20:14 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Қурбон ҳайити байрами камида элликта одамнинг калтакланиши ва ҳибсга олиниши билан якунланди

21.12.2007 18:23 msk

Абдумўмин Мамараимов

“Фарғона.Ру”АА аввал хабар берганидек, 19 декабрь куни Қирғизистон мусулмонлари Қурбон ҳайитини кенг нишонладилар. Аммо, кейинчалик маълум бўлишича, ҳаммаси ҳам кўнгилдагидек ўтгани йўқ. Мамлакатнинг “жанубий пойтахти” ҳисобланмиш Ўш шаҳрида расмийлар мусулмонларни ҳайдаб тарқатганлар, қирқ саккиз киши қўлга олинган. Байрам ташаббускорлари одамларнинг милиция ходимлари томонидан оммавий равишда калтаклангани ҳақида маълум қилмоқдалар.

Ўш шаҳар ИИБ матбуот хизматининг маълумотига кўра, 19 декабрь куни ўзбек драма театри ёнида шаҳар мэрияси томонидан ташкил этилган байрам тадбирлари ўтказилаётганди. Байрам арафасида мэрия таъқиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” партияси тарафдорларига шу ернинг ўзида байрам тадбирларини, шу жумладан, лотерея ўйинини ўтказиш тўғрисидаги илтимосини қондирмаганди. Соат бирга яқин бу ерга олтмишга яқин одам келиб, гўёки лотереяга соврин сифатида қўйиладиган “Дэу-Нексия” автомобилини йўл четига қўйганлар.

ИИБ матбуот хизматининг катта нозири Замир Сидиқовга кўра, “машина атрофида одамлар тўплана бошладилар ва Ленин кўчасида автомобиль тиқини вужудга келди”. Ҳуқуқ-тартибот ходимларининг бир неча бор огоҳлантиришига қарамай, одамлар йўлнинг ҳаракатланадиган қисмини бўшатмадилар. “Ходимларимиз одамларни уч марта йўлдан сиқиб чиқардилар, - дейди Сидиқов. - Аммо одамлар “Аллоҳу Акбар!” дея қичқиришиб, милиционерларга қаршилик кўрсата бошладилар, уларга лаънат айтиб, ҳақорат қилдилар. Шундан сўнг 48 киши қўлга олинди ва шахсини аниқлаш учун ИИБнинг қабул-тақсимот муассасасига келтирилди”.

Қўлга олинганлар орасида аёллар ва балоғатга етмаган болалар бор. Шахси аниқланган фуқароларнинг кўпчилиги 20 декабрь куни эрталаб қўйиб юборилган. Замир Сидиқов одамларнинг оммавий равишда калтакланганини рад этмоқда. “Махсус батальондан ўн олти киши жалб этилган, - дейди у. – Агар кимдир калтакланган бўлса, қонуний тартиб бўйича исботласин. Шундан сўнг тегишли чора кўрилади. Ахир одам йиқилиб тушган бўлиши ҳам мумкин”.

Мэрия ижозат бермаганига қарамай, байрам ташаббускорлари шаҳарликларга бир неча минг таклифнома ва лотерея билетлари тарқатганганлар. Ушбу байрамни видеотасвирга олган маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиси Маҳмуджон Иминовга кўра, одамлар хотиржамлик билан ваъда қилинган байрам тантаналарини кутганлар, аммо милиция ходимлари уларга алданганларини ва ҳеч қандай байрам бўлмаслигини билдирганлар. Турли маълумотларга кўра, бу пайтга келиб майдонда икки мингдан зиёд одам йиғилганди.

Милиционерлар автомобиль ва бошқа совринларни мусодара қилаётганида, майдонга тўпланган аҳоли ғазабланиб, милиционерларни сўка бошлаган. “Одамлар уларнинг юзларига аччиқ гапларни айтган бўлсалар-да, милицияга қарши куч ишлатмадилар, - дейди Иминов. – Шундан сўнг бу ерга бир неча ўнлаб таёқ кўтарган милиционерлар келдилар ва одамларни қаторасига калтаклаб, куч билан автобусга итариб кирита бошладилар”. Ўзларини “хавфсизлик хизмати ходимлари” деб таништирган одамлар Иминовнинг гувоҳномаси ва камерасини олиб қўйганлар.

Один из пострадавших – Иззатулла Топчубаев. Фото ИА Фергана.Ру
Жабрланганлардан бири – Иззатилла Тўпчибоев. Фарғона.Ру АА фотоси

Ўттиз тўрт ёшли Маҳмуд Қўзиев ва Иззатилла Тўпчибоев мия чайқалиши ва ўртача оғирликдаги тан жароҳатлари оқибатида касалхонага келтирилганлар. “Икки ўғлим билан байрамни нишонлаш учун майдонга келдик. Бирдан мени беш-олти формалик кишилар калтаклай бошладилар, - дейди Қўзиев. - Калтак зарбидан ҳушимдан кетиб қолдим, қандай қилиб машинага чиққанимни ва қабул-тақсимот муассасасига келиб қолганимни эслай олмайман”.

Ўш шаҳар касалхонасининг навбатчи врачи Жениш Зулпиевга кўра, Қўзиев билан бирга касалхонага Иззатулло Тўпчибоев келтирилган. “Икковисининг ҳам мияси чайқалган ва бошқа тан жароҳатлари бор. Улар милиция ходимлари томонидан калтакланганларини маълум қилдилар, - дейди Зулпиев. – Тўпчибоевнинг аҳволи тузукроқ эди, у йўлакда ётгиси келмай уйига кетди”.

Шифокорга кўра, улар дарҳол жабрланганлар ҳақида милицияга хабар берганлар. Жабрланганлар касалхонага 16:30 келтирилган, аммо ўша куни терговчи ҳар қанча кутилганига қарамай, ҳатто эртаси кунигача ҳам келмаган. Ваҳоланки, шифокорлар милицияни бу ҳақда дарҳол хабардор қилгандилар. Нейрожарроҳлик бўлимининг мудири Жўлбарс Жеенбаевга кўра, жабрланганларнинг ҳар бирига даволаш учун камида беш минг сўмдан ($140) кетади.

Ҳайитнинг эртасига уйланмоқчи бўлган Абдумалик Болтабоевнинг ҳам омади юришмади. Иззатилла Тўпчибоевга кўра, у бўлажак куёвни қабул-тақсимот муассасаси полида чалқанча ётганини кўрган. У ердан Болтабоевни бўлажак келиннинг тоғаси, шаҳар кенгаши депутатининг илтимосига биноан қўйиб юборганлар. Калтак излари унчалик билинмагани учун тўйни қолдирмаганлар.

Номини ошкор қилишни истамаган қирқ беш ёшлардаги аёл ҳам болалари билан байрамни томоша қилгани чиққан. “Улар ҳаммани қаторасига калтаклай бошладилар, - дейди у, - шундан кейин кўзимиз олдида эркакларни қабул-тақсимот муассасасида ҳам уришни давом этдилар”.

Оломон ичида унинг ўн икки ёшли ўғли ҳам калтакдан бенасиб қолмаган. Биз поликлиникада учратган онанинг таъкидлашича, ўғлининг мияси чайқалган ва белида оғриқ бор. “Нега ҳукумат бизга байрам қилишга йўл бермайди? - дея савол беради у. – Нима, янги йил байрам-у, ҳайитимиз байрам эмасми?”

Ўш шаҳар мэрининг биринчи муовини Арфиддин Аламов норасмий тадбир ташкилотчиларини санитария қоидаларига риоя қилмасликда айбламоқда. “Биз ҳам ош тарқатганмиз, лекин бу ишни махсус ажратилган жойда, иссиқ чой ва бир марталик идишлар билан амалга оширганмиз”, - дейди у.

“Пуллари кўпайиб қолган бўлса, муҳтожларга садақа қилишни таклиф қилдик, - дейди мэр муовини. – Аммо улар ўзларини кўрсатмоқчи бўлдилар. Ахир садақани ошкора қилмаслик керак!”

Аланов, шаҳарда норасмий маълумотларга кўра, ярим миллион аҳоли яшашини ва “уларнинг хавфсизлиги, тартиб ва тозалик учун улар жавоб беришига тўғри келиши”ни қайд этиб ўтди.

Ўзининг “Ҳизбут-таҳрир” ташкилотига аъзолигини яширмаётган Иззатилла Тўпчибоевга кўра, улар байрам ўтказиш учун белгиланган муддатдан ўн кун аввал ариза берганлар. “Аммо биздан режаларимиз ҳақида икки кун олдин сўрадилар. Биз лотереямиз бепуллигини ва ҳеч қандай фойда ёки ғаразли мақсадларимиз йўқлигини тушунтирдик, - дейди у. – Аммо бизга лотереяни ўтказишни таъқиқладилар; бироқ чипталар тарқатиб бўлинганди. Агар ўн кун олдин таъқиқлаганларида, биз эҳсонни болалар уйлари ва интернатларга тарқатган бўлардик”.

Унга кўра, совринлар келтирилганда “милиция ходимлари ўйин ўтказишни таъқиқлаб, машина ойнасини синдирдилар ва совринларни талай бошладилар”. “Улар бизга қарши “омон”чиларни ташладилар ва қаторасига эркаг-у аёлга ҳамда болаларга қарамай ура бошладилар, - дейди Тўпчибоев. Мени бошимга қаттиқ урдилар, йиқилиб тушганимдан кейин тепкилаб ташладилар”. Уни касалхонага беҳуш ҳолда келтирганлар.

Расмийларни лотереядаги совринларнинг катталиги хавотирга солмоқда. “Бунга пулни ким бераяпти, бунга қандай ҳисобот қилаяптилар? – дея савол беради мэр муовини Аланов. – Балки уларнинг ғаразли мақсадлари бордир?”. Ўз навбатида, тадбир ташкилотчилари уларга оддий мусулмонлар ёрдам бераётганини таъкидламоқдалар. “Кимдир беш сўм берса, кимдир минг сўм беради, - дейди байрамни тайёрлашда фаол иштирок этган Иминов. - Ахир бу мусулмонларнинг энг катта байрами-ку!”

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаразига кўра, тадбирни таъқиқланган “Ҳизбут-таҳрир” диний-экстремистик партиясининг тарафдорлари уюштирганлар”. Аммо, бир неча кишидан ташқари, байрам ташкилотчилари ўзларининг бу ташкилотга аъзо эмаслигини таъкидламоқдалар. Уларга кўра, байрамни “одамларга хурсандчилик ва байрам кайфиятини совға қилмоқчи бўлган оддий мусулмонлар гуруҳи” уюштирган. Тадбирнинг баъзи бир ҳомийлари ўз номларини ошкор этишни истамадилар.

20 декабрь куни кечқурун қабул-тақсимот муассасасида ўн бир киши қолганди. Ўш шаҳар ИИБ вакили Замир Сидиқовнинг маълум қилишича, “ҳозирда содир этилган ҳуқуқбузарликлар бўйича жиноий иш қўзғаш ва маъмурий чора кўриш мақсадида материаллар йиғилмоқда”. Кеча шаҳар суди бир неча кишини маъмурий жаримага тортди. Амалга ошмаган байрам ташкилотчилари “адолатга эришиш ва одамларни калтаклашда айбдорларни жазолаш”га эришмоқчилар.