03:58 msk, 21 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Буюк Британиянинг энг йирик ритейлери Европани ўзбек пахтасидан воз кечишга чақирмоқда

16.01.2008 09:15 msk

Фарғона.Ру

Буюк Британиядаги энг йирик Tesco чакана савдо тармоғининг раҳбарияти ўз ҳамкорларидан Ўзбекистон пахта толасидан тайёрланган маҳсулотларни етказиб беришни тўхтатишни талаб қилди, дея хабар беради Eco Textile News. Tesco ширкати собиқ шўро республикасида пахта терими пайтида болалар меҳнатидан кенг миқёсда фойдаланаётганини аниқлаган Экологик адолат жамғармасининг (Environmental Justice Foundation, EJF) тадқиқотлари натижаларига кўра, ушбу қарорни қабул қилган.

Маҳсулот етказиб берувчиларга юборилган мактубда Tesco Clothing ширкатининг бош маъмури Тэрри Грин ширкат “мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш мутлақо мумкин эмас”, дея ҳисоблашини ва токи Ўзбекистонда бундай аҳвол сақланиб қолар экан Tesco ширкати Ўзбекистон пахта толасидан тайёрланган тўқимачилик маҳсулотларини сотишдан ўзини тийишини билдирди.

1924 йилда ташкил топган Tesco ширкати - Британиядаги энг йирик чакана савдо тармоғи бўлиб, штаб-квартираси Хартфордшир графлигида Чесхант шаҳрида жойлашган. Ушбу ном остидаги биринчи дўкон Лондон четида 1929 йилда очилган. .
Environmental Justice Foundation жамғармасининг раҳбари Стив Трент (Steve Trent) Британиядаги Теско ширкатининг ушбу мислсиз қарори кўп миллиардли пахта саноатига жиддий таъсир ўтказиши мумкинлигини билдирди.

Экологик адолат жамғармаси Ўзбекистон пахта ҳосили экспортидан ҳар йили беш юз миллион фунт стерлинг даромад олаётгани тўғрисидаги маълумотга эга. Ўзбекистон пахтасининг асосий ҳаридори Европа бўлиб қолмоқда.

“Биз барча чакана савдо сотувчиларини биздан ўрнак олишларига чақирамиз. Ўзбекистон ҳукуматига инсон ҳуқуқлари борасида суистеъмолликларга чек қўйилиши зарурлигини кўрсатишимиз лозим”, - дея сўзига якун ясади Трент.

Эслатиб ўтамиз, 2007 йил 21 июнь куни Меҳнаткашлар ҳуқуқлари бўйича халқаро жамғарма (ILRF) раҳбарияти АҚШ Савдо ваколатхонасига Ўзбекистоннинг Умумий переференциялар тизимига (GSP) кирувчи мамлакат сифатидаги мақомини қайта кўриб чиқиши борасидаги талабномасини юборди. ILRF Ўзбекистонда халқаро меҳнат меъёрлари жиддий тарзда бузилаётган ва ёш болалар меҳнатидан ноқонуний фойдаланиш мавжуд, деб ҳисоблайди.

Ўтган йили ноябрь ойида Финляндиянинг Marimekko ширкати ҳам Эстониянинг Kreenholm ширкати томонидан тайёрланаётган тўқимачилик маҳсулотларини сотиб олишни тўхтатиб қўйганди. Marimekko ширкатига кўра, эстониялик тўқимачилар Ўзбекистон пахта толасидан маҳсулот ишлаб чиқарган.

Расмий Тошкент ҳам ўз навбатида Ўзбекистоннинг Европа мамлакатларидаги дипломатик ваколатхоналари орқали пахта далаларида ёш болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларини қатъий инкор этмоқда. Ўзбекистон расмийларининг билдиришича “сўнгги пайтларда Ўзбекистонга нисбатан кучайиб бораётган ва мамлакатга сиёсий-иқтисодий босим ўтказиш учун нохолис рақобатдан иборат ахборот хуружи ҳақиқатдан йироқ”.

“Кўрсатилган муаммо 15-20 йил аввал мавжуд бўлганига қарамай, нега энди Ғарб айнан ҳозир бунга қизиқиш билдирмоқда, деган савол туғилади”, - дейилади Ўзбекистон ТИВ баёнотида. – “Ўзбекистон пахтаси жаҳон бозорида бошқа мамлакатларда етиштирилган пахтани сиқиб чиқараётгани ва бир қатор давлатларда давлат субсидияларининг бекор қилиниши уларда етиштирилган пахта толасининг жаҳон бозоридаги рақобатга янада чидамсиз қилаётгани ҳаммага маълум”.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ҳақиқатдан ҳам пахта далаларида ва қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларида болалар меҳнатидан фойдаланишнинг ҳар қандай шаклларини маън этади. Аммо, маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек, мустақил кузатувчилар мунтазам равишда куз мавсуми кириб келиши билан илгариги шўролар давридагидек минглаб ўқувчи ва талабалар “фермерларга ёрдам бериш учун” пахта далаларига олиб чиқилаётгани ҳақида билдирмоқдалар.

Хусусан, Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳи (ЎМҲҲТГ) ўтказган тадқиқотлар давомида аниқланишича, 2007 йилда Тошкент вилоятининг пахта етиштирувчи туманларида ўқувчилар баҳорги дала ишлари бошланиши билан қишлоқ хўжалик ишларига жалб этила бошланган. Улар ғўза яганаси, чопиқ ва пахта терим ишларида иштирок этганлар. 2007 йилнинг 5 сентябридан бошлаб барча пахта етиштирувчи туманларда бешинчи синфдан юқори бўлган мактаб ўқувчилари оммавий равишда пахта далаларига сафарбар қилинган.

ЎМҲҲТ маълумотига кўра, болалар далада кунига 10-11 соат давомида ишлаганлар. Ўқувчилар учун қуйидаги пахта териш нормалари белгиланган: 5-6 синфлар – 50 килограмм, юқори синф ўқувчилари учун – 60-70 килограмм. 2007 йилда бир килограмм терилган пахта учун теримчиларга 50-60 сўм тўланган.



 

Реклама