18:20 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Туркманистон кашфи: Сирли мамлакат стереотипларни парчаламоқда

26.12.2007 08:01 msk

Феруза Жоний ёзиб олди

© Наталья Антелава фотоси

BBC радиосининг Марказий Осиё бўйича мухбири Наталья Антелава Туркманистонда илк бор 2007 йилнинг ноябрь ойида бўлиб қайтди. Мамлакатга нефть ва газ анжуманини ёритиш учун келган Наталья бу ерда яна бир неча кунга қолиб кетди. Шу вақт мобайнида у маҳаллий аҳоли ҳаёти билан танишишга, Туркманбоши шаҳрида бўлишга ва тунги Ашхобод тўғрисида телесюжет тайёрлашга улгурди. Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида кўп бўлган Би-би-си мухбири уларни бир-бирига қиёслаш имкониятга эга. Туркманистон ҳақида сўзлар экан, у бир неча бор беихтиёр Ўзбекистонни эслади. Бу таққослашнинг Ўзбекистон фойдасига бўлмагани Натальянинг ўзи учун ҳам бир кашфиёт бўлганга ўхшайди. Биз Натальядан кўрганлари ҳақида сўзлаб беришни сўрадик.

Виды туркменской столицы. Фото Натальи Антелава
Туркманистон пойтахти кўринишлари. Наталья Антелава фотоси

Фарғона.Ру: - Наталья, айтингчи, Туркманистонда кўрганларингиз бу мамлакат ҳақидаги аввалги тассавурингизга мос келдими?

Н. Антелава: - Йўқ, умуман мос келмади! Кўрганларим тасаввуримдан қанчалик йироқлигидан ларзага келдим. Тўғри, доимо эшитиб келганимиз – Сапармурод Ниёзовнинг олтин ҳайкаллари, Руҳномага қўйилган обидалар, миллий кийим кийган одамлар бор...

Бу мамлакатга келаётган журналистлар президентнинг айланадиган ҳайкаллари-ю, унинг чучмал қонунларидан ҳайратланардилар. Аммо мамлакатда ҳақиқатда нималар бўлаётганини кўришни истамас эдилар. Менинг тушунишимча, биз журналистлар кўришни истамаган нарса – мамлакатда одамларнинг яхши ҳаёт кечиришидир. Туркманистонда одамлар қўшни Ўрта Осиё мамлакатларига нисбатан анча яхшироқ ҳаёт кечирадилар.

Туркманистон расмийлари аҳолига жуда катта имтиёзлар берган. Масалан, электр энергияси ва газ бепул, бир долларга машинанинг бакини тўлдириб бензин қуйиб беришади. “Сизлар ғарбдагилар Ниёзов фақат олтин ҳайкаллар қуйган, деб ўйлайсизлар, - деди мен билан суҳбат давомида бир аёл. – У нафақат ҳайкал қурган, у биз билан бўлишган ҳам”.

Бошқа суҳбатдошларим ҳам унинг сўзларини тасдиқладилар. Улар ўзларини давлатнинг бир бўлаги деб ҳисоблашлари сезилди. Ўзбекистонда эса бундай эмас – давлат ўз ҳолича, аҳоли эса ўз ҳолича. Туркманистонда расмийлар ва аҳоли ўртасида жуда қулай муносабатлар юзага келган.

Бензоколонка. Фото Натальи Антелава
АЁҚШ. Наталья Антелава фотоси

Ўтган йили телевизорда Туркманбошининг дафн маросимига келган одамларнинг йиғлаётганини кўриб, бу одамларнинг мияси шунчалик ювилган эканми, ҳукуматга шу даражада муносабатда бўлсалар, деб ўйлагандим. Аммо Туркманистонда бўлиб қайтганимдан кейин ҳокимият ва халқ ўртасида парагматик ва салмоқли муносабатлар юзага келганини тушуниб етдим.

Ҳа, аниқ ва қатъий доиралар борки, улардан ташқарига чиқиш мумкин эмас. Агар доирадан чиқмасангиз, сизга ҳеч ким ҳалақит бермайди. Собиқ шўро республикалари орасида ўз халқини таҳқирловчи ҳукуматлар бор. Туркманистонда бу нарсани асло сезмайсиз.

Фарғона.Ру: – Туркманларни сиёсатдан йироқ одамлар, деб атаса бўладими?

Н. Антелава: - Шундай деса ҳам бўлади, аммо одамлар мен билан суҳбатлашган пайтда сиёсатни муҳокама қилишдан ўзларини олиб қочганлари йўқ. Оддий одамлар билан суҳбатлашганимда, ҳукумат тўғрисида ёмон гап эшитганим йўқ.

Мени ҳайратга солган нарса – кўчаларда қўрқув йўқ. Мисол учун, Ўзбекистонга келишинг биланоқ сени қандайдир қўрқув чулғаб олгандек бўлади. Туркманистонда бунақа эмас. У ерда эркин нафас оласан.

У ерда ҳаётни ҳис этиш мумкин. Минтақанинг бошқа мамлакатларида бундай эмас. Қозоғистондан ташқари. Туркманистон Совет Иттифоқининг яхши тарафларини эслатади. Бу ҳам ҳайратланарли.

Мен билан суҳбат чоғида одамлар “Бизда ҳамма яхши нарсалар сақланиб қолган, яъни барқарорлик ва эртанги кунга ишонч. Оилани қандай боқаман, деган ташвиш йўқ. Боз устига – ҳозир бизда Совет Иттифоқига нисбатан эркинликлар кўпроқ. Истасангиз мамлакатдан чиқиб кетишингиз мумкин”. Айнан шунинг учун ҳам одамлар режимни қўллаётган бўлишлари мумкин.

Туркменские бабушки на базаре. Фото Натальи Антелава
Бозордаги туркманистонлик бувилар. Наталья Антелава фотоси

Туркманистонда ўртача иш ҳақи юз долларга яқин, аммо бунча пулга бу ерда яшаш қўшни мамлакатларга нисбатан анча енгилроқ. Озиқ-овқат маҳсулотлари жуда арзон. Яхши сифатдаги кийимни беш долларга олиш мумкин.

Ашхобод-Туркманбоши йўналишига авиачипта олмоқчи бўлганимда сотувчи паспортимни кўриб, узр сўраган оҳангда: “Сизнинг қиммат чипта олишингизга тўғри келади, ўн тўрт долларга, маҳаллий бўлмаганингиз учун”, - деб айтди. Мен: “Арзони неча пул?” – деб сўрадим. “Бир доллар олтмиш цент”. Бу бир соат учиш учун.

Фарғона.Ру: – Кўчаларда тиланчиларни, қаровсиз болаларни кўрмадингизми?

Н. Антелава: - Йўқ, қаровсиз болаларни кўрмадим. Туркманистонда юрганим ўн кун давомида фақат бир марта бола кўтарган, ичиб олган аёл мендан пул сўради.

Айтгандек, мен кўпчиликдан, ҳукуматга тарафдор бўлмаган одамлардан болаларни пахта теримига чиқишига қандай қарайсизлар, деб сўраганимда, ҳамма бир овоздан бу муаммо ҳозир мавжуд эмас, дея жавоб бердилар.

Фарғона.Ру: – Кўчаларда милиция ходимлари кўпми?

Н.Антелава: - Йўқ. Милиция ходимлари ҳам учраб турдилар, мисол учун, шаҳар кенгаши биноси олдида. Лекин Туркманистонда милиция ходимларини Ўзбекистондаги каби кўп эмас.

Кўрганларим ичида энг ҳайратланарлиси – кутмаган еримда соғлом жамиятнинг кўплаб нишоналарини кўрганим.

Порт Туркменбаши. Фото Натальи Антелава
Туркманбоши бандаргоҳи. Наталья Антелава фотоси

Фарғона.Ру: – Балки бу президент Қурбанқули Бердимухаммедовнинг хизматлари туфайли бўлса керак?

Н. Антелава: - Албатта, ҳукмдорнинг ўзгариши катта роль ўйнаган. Мен Ниёзов вафотига қадар Туркманистонда ҳеч қачон бўлмаганман. Аммо бу мамлакатга илк бор келишимда халқнинг келажакка ишонч билан қарашини, умид кайфиятини ва ҳатто қувноқлик нишоналарини жуда ҳис этдим.

Туркменка. Фото Натальи Антелава
Туркман аёли. Наталья Антелава фотоси