14:48 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Каминангиз кўрган бошқача Туркманистон

22.12.2007 06:48 msk

Абдужалил Абдурасулов

Туркманистон ҳақида билганларимиз жуда оз. Табиий газнинг улкан заҳиралари, мухолифатнинг таъқиб қилиниши, умрбод сайланган президент Ниёзовнинг олтин ҳайкаллари – ҳаммага маълум бўлган нарсалар шу, холос. Бугун биз яқиндагина Ашхободда бўлиб қайтган халқаро ОАВ журналистларидан бири билан биргаликда тасаввуримиздан фарқли бўлган янги Туркманистон билан танишамиз.

* * *

Бир йил олдин ҳам чет эллик журналистлар учун бу мамлакатга боришнинг ҳеч қандай имкони йўқ эди. Бугун ҳам бундай имконият жуда кам. Шунга қарамай, баъзан мухбирларни бу мамлакатга қўйиб турадилар. Менинг омадим чопди: Туркманистонда биринчи бор бўлишим билан бирга ҳайратдан лол қотдим ҳам.

Ҳайрон бўлганим: авторитар давлатларга хос чет эллик журналистлари устидан ёппасига назорат қаерда қолди? Аэропортдан чиқишимизда ҳеч ким юкларимизни текширгани йўқ, ваҳоланки, аравача жиҳозларга тўла бўлиб, киши эътиборини тортмаслиги мумкин эмасди.

Ашхабад. Фото ИА Фергана.Ру
Ашхобод. Фарғона.Ру АА фотоси

“Ёпиқ” мамлакат кашфи

Аэропорт йўлида ҳам ҳайратим тўхтамади. Бизни янги “Ланд Крузер”лар, “БМВ”лар ва “Мерседес”лар қувлаб ўтарди. Қиёс учун – Туркманистонга ўхшаш авторитар давлат ҳисобланмиш қўшни Ўзбекистонда чет эл русумидаги машиналари бармоқ билан санарли даражада.

Кўп қаватли турар-жой бинолари ёнидан ўта туриб, уларнинг сунъий йўлдош антенналари билан тўлиб кетганига ҳайрон бўлдим. Демак, аҳоли Ғарб ва Россия телеканалларини кўра олади.

Аммо мени ҳаммадан ҳам ҳайрон қолдиргани ҳаракатланишимиздаги тўла эркинлик бўлди. Кузатувлар қани? Нима қилиш мумкин, нима мумкинмаслиги тўғрисида йўл-йўриқ кўрсатадиган кураторлар қани? Нега одамлар бизнинг чет эл ОАВ журналистлари эканлигимизни била туриб, биз билан гаплашишга қўрқмаяптилар? Шу каби саволлар аввалига хаёлимни ҳеч тарк этмади.

Тасаввуримда Туркманистонда ҳокимият қўрқув воситасида ушлаб турилгандек эди. Инсон ҳуқуқларининг бузилиши, мухолифатчиларнинг ҳибсга олиниши ва махсус хизматлар томонидан қаттиқ назорат тўғрисида ўқиганларим таъсирида Туркманистонда ҳам Ўзбекистондаги Каримов режимига ўхшаш нарсани кўрармиканман, деб ўйлагандим. Тасаввуримизча, мухолифат овозлари анча-мунча эшитилиб турганидан Каримовнинг режими Туркманистонга нисбатан юмшоқроқдай туюларди гўё.

Лекин Туркманистон фуқароларининг юзида ҳеч қандай хавотир аломатлари сезилмасди. Қўрқув ҳисси йўқ, ҳеч ким қўшнисини жосусликда гумонламас, ҳеч ким чет эллик журналистлар билан суҳбат қургани учун кимдир буни хавфсизлик хизматига етказишидан қўрқмасди. Туркманистонда одамларнинг мамлакат расмийларини очиқдан-очиқ танқид қилишга ва намойишларга чиқишга қўрқишларини инкор этиб бўлмайди. Туркманистонда ҳали-ҳамон бундай қилиб бўлмайди. Аммо одамларнинг кундалик ҳаётида қўрқув сезилмайди.

Ашхабад. Фото ИА Фергана.Ру
Ашхобод. Фарғона.Ру АА фотоси

Ижтимоий шартнома

Мен билан бақамти суҳбат чоғида туркманистонликларнинг аксарияти ўз ҳаётларидан мамнунликларини яширганлари йўқ. Кўпчилик дунёдаги энг яхши мамлакатда яшашларига чин кўнгилдан ишонади.

Менда мамлакат расмийлари халқ билан қандайдир махфий келишув - қандайдир ижтимоий шартнома тузиб олган, деган фикр пайдо бўлди: давлат моддий фаровонликни таъминлаб, халқнинг турмуш даражасини қўллаб-қувватлаб туради, аҳоли эса бунинг эвазига ҳукуматни сиёсий жиҳатдан қўллайди.

Айнан шу нарса кўпчилик ғарб кузатувчилари томонидан эътиборга олинмай келинмоқда. Улар Туркманистон жамиятини тушуниб етиш ўрнига уни либерализм призмаси орқали кўришга уринмоқдалар. Пировардида, улар асосан умрбод сайланган президент Ниёзовни, унинг шахсига сиғинишни, мухолифат кучларининг таъқиб этилишини ва қандайдир эркинликларнинг йўқлигини кўрмоқдалар, холос.

Ҳа, Туркманистонда буларнинг ҳаммаси бор. Аммо, ўша ОАВ нега бу мамлакатда ҳаммаси шунчалик ёмон бўлса, қўшни Ўзбекистондаги каби қўзғолон кўтаришмаётганларини тушунтириб бера олмайдилар? Нега энди, аҳоли чет элга чиқиб келиб ҳам ўз мамлакатларидаги ҳаётни мақтайди?

Туркманистонда коммунал тўловлар, шу жумладан, газ, электр энергияси ва ичимлик суви бепул. Бир долларга бакингизга тўлдириб бензин қуйиб берадилар. Ўша пулга ички йўналишлар бўйлаб авиачипта сотиб олиш мумкин. Жамоат транспортига бир ойлик тўлов ҳақи икки ярим доллар. Нон нархи – 10 цент, сабзи-пиёз - 25 цент, картошка 70 центга яқин.

Аҳолининг даромади унчалик баланд эмас, ўртача маош юз долларга яқин. Кўпчилик ишсизликдан шикоят қилади. Шунга қарамай, Туркманистонда ёппасига қашшоқлик кузатилмаган.

Ашхабад. Фото ИА Фергана.Ру
Ашхобод. Фарғона.Ру АА фотоси

Пойтахт бўйлаб сайр қилганда

Ашхобод кўчаларидаги мармар бинолар, фавворалару улкан ҳайкаллар кишида катта таассурот қолдиради. Кўчалар ҳайрон қоладиган даражада одамлардан ҳоли. Кишини ром қилувчи хиёбонларда одамлар деярли кўринмайди, кўча ва йўлаклар тозаликдан ялтирайди.

Ҳамма қизлар узун кўйлакда, бошларида тахя остида албатта узун ўрилган сочлар. Йигитлар костюм ва галстукларда, бошларида дўппи.

Ҳар бир шаҳарда рус ва туркман тилида ўқитадиган мактаблар бор. Ўзаро рус тилида сўзлашаётган туркманларни ҳам тез-тез учратиш мумкин.

Ашхободда барча кўнгилочар муассасалар соат 23:00 да ёпилади. Бунинг сабабини бизга аҳоли ўртасида маънавий поклик ва ҳуқуқий тартибнинг сақланиши учун қилинаётганини билдирдилар.