21:28 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Афғонистонда банг етиштириш соҳаси янги рекордларга эришмоқда

13.01.2008 17:38 msk

Азиз Ниёзий (Москва)

NationalSecurity.ruсайтининг фотоси

Афғонистонда 2007 йилда мамлакат тарихидаги энг катта афюн ҳосили етиштирилди. Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг (UNODC) маълумотига кўра, ўтган йили афғонистонлик деҳқонлар 8200 тонна хом афюн етиштирганлар. Бу 2006 йилда етиштирилган 6100 тонна ҳосилга нисбатан 17 фоиз кўп. Банг моддаларини ишлаб чиқаришнинг ўсиш сурати ҳам киши тасаввурини лол қолдирадиган даражада. Масалан, 1997 йилда 2800 тонна афюн ишлаб чиқарилган ва кўкнори етиштирувчи дала майдонлари 58 минг гектарни эгаллаган бўлса, ўтган йили 193 минг гектар ерда афюн етиштирилган. Ҳозир Афғонистонда афюн етиштириш билан икки миллионга яқин деҳқонлар шуғулланмоқдалар.

Дунё бўйича Афғонистон барча таниқли банг етиштирувчи мамлакатларни узоқ ортда қолдирди. Сайёрамиз бўйича тарқатилувчи афюн перепаратларининг 93 фоизи АФғонистонда етиштирилади. Ҳилманд провинциясининг ўзи Колумбия каби мамлакат ишлаб чиқараётган гиёҳванд моддаларидан кўпроқ наркотик ишлаб чиқаради.

Айтгандек, Афғонистон етказиб бераётган банг моддаларининг деярли ярмини ишлаб чиқарувчи бу жанубий вилоят мисолида давлатнинг асосий муаммоси – марказий ҳокимиятнинг жанубий провинцияларда ва айниқса Покистон билан чегарадош ҳудудларида заифлигини кўриш мумкин. Расмий Қобул мамлакатда, хусусан ушбу вилоятда банг етиштиришга қарши ҳеч қандай самарали кураш ташкил эта олмаяпти. Афюн етиштириш мамлакатда нафақат деҳқонлар ва бангфурушларнинг асосий тирикчилик воситасига, балки Толибон ҳаракати қуролли кучларининг жангавор қобилиятини юқори савияда сақлаш имкониятини бермоқда.

Ҳозирги кунда толибларга қарши курашаётган кучлар ҳам бангфурушликдан тушаётган даромад эвазига қуролланишдан ҳазар қилмаяптилар. Бир неча йил аввал расмий Қобул тарафидан кўтариб чиқилган умуммиллий қуросизлантириш дастури иш бермаяпти, аксинча, мамлакатда қурол-аслаҳа кўпаймоқда. Одатда расмийларга яроқсиз қуроллар топширилмоқда. Афюндан олинадиган даромад эвазига миллий-ҳудудий йирик ҳарбий лашкарбошилар қисқа муддат ичида ўн минглаб садоқатли жангариларини қуроллантириш имкониятига эга бўлиб қолган. Дала командирлари маҳаллий аҳолини ва афюн плантацияларини ҳимоясга отлантирган хусусий отрядларга эга. Кўпчилик шимолий сиёсатчилар ва ҳарбийлар агар толиблар улар ҳукмронлик қилаётган мулкларга ҳужум қиладиган бўлса, афғон армияси ва НАТО кучлари уларни ҳимоя қила олишларидан шубҳаланиб қолмоқдалар.

Қизиғи шундаки, хорижий қўшинлар контингенти провинциялардаги бўйсунмаган рақибларини пул ва маблағ билан таъминлаётган наркосаноатга қарши кураш олиб боришдан бош тортмоқда. Афюн етиштиришнинг ўсиши билан бирга қуролланган қаршиликнинг кўтарилиши ўртасидаги боғлиқлик аниқ ва равшан бўлишига қарамай, Ҳилманд вилоятидаги кўпчилиги инглизлардан ташкил топган етти минглик хорижий контингент тез-тез исёнчиларга қарши жанг олиб борса-да, кўкнори далаларини ва героин ишлаб чиқарувчи лабораторияларни йўқ қилишдан иложи борича ўзини тиймоқда.

Шу билан бирга, ушбу ҳарбий-сиёсий муаммо Буюк Британияда ҳам ўзининг акс таъсирини кўрсатмоқда. Қиролликка афғон героини сел каби оқиб келмоқда ва у ердан бошқа ғарб мамлакатларига тарқалмоқда. Одатда бу мамлакатларга Россия ва МДҲ мамлакатларига юборилаётган героинга нисбатан анча соф ва тозаланган героин келтирилади.

Европага ҳар йили 100 тонна героин келтирилади. Россиялик бангилар қанча миқдорда героин истеъмол қилишлари ҳақида бир нарса дейиш қийин. Турли маълумотларга кўра, йилига 160-350 тонна. Афғонистон афюн етиштириш бўйича янги чўққиларни забт этмоқда. Ўтган йили етиштирилган ҳосилдан 600 тонна олий сифатли героин ишлаб чиқариш мумкин бўлган. Талабга нисбатан таклиф анча катта. Мамлакат ички бозорида банг моддалари пул эквиваленти бўлиб қолмоқда. Мисол учун, бир канистр бензинни 100 грам хом афюн эвазига алмаштирса бўлади. Афғонистонлик миришкорлар эришган мислсиз ютуқлари муносабати билан келажакка башоратлар ҳам юпанарли аҳволда эмас. Афюн нархининг пасайиши, исеъмолчилар сафининг кенгайиши кутилмоқда.

Азиз Ниёзий. РФА Шарқшунослик институти