14:50 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Фарғона.Ру” ўқувчилари ёрдамида қаттиқ куйган жиззахлик аёл дардига шифо топмоқда

11.01.2008 09:34 msk

“Фарғона.Ру” сайтида 2007 йилнинг 9 декабрида “Ўзбекистон: Жиззах фожеаси. Эр ўзининг ҳомиладор хотинини ёқиб юбормоқчи бўлди” мақола чоп этилганидан кейин кўрсатилган электрон манзилга Замирага ўз ёрдамини таклиф этувчи кўплаб таклифлар келиб тушди. Жабрланган аёлнинг илтимосига кўра, мақолада унинг исми ўзгартирилганди. Энди бўлса, Тошкентдаги даво муолажалари ниҳоясига етганидан сўнг аёл ўзининг ҳақиқий исмини ошкор этишга рози бўлди. Унинг исми Нигора Қаҳҳорова. Биз Нигорага ёрдам қўлини узатган барча муштарийларимизга миннатдорчилик билдирамиз!

Эслатиб ўтамиз, 2007 йил 12 ноябрь куни Жиззах шаҳрида даҳшатли фожеа содир бўлган: эр етти ойлик ҳомиласи бор хотинининг устига солярка қуйиб ёндириб юборган. Бақир-чақирларни эшитиб ёрдамга етиб келган қўшнилар ёнаётган аёлни қутқариб қолганлар. Бадани қаттиқ куйган аёлни оғир аҳволда касалхонага етказиб борганлар.


«Фарғона.Ру» АА фотоси

Сўнгги ой давомида Нигорани икки марта операция қилиб, терисини кўчириб ўтқаздилар. Бу амалиётларни ўтказиш учун “Фарғона.Ру” сайти ўқувчиларининг юборган жами 1950 доллар миқдорида пуллари кор келди.

Новосибирсклик тадбиркор Зокир Умаровга, россиялик Александр Банниковга, номи ошкор бўлишини истамаган «Samaritan’s Purse» ташкилотининг вакилига; АҚШдан ёрдам пули жўнатган Зуҳра Ш., Акмал Э., Шавкат Ҳамдамовга; Буюк Британиядан Умида Акрамова ва Темурга; тошкентлик Феруза Ашматовага, Элеонора Файзуллаевага, Малика Иноқовага ва Ҳилола Бадриддиновага, шунингдек, олмаоталик Отабекка ва самарқандлик Альбертга алоҳида миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.

Бундан ташқари, чет элда туриб Нигоранинг фожеаси ҳақида хабар топганларнинг қариндошлари ҳам касалхонага келиб унинг ҳолидан хабар олдилар, иссиқ овқат келтирдилар, гуллар ва эҳтиёжи учун пул бериб турдилар. “Фарғона.Ру” сайтининг доимий ўқувчиси Дурбек Ферузнинг онаси бўлган аёлнинг меҳрибончилигини алоҳида қайд этиш жоиз.

Самарқанд шаҳридаги Нодавлат ташкилотларидан бирининг раҳбари, кўйган яраларни даволаш бўйича мутахассис, жарроҳ Бибисора Орипова чақириғимизга дарҳол лаббай деб, Нигорани ўзи бошқараётган тиббиёт марказига кўрикдан ўтиш учун таклиф этди.

Бешинчи январь куни Нигора Республика шошилинч ёрдам марказидан чиқарилиб, даво муолажаларини давом эттириш учун Жиззахга юборилди. Уни мажруҳ қилган фожеали кундан бери икки ой ўтди, январь ойининг охирига келиб унинг кўзи ёриши керак.


«Фарғона.Ру» АА фотоси


Нигоранинг эри ҳозир Ховост шаҳар тергов ҳибсхонасида суд жараёнининг бошланишини кутиб ўтирмоқда.

Биз яна бир бор Нигорага ўз ёрдамини аямаган инсонларга миннатдорчилигимизни билдирамиз ва Нигорага тезроқ тан ва қалб жароҳатларидан шифо топишини тилаб қоламиз.