12:23 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ҳуқуқ ҳимоячиси назари ила. Ўзбекистон турмалари бўйлаб қисқа танишув

15.01.2008 08:36 msk

Фарғона.Ру

Турма – инсон бошига тушадиган энг оғир синовлардан бири. “Ўзбекистон инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти” Қашқадарё вилоят шохобчасининг 69 ёшли раҳбари Ёдгор Турлибеков сохталаштирилган жиноят иши бўйича маҳбусликда ярим йилдан зиёд вақт ўтказди ва амнистия билан озод бўлди. Маҳбусликда бошдан кечирганлари ҳамда Ўзбекистон Жазони ижро этиш муассасаларида қандай тартиб ва қоидалар ҳукм сураётгани ҳақида у қайта қамалиш хавфидан мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишидан аввал “Фарғона.Ру” АА мухбирига сўзлаб берганди.

Тошкент. Қўлга олиш

Ёдгор Турлибеков 1937 йилда Тошкент вилоятининг Зангиота туманида туғилган. Миллати қозоқ. Ўзбек мактабида ўқиган ва алоқа техникумини тамомлаган. Алоқачи, теле-радио ва электр жиҳозларини таъмирловчи мутахассис бўлиб ишлаган.
Икки марта қамалиб чиққан. 1967 йилда муштлашгани учун 7 ой ўтирган. 1975 йилда устахонада содир бўлган ёнғин сабабидан яна судланган ва икки йилга озодликдан маҳрум этилган. Бир ярим йилдан сўнг 1976 йилда озодликка чиққан.
1980 йилдан 1997 йилгача Қарши шаҳрида махсус касб ўқув юртида радио ва электротехника муаллими бўлиб ишлаган. 1997 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий” номига сазавор бўлган. Олий таълим вазирлиги топшириғига мувофиқ ўзбек тилида радиотехника ва электроника бўйича дарслик тайёрлашда иштирок этган.
1998 йилдан бери ҳуқуқ ҳимояси ва журналистика билан шуғулланиб келмоқда. Журналист сифатида Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш бўйича институти (IWPR) билан ҳамкорлик қилган.
1976 йилдан 2007 йилгача Қарши шаҳрида истиқомат қилган. Хотини, фарзандлари ва набиралари бор.

Яndex матбуот портрети

Қарши. Ҳибсга олиш

17 июнь куни уйимга милиционерлар гуруҳи ёпирилиб кирди. Уйга жами тўққиз киши кирдилар: тўртаси формада, тўртаси формасиз, тўққизинчиси - терговчи Тўлқин Ёрматов. Кирганлар шаҳар прокурори Ҳикмат Икрамов томонидан берилган тинтув тўғрисида санкцияни тақдим этдилар. Барча қоғозларим, техника, факс, ксерокс, диктофон, фотоаппаратларнинг барчасини олиб кетдилар. Кейин мени Қарши шаҳар ИИБга олиб бордилар. Тергов бўлимининг бошлиғи Рамиз Зоҳиров мени кўриб кулишни бошлади. “Ҳа, қалайсиз энди, қўлга тушдингизми, - хурсандчиликдан қарсак чалиб. - Энди кўрамиз, демократиянгиз қаердалигини, конституциянгиз сизга қандай ёрдам беришини... Милиция устидан хўп кулгандингиз, энди навбат бизга келди. Истасам, сизни ваҳҳобий, “Ҳизбут-таҳрир”га аъзо, ҳатто террорчи қилиб қўяман. Мингта баҳона топаман. Мана, биттаси товламачилик йўли билан 500 доллар талаб қилганингиз тўғрисида кўрсатма бераяпти. Керакли қоғозга қўл қўйса, сизни саккиз йилга қамаб қўйишим учун етарли”.

Қарши. Вақтинчалик сақлаш изолятори

Уч-тўрт кун давомида мени ёлғиз камерада сақладилар. Кўрпа бермадилар. Камерада темир кровать. Кўрпасиз, адёлсиз темир панжара устида ётдим. Турганимда баданим зирқирар, панжара излари қолганди. Шундан кейин полда ёта бошладим.

Бир неча кун ўтиб мени умумий камерага ўтказдилар. Берган матраси қонга беланган экан, коридорга чиқариб ташладим. Ундан кўра полда ётган яхши.

Мени ноқонуний ҳибсга олганлари учун норозилик сифатида очлик эълон қилдим. 20 кун давомида ҳеч нарса емадим. Қарасам, ҳеч кимнинг иши йўқ, яна овқатланишни бошладим.

Қарши шаҳар вақтинчалик сақлаш изоляторида (ВСИ) 53 кун ўтирдим. Олдимга ҳеч кимни киритмадилар. На қоғоз бердилар ва на қалам. Тинтув пайтида ҳатто кўзойнагимни ҳам олиб қўйдилар.

Ядгар Турлибеков. Фото ИА Фергана.Ру
Ёдгор Турлибеков. Фарғона.Ру АА фотосурати.

Қарши шаҳар ВСИда жами 10 та камера бор. Коридорда кичкина радио ўрнатиб қўйилган, мусиқа садолари янграйди. Тунда соат 12 дан кейин овозини баланд қилиб қўядилар. Шу пайтда одатда терговчилар маҳбусларни қийноққа солишни бошлайдилар. Одамларнинг додидан уйғониб кетамиз.

Одамларни асосан тунда қийноққа соладилар. Велосипед занжирлари, бир метр узунликда қамчи ўрнига ишлатиладиган телефон кабелларини олиб келадилар. Омбир билан қўл ва оёқдаги тирноқларни суғурадилар, тирноқ остига бигиз тиқадилар, зажигалка билан этини куйдирадилар. Кишини турли йўллар билан таҳқирлайдилар. Ҳатто олатига баклашка илиб қўядилар... Умуман олганда фашистлардан фарқи йўқ уларнинг. Қийноққа солиш учун нималарни ўйлаб чиқармайдилар улар... Арматурани қиздириб товонга тиқадилар. Буларнинг ҳаммаси маҳбусларни айбига иқрор қилиш учун қилинади.

Умуман олганда, маҳбусларга муносабат жуда ёмон. Қариндошларимдан “передача” олишни тақиқлаб қўйдилар. Аммо шерикларимнинг қариндошлари келиб, ҳолидан хабар олиб турдилар. Ҳар бир передача учун 2-3 минг сўмдан пул бериш керак. Ўшанда ҳам назоратчилар маҳбусларга истасалар берадилар, истасалар ўзлари еб қўядилар.

Овқатлантириш тартиби қуйидагича: эрталаб чой ўрнига доғ сув берадилар, қуруқ чой ўзингиздан. Бир кунга бир буханка нон. Нонушта, тушлик ва кечки овқатга етказишингиз керак. Тушликка суюқ овқат берадилар, мазаси ёмон эмас, аммо бирор марта ҳам гўшт тушганини кўрмадим. Аммо, таъми келиб туради. Демак, гўштни назоратчиларнинг ўзлари еб қўядилар.

Ҳукм

54-чи куни мени Бухоро турмасига ўтказдилар. Уч кун ўтирганимдан кейин мени терговчи хонасига олиб кирдилар. У ерда икки киши ўтирган экан. “Мен сизнинг янги терговчингизман, - дея таништирди ўзини бири. – Ички ишлар вазирлигидан”. “Мен бўлсам сизнинг янги адвокатингизман, - деди бошқаси. - Исмим Нафас Жўраев. Сизга қўйилган айбловдан саккизтасини олиб қўйишади. Фақат биттасига қўл қўйиб, тан олсангиз бўлди”.

Адвокат менга қараб “Ишонмаяпсизми?” Папкани очиб, қандайдир қоғозларни чиқарди. “Мана, қаранг, ярми йиртиб ташланган. Ушланг, бу сизга очилган иш. Бу ерда бир неча жилд бор”. Кўзим олдида ахлат челагига ташлаб юборишди. “Ҳечқиси йўқ, яқинда амнистияда чиқиб кетасиз”. Менга қоғоз қалам бердилар. “Айбимга қисман иқрорман”, деб ёзиб бердим.

Сентябрда суд бошланди ва саккиз кун давом этди. Судда ҳаммасини фош этишни ўйладим, чунки менга қўйилган айбловлар сохта эди. Биринчи суд маҳкамасидаёқ “айбимга иқрор”лигимдан воз кечдим ва ҳеч қачон бундай ифлос ишлар билан шуғулланмаганимни билдирдим ҳамда зудлик билан мени озод қилишларини талаб қилдим. Ҳаммаси бефойда экан. Судьяга юқоридан буйруқ бўлган экан, менга 3,5 йил бердилар.

“Бундай муҳитда 3,5 йил чидамасам керак. Шу ерда ўлиб кетар эканман”, - дея ўйладим.

Бухоро турмаси

Бухоро турмасида эрталаб соат 6 да турғизишади. Вақтида турмаган маҳбусларни назоратчилар беаёв калтаклайдилар. Соат 9 да турма бошлиғининг ўринбосари, тезкор ходим ва врачдан иборат зобитлар бригадаси кириб келади. “Касал борми?”, дея сўрайди врач. Мен бир куни қанд касалим қўзғаганини ва қон босимим кўтарилганини айтдим. “Илтимос, дори беринг”, дедим. “Яхши, - деди капитан ва битта таблеткани чиқариб иккига бўлди-да, - мана сенга иккита дори, бири қандга қарши иккинчиси босимга”.

Тоштурма

Тоштурма маҳкум бўлган маҳбусларни тақсимловчи асосий муассаса. Бутун республика бўйлаб маҳбусларни Тоштурмага этап қиладилар. Бу ердан уларни зоналарга тақсимлайдилар.

Тоштурмада 4-5 кун турдим.

Товоқсой колонияси

Мени Тошкент вилоятининг тоғолди Товоқсой қишлоғида жойлашган УЯ 64/тҳ-3 колониясига жўнатдилар. У ерда бизни карантинга жойлаштирдилар. Товоқсой зонасида 2-3 минг киши жазо муддатини ўтайдилар. Агар йилига амнистия эълон қилиб турилмаса, бу зона бир йилдаёқ тўлиб-тошиб кетган бўларди.

Карантинда жуда қаттиқ тартиб ўрнатилган бўлиб, маҳбусларни очиқдан-очиқ таҳқирлайдилар. Бу зонадан олдин киши руҳини синдириш учун қилинади. Карантинда ноябрнинг бошидан ой ўртасигача 14 кун бўлдик. Бу вақтда анчагина совуқ тушиб қолганди. Биз, 60 киши ётган зал иситилмаганидан тунда умуман ухлаб бўлмасди. Кечаси билан оёқларимизни дупурлатиб чиқардик.

Тошкентдан янги этап келгани учун карантин муддати 6 кун аввал битди ва бизни зонага ўтказдилар. Суюниб кетдик!.. Зонада иссиқ экан. Зонанинг кўриниши қуйидагича: катта бараклар, уларнинг ичида икки қаватли шконкалар тўрт қатор жойлаштирилган. Жами 13 та отряд бор, ҳар бирида 200-250 тадан одам.

Ядгар Турлибеков в тюремной робе. Фото Сурата Икрамова
Ёдгор Турлибеков турма робасида. Сурат Икрамов фотосурати

Кечки овқатдан олдин ҳаммани текширувга олиб чиқадилар. Бунинг учун ҳамма катта майдонга чиқади. Ҳар бир отряд ўзига белгиланган жойга бориб туради. Шундан кейин назоратчилар 2-3 минг кишини санашни бошлайдилар. Қор ёғадими, ёмғир қуядими, барибир, ҳаммани санаб бўлмагунча кутишга мажбурсан. Кейин сафланиб ошхонага йўл оламиз. Йўлма-йўл “Серқуёш”ни жўровоз бўлиб айтиб борилади...

Озодлик

Товоқсойда бир ҳафтадан ҳам оз бўлдим. Мени амнистия қилинганларнинг биринчи партияси билан қўйиб юбордилар. Озодликка Янги йилдан олдин, 26 декабрда чиқдим. Ўша куни мен билан 29 нафар ёш йигитлар чиқдилар. Колониядан чиққанимизда уларнинг қариндошлари кутиб олдилар, ҳамма қучоқлашиб кўришаётган, хурсанд. Ўзбекистон телевидениеси буни тасвирга олаётган экан.

(Шу ерда Ёдгор ака диктофонни ўчириб қўйишимни сўраб, бўралаб сўкишлардан кенг фойдаланган ҳолда тошкентлик телевидение ходимлари видео камера рўпарасида туриб, амнистия билан озодликка чиққанлари учун президентга миннатдорчилик билдиришга таклиф этганларини гапириб берди. Турлибековга кўра, бунга жавобан у президент ҳақида ўйлаган барча гапларини айтган ва натижада телевидение ходимлари даҳшатга тушиб унинг олдидан қочганлар).

Уйга етиб боришим учун Қаршигача менга 4600 сўм ($4) бердилар. Тошкентгача кетаётган бошқа йигитга 4300 сўм бердилар. Ахир Тошкент билан Қарши бирми? Демак, бухгалтерияда атайлаб қандайдир чалкашликларга йўл қўйилаётган. Балки ведомостда кейинчалик биз қўл қўйган 4600 олдига 1, 2 ёки 3 қўйиб 14600, 24600 ёки 34600 қилишади-да, фарқини жиғилдонга урадилар.

Ядгар Турлибеков. Фото ИА Фергана.Ру
Ёдгор Турлибеков. Фарғона.Ру фотосурати

Келгусига режаларим шундай. Ўз ҳимоям бўйича ҳаракат қилмоқчиман. Ахир ўзимни ўзим ҳимоя қила олмасам, қанақасига ҳуқуқ ҳимоячиси бўламан? Қандай қилиб ўзгаларнининг муаммосини ҳал қиламан? Шунинг учун ҳам ўзимни қатъий туриб ҳимоя қилиб олмоқчиман. Айбим йўқлигини, айблов сохталаштирилганини исботламоқчиман ва бунга албатта эришаман.

Алексей Волосевич ёзиб олди