23:26 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Байрам лотереясининг ташаббускорлари калтакландилар. Улардан бири касалхонага ётқизилди

20.12.2007 21:22 msk

Абдумўмин Мамараимов

Аввал хабар берганимиздек, 19 декабрь куни Қурбон ҳайитини нишонлаш пайтида Қирғизистон жанубида “Ҳизбут-таҳрир” партиясининг ўттизга яқин тарафдорлари қўлга олинган. Байрам ташаббускорлари бу одамлар милиция ходимлари томонидан оммавий равишда калтакланганини билдирмоқдалар.

Ҳодисани видеокамерага тасвирга олган маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиси Маҳмуджон Иминовга кўра, байрамга тўпланганлар ваъда қилинган тантаналарни хотиржам кутиб ўтирганларида милиция ходимлари келиб, уларни кимдир алдагани ва ҳеч қандай байрам бўлмаслигига ишонтирмоқчи бўлганлар. “Аммо соат ўн бирга яқин Бобур номли драма театри олдидаги майдонга бепул лотереяга соврин сифатида қўйиладиган қизил “Нексия”ни ҳайдаб келдилар, - дея ҳикоя қилади Иминов. – Милиция ходимлари автомобилни ва қолган совринларни олиб қўяётган пайтда одамлар ғазаблана бошладилар ва милиционерларга қарата аччиқ сўзларни айта бошладилар, аммо уларга қарши куч ишлатилмади. Шундан кейин бу ерга икки юзга яқин резина таёқ кўтарган милиционерлар етиб келиб, одамларни қаторасига калтаклаб, автобусларга кирита бошладилар”.

Ўнлаб одамларни шаҳар ҳушёрхонасига олиб келиб, қамаб қўйганлар. Ўзларини “хавфсизлик хизмати ходимлари” деб таништирмиш одамлар Иминовнинг гувоҳномасини ва видеокамерасини олиб қўйганлар.

Ўттиз тўрт ёшли Маҳмуд Қўзиевнинг маълум қилишича, майдонда уни беш-олтита формали кишилар калтаклаган. “Калтак зарбидан ҳушимдан кетиб қолдим, - дейди у. – Машинага қандай қилиб олиб чиққанларини, кейин қандай қилиб ҳушёрхонага келиб қолганимни билмайман. Ҳамма ерим қонаб кетган бўлса ҳам, бизни кўчада қолдирдилар. “Тез ёрдам” икки соатдан кейин келди”. “У ерда қаторасига ҳаммани, ёшига қарамай калтаклашди”, – дея қўшиб қўйди у.


Жабрланган М.Қўзиев. “Фарғона.Ру” АА фотоси

Ўш шаҳар касалхонасининг нейрожарроҳлик бўлимида жой йўқлиги важидан жабрланганни йўлакка ётқизганлар. “Фарғона.Ру” АА мухбири уни шу ерда фотосуратга олиб, у билан суҳбатлашди.

Навбатчи шифокор Жениш Зулпиевга кўра, Қўзиев билан бирга касалхонага Иззатулло Тўпчибоев ҳам келтирилган. “Икковисининг ҳам мияси чайқалган ва бошқа тан жароҳатлари олганлар. Улар милиция ходимлари томонидан калтакланганларини маълум қилдилар, - деди Зулпиев. – Тўпчибоевнинг аҳволи тузукроқ эди, у йўлакда ётгиси келмай, уйига кетди”.


Жабрланган М.Қўзиев. “Фарғона.Ру” АА фотоси

Шифокорга кўра, жабрланганлар ҳақида милицияга хабар берилган. Калтакланганлар касалхонага соат 16:30 келтирилган, аммо кутилган терговчи келмаган.

Маҳмуд Қўзиевнинг тоғаси Асадулла Қирғизбоев жиянини ҳамма ерда қидирганини, аммо ҳушёрхонада унга қўлга олинганларнинг шахси ҳақида маълумот бермаганларини айтиб берди. Орадан бир неча соат ўтгач, милиционерлар бу муассасага учта оқсоқолнинг киришига рухсат берганлар. “Уларга одамлар тартибни бузганлари учун қўлга олинганларини тушунтирдилар. Яъни, мэрия ош тарқатишга ижозат берган, лотерея ўтказгани эмас, - деди Қирғизбоев. – Демак, одамларни совринлар учун калтаклаганлар”.

Ўш шаҳар мэрияси ва ички ишлар бўлими раҳбарларидан “Фарғона.Ру” мухбири изоҳ ололгани йўқ, чунки вақт кеч бўлиб қолганди, шаҳар ИИБ навбатчи қисмида идорада ҳеч ким қолмаганини айтишди.

Олдинроқ АКИpress ахборот агентлиги Ўш шаҳар ИИБ матбуот хизматининг хабарини эълон қилганди. Унда айтилишича, “Ҳизбут-таҳрир” тарафдорлари лотерея билети ва палов тарқатишга ва шундан кейин кўчани тўсишга уринганлар. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари томонидан бир неча бор огоҳлантирилишига қарамай, “Ҳизбут-таҳрир” партиясининг вакиллари қаршилик кўрсатганлар, натижада ўттизга яқин одам қўлга олинган. Уларга нисбатан қаршилик кўрсатганлари учун маъмурий ва балки жиноий жазо чоралари кўрилиши мумкин.

Аммо байрам ва лотерея ташаббускорлари ўзларининг “Ҳизбут-таҳрир” партиясига аъзолигини рад этмоқдалар. Уларга кўра, тадбирни “мусулмонларга қувонч ва байрам кайфияти улашиш ниятида юрган оддий мусулмонлар гуруҳи” ташкил этган ва бундан ҳеч қандай ғаразли мақсад бўлмаган.

“Байрам ташкилотчилари рухсат олиш учун Қурбон ҳайитидан ўн кун аввал шахсан шаҳар мэрининг ўзига мурожаат қилганлар, - дейди Маҳмуджон Иминов. – Улар мэрга байрам тадбирларини бошқаришни таклиф қилганлар, аммо у оғзаки ижозат бериб, ҳеч нарса ваъда қилмаган. Бугун эса одамларга қарши милиционерларни жўнатибди”.

“Фарғона.Ру” хабар берганидек, Ўш мэриясининг ходими Қурманбек Ташибаев расмийлар лотерея ўтказишга ижозат бермасликларини, чунки бу республика қонунларига зид келишини билдирганди. “Улар ким бўлишидан қатъий назар, аввал лицензия олишлари, солиқ назоратида рўйхатдан ва бошқа жараёнлардан ўтишлари лозим, - дея изоҳ берганди Ташибаев. – Шундан кейингина мэриядан лоторея ўтказиш учун рухсат олиш мумкин”.

Қўлга олинганларнинг қариндошлари ҳушёрхона ичида ҳам оммавий калтакланишлар давом этгани ҳақида маълум қилмоқдалар.