03:42 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: 2008-чи йилнинг изғирин қиши

17.01.2008 08:44 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистонда бу йилги қиш бошқача келди. Қариялар бундай совуқ қирқ йил аввал, 1968 йилда кузатилганини эсламоқдалар. Ўшанда термометрлар Цельсий бўйича йигирма даража совуқни кўрсатган. Одатда олдинги йилларда қаттиқ изғирин нари борса уч-беш кунга чўзилиб, ҳаво тезда илиган бўлса, бу йил 24 декабрда кескин тарзда тушган совуқ бу кунларгача давом этмоқда.

Серқуёш республика аҳолисининг хонадонлари иссиқ ва қулай бўлганида балки об-ҳавонинг бундай совуқ келишига ҳеч ким қайғурмаган бўларди балки, лекин, афсуски одамлар уйларида ҳам иссиқ топа олмаяптилар. Об-ҳаво совиб кетганидан ёқилғига эҳтиёж кўтарилди ва пировардида газ қувурларидаги босим пасайиб кетди. Ҳозир хонадонларда газ пасайганидан чой қайнатишга ёки овқат пиширишга анчагина вақт кетмоқда. Айниқса янги йил байрамига тайёргарчилик қилаётганларида уй бекалари анча қийналдилар. Хонадонларни иситишда газдан фойдаланиш масаласи турмаса ҳам марказлашган иситиш тизими батареялари совуқдан қўлни куйдирмоқда. Бундай манзарани ҳамма ерда, шу жумладан, Тошкентда ҳам кузатиш мумкин.

Мамлакатда умуман иссиқлик етказилмайдиган ҳудудлар бор. Тошкент вилоятидаги йирик саноат маркази бўлган Ангрен шаҳрида Дукент даҳаси бор. У ерда олтмиш олтитита кўп квартирали уйлар бор. Улардан бирортаси ҳам марказий иссиқлик тизими воситасида иситилмайди.

Бунинг сабаби – шаҳарни исссиқлик билан таъминлашга қаратилган Ангрен ДТЭС ҳарорат графигини кўтара олмаяпти. Бундай совуқда сув станциядан чиқаверишда 110-130 даражагача исиши керак, аммо ДТЭСдан чиқаётган сув фақат 45-55 даражагача исияпти, холос. Бундан ташқари, станция иссиқликни саккиз-тўққиз атмосфера босими остида узатиш керак эди, амалда эса босим беш яримдан ошмаяпти.

Мутахассислар бунинг сабабини биринчидан, ўттиз йилдан кўп вақт давомида ишлатилаётган жиҳозларнинг эскиргани, иккинчидан эса маҳаллий кўмир билан бирга ишлатилаётган газ ва мазутнинг етишмаслиги билан изоҳламоқдалар. Дукент дўнгликда жойлашгани учун иссиқлик у ердаги уйларга етиб бормаяпти.

Газ етишмаслиги важидан Тошкент вилоятидаги барча қозонхоналарда сув етарли даражада иситилмаяпти. Зангиота қозонхоналарида сув 38 даражагача, Қибрайда эса 30 даражагача иситилмоқда, холос. Оҳангарон шаҳрида уй ичи тизимининг тайёр бўлмаганидан йигирмата кўп квартиралик уйлардан бирортасига ҳам иссиқлик етказиб берилмаяпти. Паркентда бўлса қозонхона музлаб капитал таъмир талаб бўлиб қолган. Вилоятдаги етмиш олтида қозонхонадан ўн биттаси ишламаяпти.

Аҳолиси иссиқликдан маҳрум бўлган шаҳар ва қишлоқларни санашни давом этиш мумкин эди, аммо бунинг учун кўп вақт кетади. Чунки бундай ҳолат бутун республика бўйича кузатилмоқда. Ҳаммасидан ҳам кўплаб касалхона, поликлиника, мактаб ва олий ўқув юртлари иситилмай қўйилган кишини аччиқлантиради.

Келгусида аҳволнинг яхшиланишига умид йўқ. Гап шундаки, 2008 йилдан бошлаб Ўзбекистонда иссиқлик таъминоти тизими тўлалигича хўжалик ҳисобига ўтади. Биринчи январгача харажатларнинг ўн фоизи давлат бюджети ҳисобига қопланарди, аммо газ, сув, электроэнергия нархларининг мунтазам равишда ўсишини эътиборга оладиган бўлсак, бу етарли эмас.

Ўз соҳасида монополиячи бўлган иссиқлик манбаи корхоналари ўз маҳсулотларига нархни оширмоқчи, аммо аксилмонополия қўмитаси бунга қаршилик қилмоқда. Кўп квартиралик уйларда истиқомат қилувчи аҳоли ҳам бу корхоналарнинг фаолияти натижасига қараб уларга пул тўлашдан бош тортмоқдалар ва шартномаларни бекор қилмоқдалар.

Шунинг учун ҳам бугун Ўзбекистон дўконларида электр иситиш жиҳозлари энг ҳаридоргир мол бўлиб бўлиб қолгани кишини ҳайрон қолдирмаяпти. Аммо, электр энергияси таъминотида ҳатто Тошкент каби шаҳри азимда ҳам узилишлар бошланиб қолгани рост.

Мана шундай, бугун серқуёш Ўзбекистон аҳолиси совуқ ва қорлар билан, аммо электр ва иссиқсиз яшамоқда.



 

Реклама