13:43 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ёмғир мусулмонларга ҳайит байрамини кенг нишонлашга халал бермади

19.12.2007 17:39 msk

Абдумўмин Мамараимов

Қирғизистонда 19 декабрь куни ёмғир ёғиб, аста-секин қорга айланди. Бу республика мусулмонларига Қурбон ҳайитини кенг нишонлашга халал бергани йўқ.


“Фарғона.Ру” АА фотоси

Бишкекдаги Эски майдонда ҳайит намозини адо этиш учун етмиш-юз мингга яқин мусулмонлар тўпландилар. Пойтахтнинг марказий жомеъ масжиди бунча мусулмонларнинг ўндан бирини ҳам сиғдира олмаслиги аниқ.

Қирғизистон жанубида мусулмонлар ҳайит намозини Бишкекка қараганда ярим соат олдин ўқиб тамомладилар ва Бишкекдаги ҳайит намозини миллий телевидение орқали кузатиш имкониятига эга бўлдилар. Мамлакат мусулмонларини расмийлар вакиллари ва айрим мамлакатлар элчихоналари байрам билан табрикладилар.

Жалолободда шаҳар мэри мусулмонларни байрам билан табриклаганидан кейин масжидда қолиб, жамоат билан ҳайит намозини адо этди.

Бу йилги ҳайит байрамида жанубий ҳудуднинг барча йирик шаҳарларида мусулмон фаоллари томонидан бепул лоторея уюштирилди. Совринлар ҳам кишини қувонтирадиган – Ўш ва Жалолободда телевизор ва гиламлар қўйилган бўлса, Ўзган ва Қорасувда бахт кулиб боққанларга автомобиль насиб қилди.

Шаҳар истироҳат боғларида лотореядан ташқари дастурхон ёзилиб, палов тортилди, ёш болаларга совға улашилди.


“Фарғона.Ру” АА фотоси

Уламоларнинг байрам кунини мотамга айлантирмаслик тўғрисида кўплаб эслатишларга қарамай, кўпчилик мусулмонлар "янги ҳайит" нишонлаётган хонадонларни зиёрат қилдилар.


">“Фарғона.Ру” АА фотоси

Қайд этиш жоизки, октябрь ойида Қирғизистон жанубида Рамазон ҳайити нишонланаётганда мусулмонлар билан расмийлар ўртасида муаммолар туғилганди. Ўш вилоятининг Новқат туманида мингга яқин мусулмонлар байрам тадбирларини ўтказиш учун бюджетдан маблағ ажратиш талабномаси остига имзо чеккандилар. Расмийлар бу талабни нафақат қондирмадилар, балки байрамни ўтказишга ҳалақит беришга урингандилар ҳам.

“Фарғона.Ру” АА нинг Новқатдаги манбалари телефон орқали бугунги байрам тинчлик билан ўтаётганини маълум қилдилар. Тадбирларда туман раҳбарлари ҳам иштирок этмоқда. “Лоторея ўтказиш ташаббуси биздан, новқатликлардан чиққан, - деди суҳбатдошимиз номини ошкор этмаслик шарти билан. – Бошқа ҳудудларда ҳам ташаббусимизга қўшилганларидан хурсандмиз”.


“Фарғона.Ру” АА фотоси

Шу билан бирга, баъзи бир уламолар лоторея ўтказилишини нотўғри, деб ҳисобламоқдалар. Аммо ташаббускорлар ўтказилаётган лотореяни қимор деб ҳисобламаяптилар. Негаки, лоторея мусулмонларга бепул тарқатилмоқда.

Лотореянинг соврин жамғармаси мусулмонларнинг эҳсонлари ҳисобига жамланган. "Қачонгача ўзимизни ҳар нарсада чеклаб юрамиз? – дейди лотореяга ҳомийлик қилган тадбиркорлардан бири. – Нега мусулмонлар байрамларини хурсандчилик билан ўтказа олмайдилар. Бунинг нимаси ёмон?"