айтиб бера олмадилар.

Бу ҳолат ҳуқуқ ҳимоячиларига МСК ни қаллобликда айблаш учун асос бўлиб қолди. Расмийлар эса одатдагидек, ўзларини ҳеч нарса бўлмагандек тутдилар.

Каримовнинг ва яна уч номзоднинг рўйхатга олиниши

МСК раиси 18 ноябрь куни ишчи гуруҳлари топширилган имзо ва ҳужжатларни текширувдан ўтказиб, уларнинг “миллий қонунчиликка мос келгани” ҳақидаги хулосаларини берганини ва шунинг асосида президентликка тўрт номзоднинг: Аслиддин Рустамов (ХДП), Дилором Тошмуҳаммедова (Адолат), Акмал Саидов (сайловчилар ташаббускор гуруҳи) ва Ислом Каримов (ЎзЛиДеП) рўйхатга олинганини эълон қилди.

Абдусаломовга кўра, икки номзод етарли миқдорда имзо тўплай олмаган ва шунинг учун ҳам Ахтам Турсунов (Фидокорлар) ва Хуршид Дўстмуҳаммедов (Миллий тикланиш) сайловдан четлатилган.

Баёнотини ўқиб эшиттирган МСК раиси журналистларнинг саволларига жавоб беришни истамай хонани зудлик билан тарк этди. Номзод Каримов нимага асосланиб рўйхатга олингани ҳақида ҳеч ким изоҳ олишга муяссар бўлгани йўқ. Албатта, журналистлар давлат раҳбари нега конституцияга хилоф равишда иш тутаётганини ва буни қандай асослаб беришини жуда билгилари келди. Аммо, таассуфки бунга имконият йўқ: Каримов ҳеч қандай интервью бермаяпти, савол бериш мумкин бўлган матбуот анжумани ўтказмаяпти. Каримов иштирокидаги сўнгги матбуот анжумани 2005 йил 17 май куни, машъум Андижон фожеасидан кейин ўтказилганди. Ўшанда у ғарб журналистларининг ноқулай саволларига жавоб бериш учун анчагина қийналганди. Ўша матбуот анжумани яхшигина дарс бўлган шекилли, шундан бери Каримов чет эллик журналистлар билан мулоқотни умуман йиғиштириб қўйди.

Ислам Каримов
Ислом Каримов

Расмий маҳкамалар ва уларнинг фаолияти

Сайловларнинг демократик ва ҳаққоний ўтиши учун сайлов комиссияларининг, айниқса Марказий сайлов комиссиясининг таркиби муҳим роль ўйнаши маълум. Номзодларнинг ҳеч қайси бири у ерда кўпчилик овозга эга бўлмаслиги лозим.

Ўзбекистонда бу борада аҳвол қандай? “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунга мурожаат қиламиз: “Марказий сайлов комисссияси Республика Олий Мажлиси томонидан ўн беш кишидан кам бўлмаган миқдорда тузилади... Марказий сайлов комиссияси раиси Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимотига мувофиқ сайланади”.

Бошқача қилиб айтганда, МСК раисини асосий номзод бўлган Ислом Каримовнинг ўзи тайинлайди. Шунинг учун ҳам президент томонидан 2005 йилда бу лавозимга тайинланган М.Абдусаломов нима тўғрисида гапирса ҳам Каримовнинг номзоди кўрсатилиши номашрулиги ҳақида индамайди.

Шунинг учун ҳам МСК бутун сайловолди кампанияси давомида бирорта ҳам матбуот анжумани ўтказмагани ва журналистларга олдиндан келишиб олинмаган савол беришга имконият бермаганининг сабаби тушунарли.

Боз устига, МСК аъзолари улар билан учрашиб ўз саволларини беришни истаган “ҳуқуқни ҳимоя қилиш альянси”нинг фаолларидан шармандаларча яшириниб юрдилар. Саволларига жавоб олишга кўзлари етмаган ҳуқуқ ҳимоячилари МСКни қаллобликда ва ҳаракатсизликда айбладилар ва уни тарқатиб юборишни ҳамда сайлов натижаларини бекор қилишни талаб қилдилар.

Ўзбекистон Коснституциявий ва Олий суди ҳамда Бош прокуратура вакиллари ҳам ўзларини ҳудди шундай тутдилар. Бутун сайлов кампанияси давомида Ҳуқуқ ҳимоячиларининг мазкур маҳкама вакилларининг улардан қай тарзда яшириниб юришлари, ёлғон гапиришлари ва телефон қўнғироқларига ҳеч нарса эшитилмаётганини важидан гўшакни ташлашлари ҳақида ёйинланган ахборот варақчаларини ўқиш қизиқ эди. Уларнинг ўзларини шу тарзда тутишлари берилган саволларга етарли жавоб бўлди.

Сайлов ва унинг натижалари

23 декабрь куни эрталаб бошланган сайловлар умуман гавжум бўлмаган, одамлардан ҳоли залларда ўтди. Овоз бериш жараёни устидан назорат деярли бўлмади. Истаганлар унда паспортларини кўрсатмай иштирок этдилар. Бунинг учун сайловчи рўйхатда ўзининг фамилиясини топса бўлди эди. Сайловда икки марта иштирок этмоқчи бўлганларга ҳам имконият бўлди: рўйхатдан ўтган манзилда ва яшаётган жойда. Боз устига, нафақат ўзи учун, балки қариндошлари, танишлари, баъзи жойларда эса қўшнилари учун ҳам овоз беришга имконият бўлди. Журналистлар бемалол турли тажрибаларни ўтказдилар, масалан, икки марта овоз беришга уриндилар ва буни осон бажардилар. «AFP» мухбири бўлса битта сайлов участкасида икки соат мобайнида уч маротаба овоз берган одамнинг фотосуратини олишга эришди. Ўзбекистонча сайловнинг яна бир тафсилоти: уларда фуқаролар анъанавий сўрови, яъни экзит-полларни ўтказишга рухсат берилмади. Экзит-поллар – демократик назоратнинг муҳим воситаси бўлиб, агар уларнинг натижалари расмий натажалар билан катта фарқ қиладиган бўлса, унда расмий натижаларни қўрқмай шубҳа остига олиш мумкин. Шунинг учун ҳам МСК раиси М.Абдусаломовнинг 22 декабрь кунги брифингда қонунга кўра Ўзбекистонда сайлов куни сўров ўтказиш ва унинг натижаларини чоп этиш тақиқланади дейиши бекор эмасди.

Аммо, МСК раиси “Президент сайловлари тўғрисида” қонунига таянган ҳолда экзит-полларни тақиқлаб, истаб-истамай хато қилди. Қонун сайлов куни сўров ўтказишни эмас, балки, фақат унинг натижаларини чоп этишни тақиқлаган. Шунга қарамай, ҳар ҳолда баъзи сўровлар ўтказилди, бу ҳақда кейинроқ сўз юритамиз. Сайловлардан олдин расмийлар мамлакатга нохуш унсурларни (журналистлар ва ҳоказо) киритмаслик борасида мислсиз чораларни кўрдилар. Қўшни мамлакатлар, хусусан Тожикистон ва Қозоғистон чегаралари ёпиб қўйилди, Ўзбекистондаги туристлар учун севимли шаҳарларда хусусий меҳмонхоналарга ўз фаолиятларини 2008 йил 5 январь кунигача тўхтатиш тўғрисида амр қилинди.

Аксарият ғарб оммавий ахборот воситалари, хусусан “Associated Press”, “BBC”, “The New York Times” мухбирларини, шунингдек, дунёдаги етакчи телеканаллар тасвирчи гуруҳларини Ўзбекистонга киритмадилар (улар - назорат қилиб бўлмайдиган кузатувчилар). Ҳаттоки Россиянинг “ОРТ”, “Россия” ва “НТВ” каналларига ҳам аккредитация беришдан бош тортдилар. Озчилик журналистларга сайловдан уч-тўрт кун аввал бир ҳафта муддатга виза бердилар, холос.

Российские телеканалы показывали картинку узбекских
Россия телеканаллари ўзбек тасвирларини намойиш этдилар

Сайлов куни соат 13 да МСК раиси М.Абдусаломов сайловларни бўлиб ўтган, дея эълон қилди, чунки унда Ўзбекистонда рўйхатга олинган сайловчиларнинг деярли 60 фоизи соат 12 гача овоз бериб бўлган экан!

Эртаси куни ўтган брифингда М.Абдусаломов дастлабки натижаларни эълон қилди. Таҳлилчилар башорат қилганларидек овоз беришнинг иккинчи босқичи керак бўлмай қолди. МСК маълумотига кўра, сайловда 14.765.444 киши ёки сайловчиларнинг 90,6 фоизи иштирок этди. Овозлар қуйидагича тақсимланди: И.Каримов учун 88,1 фоиз, А.Рустамовга - 3,17 фоиз, Д.Тошмуҳаммедовага - 2,94 фоиз, А.Саидовга - 2,85 фоиз. 2,94 фоиз бюллетенлар ҳақиқий эмас, деб топилди.

Ушбу маълумотларни эълон қилган МСК раиси одатдагидек саволлардан қочиб қолди. Жиддий саволлар бор эди унга. Масалан мана бундай.

Ўзбекистонлик гастарбайтерларнинг овозлари қаерда қолди? Ахир бир неча миллион ўзбекистонлик фуқароларнинг чет элда тирикчилик важидан юрганлари маълум-ку! Шунинг учун ҳам, агар биз камтарона 2-3 миллион киши чет элда тирикчилик важидан юрганини эътиборга оладиган бўлсак, бу сайловчиларнинг 12-18 фоизини ташкил этади. МСК бўлса сайловда 90,6 фоиз сайловчилар иштирок этган, дея ишонтирмоқчи бўлди. Гастарбайтерлар атайлаб бир-икки кунга сайловда иштирок этиш учун уйларига келиб кетганга ўхшайди.

Мантиқан оллганда Каримовнинг ҳар бир рақиби ҳеч бўлмаганда беш фоиздан, жами биргаликда камида 15 фоиз овоз тўплашлари керак эди. Ахир уларни рўйхатдан ўтказиш учун шунча имзо тўпланганди-да! Нима, аввал уларни қўллаган сайловчилар кейин айниб овозларини Ислом Каримовга бериб юбордиларми?

Ҳар ҳолда, таклиф этилган кузатувчиларнинг аксарияти бу нарсаларни умуман эътиборга олганлари йўқ.

Ҳолбуки, Ўзбекистонда президент сайловларини 30 мамлакатдан келган 264 нафар рўйхатга олинган чет эллик кузатувчилар кузатдилар. МДҲ кузатувчилариинг миссияси кутилганидек, сайловларни “эркин, очиқ ва траспорент”, дея тан олди. Бошқалар ҳам улардан қолишгани йўқ. Фақат ЕХҲТ кузатувчиларининг фикри бошқача бўлди. Сайлов ўтганидан кейин ЕХҲТ ўтган сайловларни “демократик стандартларга мос келмаганини” билдирди. ЕХҲТ делегациясининг баёнотида миссия Марказий сайлов комиссиясининг кўплаб ҳужжатлари билан таништирилмагани ва президентликка номзодлар билан учраша олмагани айтилган (!). “Барча номзодлар амалдаги президентни қўллагани учун ҳам сайловчилар ҳақиқий танлов ҳуқуқидан маҳрум бўлдилар”, - дейилади кузатувчилар баёнотида.

Шунингдек, ЕХҲТ Каримовнинг учинчи муддатга қайта сайланишининг машруълиги масаласини ҳам кўтарди. “Унинг президентликка номзод сифатида рўйхатга олиниши конституциявий чеклашлар қабатида юридик масалаларни кўтаради”, - дея қайд этилади ЕХҲТ хулосасида.

Хулоса қиладиган вақт ҳам етиб келди. Биринчи хулоса: расмийлар томонидан сохталаштириш, алдов ва қонун бузилишлари сайлов компаниясининг барча босқичларида мавжуд бўлди. Иккинчи хулоса: бу сохталаштиришликларнинг кераги бўлмади, чунки сайлов натижаларининг ўзи сохталаштирилди.

Менимча, сайловчиларнинг овози саналгани ҳам йўқ бўлса керак, халқ билан президент ўртасидаги муҳаббатни ифода этувчи рақамлар эса осонгина осмондан олиб қўйилган.

Шахсий кузатувларимдан шу нарса маълум бўлдики, сўраганларим – танишларим ва тасодифий суҳбатдошларимнинг аксарияти умуман сайловда иштирок этишни ният қилмагандилар. Аммо сайловга бормоқчи бўлганларнинг деярли ҳаммаси ўз овозларини Акмал Саидовга ёки аёл кишига беришни ният қилганлар. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар ўтказган бошқа кичик сўровлар ҳам шунга ўхшаш натижалар берган. Масалан, Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳининг маълумотига кўра, сайловда Акмал Саидов етакчилик қилган, иккинчи ўринни эса Дилором Тошмуҳаммедова эгаллаган. Кўринишидан, сайловнинг ҳақиқий натижалари бизга ҳеч қачон маълум бўлмаса керак.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг эски президенти яна янги президент бўлди. Ислом Каримовнинг лавозимга киришиш маросими 16 январь куни парламент йиғилишида бўлиб ўтди. У қўлини республика Конституцияси ва Қуръонга қўйиб тантанали равишда “Ўзбекистон халқига хизмат қилишга, республика Конституцияси ва қонунларига оғишмай амал қилишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юкланган вазифаларни чин кўнгилдан бажаришга” қасамёд этди.