21:01 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон фуқаролари Тожикистонда қандай қилиб мардикорчилик қилмоқдалар

09.01.2008 18:32 msk

Лев Алексеев (Душанбе)

Ўзбекистон ва Тожикистон аҳолиси оммавий равишда пул ишлагани Россия ва Қозоғистонга боришлари ҳаммага маълум гап. Аммо, “Фарғона.Ру” АА мухбирининг аниқлашича, баъзи ўзбекистонлик мардикорлар жон деб Тожикистонга бориб ишлашни ҳам афзал кўрмоқдалар.

* * *

Тожикистоннинг Конибодом шаҳри Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти билан чегарадош. Бу шаҳарга йўл олиб, йўналишдаги таксига ўтирдим. Йўлда менга бир қувноқ йигит ҳамроҳ бўлди. Унинг айтишича, у Россиядан ватанига қишни ўтказгани келаётган экан.

- Биринчи навбатда уйни тартибга келтираман, ўғлим учун янги уй қураман-да, бир ой ўтиб уни уйлантираман, - деди у орзуманд қиёфада.

- Икки ойда ичида уй қуриб тўй қилишга улгурасизми?

- Бемалол. Йигирма кунда уй битади. Уни ўзбекистонлик мардикорлар қурадилар, уйдагилар улар билан келишиб бўлдилар.

- Ўзбекистонлик мардикорлар? – дея ҳайрон бўлдим мен.

- Ҳа-да, бугун бутун Конибодомдаги қурилиш ишларини ўзбекистонлик мардикорлар бажармоқдалар.

- Уларни қаердан топасиз?

- “Патар” чегарасига боринг, ўша ердан топасиз. Фақат жуда эрта бориш керак.

Эртаси куни эрта тонгда Фарғона вилоятининг Бешариқ тумани яқинидаги “Патар” чегара масканига йўл олдим. Ҳақиқатдан ҳам у ерда тўпланиб турган кўплаб ёш йигитларни кўрдим. Яқинлашиб, уларнинг савдолашиб турганини кўрдим. Бир оз кузатиб, четроқда турган ёш ўзбек йигитини суҳбатга тортдим.

- Исмим Жамолиддин. Бешариқ туманида, Қора қўйли қишлоғида яшайман, - дея сўзини бошлади йигит. – Олдин давлат ишида электр-газ пайвандчиси бўлиб ишлаганман. Лекин, давлат тўлаётган пулга рўзғор тебратиб бўлмас экан. Қирқ беш минг сўм маош олардим (34 долларга яқин).

- Нима, Тожикистонда кўпроқ ишласа бўлар эканми?

- Албатта. Бир ой ичида бу ерда уч баробар кўп пул ишласа бўлади.

- Ҳозир кўпчилик пул ишлагани Россияга кетаяпти шекилли, нега сиз бормаяпсиз?

- “Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги қоқ нон яхши”, деган гапни эшитмаганмисиз? Россияга камида бир йил муддатга бориш керак, бўлмаса йўл кирани қопламайди. Бундан ташқари, Россиядаги мардикорларнинг ҳаётига кўпам хавас қилиб бўлмайди. У ерда сизни одам ўрнида кўришмайди.

Бу ерда бўлса бир биримизни тушунамиз. Қорнимизни тўйдиришади, ётоққа пул тўламайсиз. Уйга бориб келиш керак бўлса, муаммо йўқ. Келишилган ишни бажариб, пулни оласиз-да, уйга жўнайсиз. Беш-ўн кун дам олиб яна қайтасиз. Россияга боришнинг нима кераги бор? Шу ерда, Тожикистонда яхши-ку!

- Мен ўтган йили Ленинградга бориб келдим, пул ишлагани, - дея гапга қўшилди унинг ёнида турган бошқа йигит. - Ишга борасанми, уйга қайтасанми, доим хавотирдасан: йўлда милиционер учраса, емаган сомсага пул тўлайсан...

- Россияга келиб, тартибга мувофиқ рўйхатдан ўтмадингизми?

- Бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Бизни барибир гуноҳкор қиладилар. Конибодомда эса ҳаммаси бошқача. Россияга иккинчи бормайман.

* * *

Одатдагидек, “Фарғона.Ру” АА муштарийларга тирикчилик важидан қандай воқеаларни бошларидан кечирганларини ҳикоя қилиб беришни таклиф этади. Мактубларингизни ferghana(at)fergananews.com манзили бўйича “Гастарбайтерлар” (Subject деган жойига) деган илова билан жўнатишларингизни сўрайди. Энг қизиқарли ҳикоялар чоп этилади.