12:38 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Туркия оммавий ахборот воситалари Ўзбекистондаги президентлик сайловларини турлича ёритмоқдалар

24.12.2007 20:06 msk

Бахтиёр Шоҳназаров (Измир, Туркия)

«Миллиет» газетаси фотосурати

Туркиядаги бирорта ҳам ОАВ Ўзбекистондаги сайловларни ёритиш учун ўз мухбирини Тошкентга юборгани йўқ. Баъзи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда 23 декабрь куни ўтажак тадбир ҳақида умуман хабар берганлари йўқ.

Мамлакатдаги энг йирик ва таъсирли тўрт газетанинг фақат иккитаси - «Заман» ва «Миллиет» Ўзбекистондаги сайловлар борасида батафсил маълумотлар чоп этдилар. «Сабаҳ» ва «Ақшам» эса бир неча сатрлардан иборат хабар билан чекланиб қўя қолдилар.

«Ақшам» газетаси Каримовнинг ғалабаси муқаррарлигини, «янгидан сайланган Каримов шу тарзда бир шахснинг қаторасига уч марта президент бўлиб сайланишини таъқиқловчи Конституцияни бузиши»ни қайд этди.



Ҳукуматга яқин бўлган «Заман» газетаси Тошкентда фаолият юритаётган Туркиянинг «Жиҳан» ахборот агентлиги мухбири Атиф Аъланинг батафсил маълумотларини чоп этган.

«Заман» газетаси 23 декабрь куни ўтган сайловларда олтмиш тўққиз ёшли Ислом Каримов ғалаба қозонишини ва мамлакатни яна етти йил бошқаришини башорат қилган.



«Миллиет» газетаси 23 декабрь куни Москвадаги мухбири Женк Башламишнинг «Ўзбекистондаги сайлов комедияси» дея аталувчи мақоласини чоп этди. Газетанинг ёзишича, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг репрессив ва ёпиқ мамлакатларидан бири бўлиб, амалдаги президентдан бошқа президентликка номзодларнинг ҳаммаси қўғирчоқлар эканлигини қайд этади. И. Каримов ўз номзодини учинчи бор кўрсатаётгани мамлакат Конституциясига зид келишини қайд эта туриб, «Миллиет» Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг мамлакат Конституцияси 2002 йилда қабул қилинганини ва бу, ўз навбатида, президентлик муддатини янгидан ҳисобланиши юзасидан ўйлаб топилган баҳонасини келтиради.

Женк Башланмиш Ўзбекистонда ҳақиқий мухолифатчи кучларнинг йўқлигини ва сайловчиларга босим ўтказилаётганини таъкидлайди. Сайлов жараёнини ёритмоқчи бўлган чет эл ОАВ вакиллари мамлакатга киритилмаганлар. «Бой агромаданиятга, катта табиий газ заҳираларига эга бўлган мамлакат Каримов ҳукмдорлиги даврида кутилган иқтисодий ютуқларга эриша олгани йўқ», деб ёзади мухбир.

«Миллиет» газетаси бугунги сонида чоп этилмиш «Барча овозлар Каримовга!» мақоласида амалдаги президентдан иқтибос келтирган: «Бугунги кун Ўзбекистон учун тарихий кундир. Бир неча номзод иштирокида президентлик сайловларининг ўтиши мамлакатимизнинг тобора демократик, ҳуқуқий давлатга айланиб бораётганини кўрсатади». Ўзбекистон президенти сайлов тизими халқаро меъёрларга тўлиқ мос келишини, одамлар эса ўз фикрларини очиқ ва эркин ифода эта олишларини қайд этган.

Женк Башламиш Россия ахборот агентликларининг сайлов давомида ҳеч қандай қонунбузарликлар содир бўлмагани ҳақида хабар берсалар-да, Ғарб мамлакатларининг журналистлари бунинг аксини таъкидлаётганини ёзади. «Миллиет» бир тошкентлик сайловчининг битта сайлов участкасида икки соат давомида уч марта овоз бера олгани ҳақидаги фотосуратни чоп этди. Суратни AFP (Франс-Пресс Агентлиги) мухбири олган.

Туркиянинг хусусий телеканаллари Ўзбекистондаги сайловларга деярли эътибор берганлари йўқ. «TRT» давлат телерадиокорпорацияси туркиялик кузатувчилар ҳамда уларнинг МДҲ ва ЕвроОсИҲ мамлакатларидан келган ҳамкасблари демократик шароитда ўтган сайловларга юқори баҳо берганлари ҳақидаги хабар билан чекланди.

«NTV» янгиликлар телеканали томошабинлар эътиборини Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган мухолифат партияларининг йўқлигига қаратди. «CNN-Turk» янгиликлар телеканали эса Ўзбекистон президенти 2002 йил Конституцияга ўзгартишлар киритилганидан кейин биринчи марта етти йил муддатга сайланаётганини қайд этиб ўтди.