14:51 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон президенти сайловларида “ўлик жонлар” ва сайлов ҳуқуқига эга бўлмаганлар иштирок этдилар

24.12.2007 19:21 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистон президенти сайловлари бўлиб ўтган 2007 йилнинг 23 декабрида республика оммавий ахборот воситалари бир неча бор Марказий сайлов комиссияси сайлов қонунчилигининг бузилиши тўғрисида ҳеч қандай маълумот олмаганлари тўғрисида хабар тарқатгандилар. Шунингдек, кузатувчиларнинг ўтаётган сайловларни ижобий баҳолаётгани ҳақида кўплаб материаллар чоп этилди. Шу билан бирга, “Фарғона.Ру” АА мухбирлари ва уларнинг Тошкентдаги кўнгилли ёрдамчилари сайлов комиссиялари томонидан содир этилган кўплаб қоидабузарликларни қайд этдилар.

Авваламбор, кўпчилик тошкентликлар сайловга икки ва ундан ортиқ таклифнома олганлар: бири ҳақиқий яшаш жойидан бўлса, иккинчиси рўйхатдан ўтган жойда. Маълум бўлишича, сайловга тайёргарлик пайтида сайловчилар рўйхатини тузиш турар-жойдан фойдаланиш идоралари ва турар-жой эгалари ширкатлари ходимларига юклатилган. Улар оддийгина тўлов ҳужжатлари асосида сайловчилар рўйхатини тузиб, сайлов участкаларига бириктириб қўя қолганлар. Шундай қилиб, кўчмас мулк эгалари икки манзил бўйича сайловларда иштирок этиш учун таклифнома олганлар. Ёрдамчиларимиз тақдим этган маълумотларга кўра, сайловда иштирок этиш учун Ўзбекистон резиденти бўлмаган бошқа давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам таклифномалар олганлар.

Иккита таклифнома олганлар қаторида бўлган “Фарғона.Ру” АА мухбирлари ҳам мониторинг сифатида икки марта овоз беришга қарор қилдилар ва бу ишни ҳеч қандай қийинчиликларсиз амалга оширдилар. Иккала сайлов участкаларида ҳам уларнинг фамилиялари сайловчилар рўйхатига киритилган экан, улар паспорт кўрсатиб, бюллетень олдилар ва уларни тўлдириб, сайлов қутиларига ташладилар.

Сайловчилар билан ўзаро суҳбат давомида яна бошқа сирлар ҳам очилди – кўпчилик фуқаролар негадир сайловга таклифнома олмаганлар ва ўз сайлов участкаларида сайловчилар рўйхатига киритилмаганлар.

- Тошкент шаҳар Учтепа туманида жойлашган 44-сайлов участкасига кета туриб, ўзим билан I-гуруҳ ногирони бўлган хотинимнинг паспортини олдим, - дейди пенсионер Виктор Степанович. – Негадир сайловда иштирок этиш учун таклифнома фақат менинг номимга берилганди. Шунинг учун ҳам унинг ўрнига ҳам овоз бермоқчи бўлдим. Кутилмаганда, унинг фамилияси рўйхатда чиқмади. Жанжал кўтармоқчи эдим, лекин мени хушмуомалалик билан мени тинчлантириб, бундай вазиятлар учун махсус қўшимча рўйхат борлигини айтдилар ва дарҳол хотинимни унга киритдилар.

Шундай қилдик ҳам, иккита сайлов бюллетени олиб, овоз бериб чиқдим. Танишларим тўғри қилганимни айтишди. Кўпчилик пенсионерлар, ногиронлар ва ёлғиз қариялар, қандайдир сабабларга кўра, сайловда иштирок этиш учун таклифнома олмаганлар. Шунинг учун ҳам улар сайловга бормаганлар. Ахир уларнинг овозларидан ғаразли мақсадда фойдаланган бўлишлари мумкин-ку? Масалан, уларнинг иштирокисиз сайлов бюллетенларини тўлдириб, сайлов натижаларига таъсир қилиш мумкинми?

Ўтган сайловларнинг энг қизиқ тафсилотлари овоз бериш жараёни тугаб, сайлов участкалари ёпилганидан сўнг маълум бўлди.

- Сайловга умуман бормоқчимасдим, - дейди Тошкентдаги реклама агентликларидан бирининг дизайнери Надежда. – Бу сайловларнинг ҳаққоний ўтишига ишонмайман. Аммо турар-жой ширкатида ишлайдиган танишим кечқурун мени подъездда учратиб қолиб, мени “хушхабар” билан хурсанд қилди. Айтишича, у сайлов участкаси ходимларига раҳми келиб, мен ва бутун оилам ўрнига овоз берибди. Кимга овоз бердингиз, деган саволимга, ўзингиз бормаганингиздан кейин сизга барибир эмасми, деб айтди. Ахир мен атайлаб номзодларнинг бирортасига ҳам овоз бермоқчи эмасдим...

Вилоятлардан олинган хабарга кўра, жойлардаги вазият Тошкентда кузатилган вазиятдан фарқ қилмаган. Келтирилган фактлар МСК берган расмий маълумотда 23 декабрь куни сайловчиларнинг 90, 6 фоизи иштирок этди, деган рақамлари борасида ҳам шубҳа уйғотади. Шунингдек, ҳар бир номзод учун берилган овозларни ҳисоблаш асосида чиқарилган сайлов натижаларининг объективлиги ҳам шубҳали бўлиши табиий.