08:11 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент “Қаҳратон қиш”га таслим бўлмаяпти. Чимённинг чанғи сиҳатгоҳлари дам олувчиларга тўла

15.01.2008 15:59 msk

А.Кудряшов

Андрей Кудряшов (Тошкент)

А.Кудряшов фотосурати ©

Бу йил қиш асрлар давомида чилла ичи давом этадиган Ўзбекистонда кутилмаганда роппа-роса 1 декабрда кириб келди. Аммо на декабрнинг совуқ ҳавоси ва на қор аввалига одамларнинг кайфиятига ҳеч қандайига таъсир кўрсатмади.

Боз устига, сайлов олди кампанияси муносабати билан коммунал хизматлар иссиқлик етказиб бериш, электр энергияси ва табиий газ таъминотида узилишлар бўлмаслиги учун астойидил ҳаракат қилдилар.

Иссиқ батареялар ва газ қувурларидаги етарли босим давлат раҳбарлигига ўз номзодини яна бир бор кўрсатган Ислом Каримовга сайловчиларнинг бўлган муносабатни илитиш керак эди, гўё. Сайлов ўтганидан сўнг одамларнинг уйларидаги иссиқ йўқолади, деган башоратчилар пироварди натижада ҳақ бўлиб чиқдилар.

Памятник А.Темуру в Ташкенте в снегу
Тошкентдаги Амир Темур ҳайкали қор остида. Фото © Д.Данилов

Термиз шаҳрида совуқ минус йигирма даражадан тушиб кетган бўлса ҳам Ўзбекистонда совуқ ҳозирча ўз рекордини янгилагани йўқ. Асосий нохушлик совуқнинг қаҳратонлигида эмас, балки унинг ғайри оддий давомийлигида бўлиб қолди. Ҳозирги авлод бундан-да қаттиқ ва қаҳратон қишларни кўрган. Аммо олдинлари совуқ об-ҳаво жуда чўзилган бўлса бир неча кундан икки ҳафтагача давом этган, холос. Аммо бу йилги “қаҳратон қиш” жиловини асло бўшаштирмоқчи эмасга ўхшайди.

Мана бир ой бўлибдики бутун Ўзбекистон бўйлаб ўртача ҳаво ҳарорати кўп йиллик кузатувлар давомидаги ўртача статистик меъёрдан 10-12 даража пастроқ бўлиб, пироварди бундай узоқ давом этувчи совуқларга кўникмаган коммунал инфратузилмар учун катта муаммолар туғдирмоқда. Бу ҳатто узоқ қишлоқларга нисбатан фаравон ҳисобланган Тошкентда ҳам сезилмоқда.

Фото А.Кудряшов
А.Кудряшов фотосурати

Хрушчев даврида қурилган тўрт қаватли бинолар тўққиз қаватли бинолар каби 9 балл кучдаги зилзилага бардош бера оладиган лойиҳалар асосида қурилган. Бундан ташқари, кўпчилик биноларнинг конструкцияси қуёшнинг ўткир тиғидан асрашга ва ёзнинг жазирама кунлари салқин бўлишига қаратилган. Аммо, уларда иссиқлик сақлаш хусусиятлари кўзда тутилмаган.

Шунинг учун ҳам, масалан Новосибирскда ташқарида минус 35 даража совуқ бўлганда ҳам хона ичида бемалол кўйлакчан юрса бўладиган пайтда, серқуёш Тошкентда ташқарида ҳаво минус 6 даражага етмай туриб жун пайпоқ ва иссиқ ич кийим кийган ҳолда иккитадан кўрпа ёпиниб ётишга тўғри келади.

- Бу йил кутилмаганда уйларимизни октябрдаёқ иситишни бошладилар. Хурсанд бўлиб кетгандик. Аммо қаттиқ совуқ тушиши билан батареяларимиз зўрға илиди. Хонадонларда ҳозир ҳарорат 15 даражадан кўтарилмаяпти. Иссиқ кийиниб тез-тез қайноқ чой ичишга тўғри келаяпти, - дея шикоят қилади чилонзорлик пенсионер аёллардан бири.

Зима в Ташкенте
Тошкентда қиш. Фото © Dynarr

Бадавлат одамларга ҳам осон эмас. “Қиш-ёз” тизимидаги конденционерлар қаттиқ совуқ тушганда ишламай қўяр экан. Бу ҳақда конденционерларни ишлатиш бўйича йўриқномада маълумот берилган бўлса ҳам кўпчилик учун бу кутилмаган кашфиёт бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам нафақат камбағаллар, балки нисбатан бой одамлар ҳам уйларини қўлбола иситиш жиҳозлари воситасида исита бошладилар. Бу эса анчагина эскиб чарчаган электр тармоғига катта талафот етказмоқда.

“Ўзбекэнерго” Давлат ҳиссадорлик жамияти ёйинлаган расмий баёнотда Тошкентда содир бўлаётган электр тармоғидаги узилишларнинг кўпайганига истеъмолчиларнинг ўзлари айбдор эканлиги айтилмоқда.

Зимний Чимган
Қишки Чимён. А.Кудряшов фотосурати

Совуқ ҳар қанча кучаймасин тошкентликлар тушкунликка тушмаяптилар. Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи мавжудлиги ва бу ҳақда республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кунда уяли алоқа орқали хабардор қилиб туришига қарамай, шаҳарликлар дам олиш кунларини Чимён ва Билдирсой чанғи сиҳатгоҳларига отланмоқдалар.

“Қаҳратон қиш” давомида Тошкент атрофидаги курортлар саёҳатчиларни қабул қилишни бир кунга ҳам тўхтатганлари йўқ. Шанба ва якшанба кунлари бу ерда улгуржи бозордаги каби одамларга лиқ тўла. Оилавий даврада, дўстлар ва улфатлари билан одамлар қиш спорти қувончидан завқланиб баҳра олмоқдалар.

На отдыхе в Чимгане
Чимёнда истироҳат. Кудряшов фотосурати

Чимёнда эрта тонгда маҳаллий аҳолининг тоғ ёнбағрига чиқиб кетаётганларини кўриш мумкин. Улар бу ерда каклик овлайдилар. Расман лицензия бўйича каклик ови октябрдан декабрь охиригача рухсат этилади. Аммо маҳаллий аҳоли уларни тириклайин тутиб ишқибозларга сотадилар. Каклик гўштининг шифобахш хусусияти важидан бу қушларнинг ҳаридорлари етарли. Каклик вазни 400 грамм келган ҳолда унинг нархи 10 долларга боради. Бу пулга икки килограмм мол гўшти ёки 10 кило ун олса бўлади.

Аммо, қишки тоғларнинг энг қизиқарли томошаси кўпкари эканлигини тан олмай илож йўқ.

Кўпкари
Кўпкари. А.Кудряшов фотосурати

Ҳар ҳолда қиш ўзининг сўнгги сўзини ҳозирча айтгани йўқ. Ўзбекистон гидрометеорология марказиниг маълумотига кўра, республикада совуқ ҳаво сақланиб қолади. Қорақалпоғистон ва Хоразмда, шунингдек, Қизилқум чўлида ҳаво минус 27 даражагача совиши кутилмоқда. Тошкентда кундузи 3-8 даража совуқ, кечаси 15 даражагача. Тоғларда қор кўчиш хавфи бор.